21:03 / 31.07.2024
464

Қозоқлар Дўсматовни енгиш йўлини қидиряпти...

Қозоқлар Дўсматовни енгиш йўлини қидиряпти...
Париждаги Олимпия ўйинлари ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари учун муваффақиятли давом этмоқда. Боксчиларимиз бирин-кетин дастлабки учрашувларини ўз фойдасига ҳал қилиб бормоқда.

Ўзбекистон қатори жаҳонда етакчилардан саналувчи Қозоғистон терма жамоаси кутилмаган йўқотишларга дуч келди. Парижда чемпионлик ва медаллар учун курашиши кутилган Асланбек Шимбергенов, Қамшибек Кункабаев ва Маҳмуд Собирхон каби етакчи боксчилар биринчи жангларидаёқ ўртамиёна рақибларга имкониятни бой бериб қўйди.

Қозоғистонликлар энди Сакен Бибоссиновга катта умид боғлаяпти. Бу боксчи дастлабки баҳсда зафар қучди ва ярим финал йўлланмаси учун бўлажак жангда ашаддий рақиби Ҳасанбой Дўсматовга рўбарў келади.

Қозоғистон бокси вакилларининг Бибоссинов ва Дўсматов тўқнашувига оид фикрларини ҳавола этамиз.

Сакен Бибоссинов, Олимпиададан олдин шундай деган эди:
Бу менинг иккинчи Олимпиадам. Токиодан фарқли равишда Парижга тажрибалироқ боксчи сифатида бораман. Хато ва камчиликлардан хулоса чиқариб, муваффақиятли қатнашишга ҳаракат қиламан. Олимпиада олтин медали – азалий орзум.

Ҳасанбой Дўсматовга келсак, у менинг ашаддий рақибларимдан биридир. Агар Парижда йўлимиз кесишса, албатта, бу жангга алоҳида тактика танланади.

Оразбек Асилқулов, қозоғистонлик боксчи:
Бу гал Сакен ютади, - деб ўйлайман. Чунки ёш ўтиб бораётгани ўз таъсирини кўрсатади. Ҳасанбой профессионал боксдан қайтди. Тошкентдаги жаҳон чемпионатида Сакеннинг омади келмаган эди. Парижда Бибоссинов ғалаба қозонади.

Марат Мазимбаев, профессионал бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони:
Дўсматов икки карра Олимпия чемпиони бўлишни истайди. Сакен ҳам Олимпиадага олтин медаль орзусида борган. Ҳаммаси Сакеннинг қўлида. У айрим устунликларидан фойдаланиб, рақибни масофада ушлаши ва ўзига яқинлаштирмаслиги керак. Шундай қилиб, Дўсматовни ютса бўлади.

Турсунгали Едилов, Қозоғистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи:
Ҳар икки жангчи бир бирини жуда яхши билади. Улар Париждаги дастлабки жангларини юқори даражада ўтказди. Менга Сакен муштлашувга киришиб кетмасдан, техникасини ишга солган ҳолда ақл билан бокс тушгани ёқди. Дўсматов эса, жуда салоҳиятли рақибдан устун келди. Ҳар иккиси ҳам ўзаро тўқнашув олдидан қизишиб олди ва жангга тайёр. Шунинг учун ҳам жанг томошабинлар учун жуда қизиқарли, боксчилар учун ўта оғир бўлади.

Сакен Ҳасанбойни қандай енгишни билади. Тўғри, у фақат бир маротаба, уч йил олдин ғалаба қозонган ва кейин икки маротаба ютқазган. У ўша мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқарган бўлиши ва бўй-бастидаги устунликдан унумли фойдаланиши керак.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам муштлашувга берилиб кетмаслик шарт. Бунақада имкон қолмайди. Масофадан туриб, вазият бўлганда қарши ҳужум уюштириш керак. Бунақа жангда кўп нарсани кичик ньюанслар ҳал қилади. Зўр боксчиларнинг ўзаро баҳсида доим шундай бўлган. Кимнинг жисмоний тайёргарлиги пухта, учинчи раундга кучни сақлаган ҳолда кириб келса, мураккаб вазиятларни енгиб ўтса, ана ўша ғалаба қозонади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов ва Сакен Бибоссинов уч маротаба ўзаро тўқнаш келган. 2021 йилги илк тўқнашувда қозоқ боксчисининг қўли баланд келган. Кейинчалик 2022 ва 2023 йилги жангларда Ҳасанбой Дўсматов ғалаба қозониб, умумий ҳисобда олдинга чиқиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қозоқлар Дўсматовни енгиш йўлини қидиряпти...