Ўта енгил вазн (61 кг) тоифасидаги UFC чемпиони Мераб Двалишвилининг мураббийи Жон Вуд шогирдининг россиялик Умар Нурмагомедовга қарши эҳтимолий реванши ҳақида кескин баёнот берди. Унга кўра, бу сафар баҳс ҳакамлар қароригача етмайди.
Вуд “Submission Radio” YouTube каналига берган интервьюсида шундай деди:
“Менимча, реваншда Мераб Умарни йўқ қилади. Бу сафар Нурмагомедовга жуда қийин бўлади. Илк тўқнашувда Мераб касал ва майда жароҳатлар билан октагонга кирганди, барибир ғалаба қозонди. Реваншда эса финишни кўрамиз.”
Эслатиб ўтамиз, Двалишвили — Нурмагомедов жанги “UFC 311” турнирида кечган ва у ерда грузиялик жангчи ҳакамларнинг якдил қарори билан зафар қучганди. Вуднинг таъкидлашича, ўша кечада Мераб ўзининг тўлиқ салоҳиятини намойиш эта олмаган, шу боис иккинчи учрашувда у юқори темп, тинимсиз босим ва ҳаракатланиш ҳисобига ёрқин ғалаба (финиш)га интилмоқчи.
Шу билан бирга, Умар Нурмагомедов техникаси серқирра ва тайёргарлиги мукаммал жангчи сифатида ҳурматга сазовор экани, потенциал реванш эса дивизион тепасидаги вазиятни янада қиздириши айтилаётир. Ҳозирча UFC томонидан бу жангга оид расмий тасдиқ ёки саналар эълон қилингани йўқ, бироқ томонлар атрофидаги муҳокамалар мухлислар қизиқишини янада ошириб қўйди.
Мухлислар учун хулоса бир: агар реванш ташкил этилса, октагонда юқори интенсивлик, қайноқ клинчлар ва таъқибли партерда том маънодаги “шиддатли” кечани кутиш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!