
ЖЧ-2026 саралаш босқичининг якунловчи тури арафасида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе ва жамоа сардори Элдор Шомуродов журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Мазкур матбуот анжуманида эртага бўлиб ўтадиган муҳим Қатарга қарши тўқнашув ҳақида муҳим баёнотлар берилди.
Темур Кападзенинг баёноти:
— Аввало, барчамизни саралаш босқичидаги сўнгги ғалабамиз билан табриклайман. Энди эса олдиндаги навбатдаги масъулиятли беллашув – Қатарга қарши учрашув турибди. Бу ўйинда ҳам ўзимизни энг яхши тарафдан кўрсатиб, саралашни юқори руҳда якунлашга ҳаракат қиламиз.
— Жамоа ичида кайфият кўтаринки, ўйинчилар ғалабага чанқоқ. Жароҳатлар ҳар бир жамоада бўлиши табиий ҳол, лекин биз бунга тайёрмиз. Остон Ўрунов эртанги учрашувда иштирок этмайди. Отабек Шукуровда кичик жароҳат бор — у билан маслаҳатлашиб, майдонга тушиш-тушмаслиги борасида қарор қабул қиламиз. Эртанги беллашувда бу омиллар жиддий таъсир қилмаслигига умид қиламиз.
— Жаҳон чемпионати сари йўлда биз ўзимизга керакли натижани қўлга киритдик. Бироқ бу билан қаноатланиб тўхтаб қолиш йўқ – ҳар бир ўйинда жиддий босим ва масъулият бор. Қатарга қарши ўйин ҳам шундай бўлади, аммо биз ғалаба билан мухлисларимизни хурсанд қилишни истаймиз.
— Жамоавий схема ва тактика сўнгги йилларда барқарор равишда шаклланди. Айрим нуқталарга тузатишлар киритдик, ўйин сифати ортиб бормоқда. Жамоа фаоллиги ва интизоми орқали мураккаб вазиятлардан чиқиб кета олди.
— Қатарга қарши сўнгги учрашувларда биз муваффақиятсизликка учраганмиз — буни ёддан чиқармаймиз. Бироқ бугунги терма жамоа ўша пайтдаги жамоадан анча кучли, тажрибали ва иштиёқли. Бу сафар тарихни ўзгартириш учун майдонга тушамиз.
— БААга қарши ўйинда қандай бўлмасин ғалаба қозонишимиз керак эди. Дуранг натижа ҳам бизни қониқтирарди, шу боис ўйинда чиройли футбол кўрсата олмаганмиз. Айни пайтда ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этмоқдамиз. Кейинги ўйинларда услубни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз, эҳтимол, янги футболчиларни ҳам кашф этамиз.
— Мен терма жамоада ўйнаган вақтларимда Қатарга қарши катта қийинчилик бўлмаган. Осиё Кубоги ва саралашнинг 3-босқичида ҳам яхши ўйин кўрсатганмиз, аммо бир оз омад етишмагани сабабли мағлуб бўлдик деб ўйлайман.
— Сречко Катанец билан кўп бор учрашганман. У билан муносабатларимиз яхши. Жаҳон чемпионати йўлланмасида унинг ҳам ҳиссаси катта. Учрашганимизда уни ҳам мундиал йўлланмаси билан табрикладим.
Шомуродов фикрлари:
— Ўзбекистон халқини ғалаба билан табриклайман. Стадионга келадиган мухлисларни чиройли ўйин билан қувонтиришга ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш — катта ютуқ, бироқ ҳали байрам қилишга улгурмадик.
— Эртага муҳим баҳс олдинда турибди. Мухлислар олдида майдонга тушамиз ва улар биздан ғалаба кутишади. Шунинг учун ғалаба қозониб, халқимизга қўшалоқ байрам улашишга интиламиз. Эртага гол ургудек бўлсам, уни қандай нишонлашим ҳақида ҳали қарор қабул қилганим йўқ.
— Биз ҳар бир баҳсда бор кучимизни беришга интилганмиз. Қатарга қарши баҳсда ғалаба билан ўзимиз учун янги саҳифа очишни истаймиз. Жамоада ўзаро ишонч ва ягона мақсад бор — бу эса муваффақиятнинг энг муҳим калитидир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар