Бавария юлдузи Леннарт Карл ўз кумирлари ва Лионель Месси ҳақида гапирди

Бавария клубининг ёш иқтидори Леннарт Карл ўзининг ривожланиш йўлида ўрнак бўлаётган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтди. Ёш ярим ҳимоячи учун Мюнхен клубидаги учта жамоадоши — Майкл Олисе, Джошуа Киммич ва Гарри Кейн асосий намуна вазифасини ўтамоқда. Карлнинг таъкидлашича, айнан ушбу юлдузларнинг ўйин услуби ва ишга бўлган муносабати унинг келажакдаги мақсадларини белгилаб беради. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Леннарт Карл айниқса Майкл Олисе ўйинидан завқ олишини яширмади. "Майкл Олисе мен учун алоҳида футболчи, у ҳам чап оёқда ҳаракат қилади ва майдонда мен каби позицияларни эгаллайди. Унинг тўп билан муомаласи ва хотиржамлигидан ўрганадиган жиҳатларим жуда кўп", — дейди 18 ёшли футболчи Бавария клубининг расмий нашрига берган интервюсида.
Шунингдек, Карл Германия терма жамоаси сардори Джошуа Киммич ва Англия терма жамоаси етакчиси Гарри Кейн каби профессионалларнинг машғулотлардаги интизомини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ушбу футболчиларнинг спорт залидаги меҳнатсеварлиги ва кун тартибига жиддий ёндашиши ҳар қандай ёш ўйинчи учун катта дарсдир.
Бироқ, Леннарт Карл учун энг асосий кумир барибир Лионель Месси бўлиб қолмоқда. Қизиқарли жиҳати шундаки, ёш футболчи ўйинлар вақтида Лионель Месси тасвири туширилган ҳимоя воситасидан (шит) фойдаланади. "Ҳа, чап оёғимдаги шитда Месси бор. Футбол ўйнашни бошлаганимдан бери у мен учун идеал — чап оёқ, паст бўй ва тўп билан ақлбовар қилмас ҳаракатлар", — дея тушунтирди Карл.
Эндиликда ёш иқтидор эгаси Юлиан Нагельсманн бошчилигидаги Германия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатишни мақсад қилган. Гуруҳ босқичида немислар Кюрасао, Кот-дъИвуар ва Эквадор терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Карл ушбу турнир орқали ўзининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш ниятида.





























Изоҳлар 0
…