"Локомотив" ПФК шифокори Аброр Пирриев билан тез-тез турли мавзуларда суҳбат қуриб турамиз. Бир неча йил олдин чемпионатимиз куз-баҳор тизимига ўтиши керак, деган фикр илгари сурилган, лекин бу гапга ўшанда кўпчилик диққат қилмаганди. Яқинда ўзаро суҳбатларнинг бирида бу мавзу яна кўтарилди. Аброр Пирриев шифокор эмасми, футболчилар ҳолатини ҳаммамиздан яхши билади. Шу боис у профессионал шифокорга хос тарзда чемпионатимиз куз-баҳорга ўтиши керак дея дадил гапирди.
Унинг фикрича, биз янада чиройли футбол кўришни, клубларимиз ва терма жамоаларимиз халқаро майдонда яхши натижа кўрсатишини хоҳласак, чемпионат форматини ўзгартиришимиз керак. Шундан сўнг менда баъзи саволлар туғилди ва якунда ушбу интервью юзага келди.
- Ўзбекистонда футбол мавсуми куз-баҳор тизимига ўтиши керак, деган фикрни айтяпсиз. Бу форматнинг бизга фойдаси тегади, деб ўйлайсизми?
- Ҳа албатта, бу формат футболимиз учун анча наф беради.
- Айнан қайси жиҳатларни санаб ўтган бўлардингиз?
- Биринчидан, футболчиларимиз жисмоний ҳолатини яхши ҳолатда ушлаб туриш учун имконият яхшиланади. Бугунги кунда футболчиларимиз нимжон бўлиб бораётгани, жисмоний ҳолати яхши эмаслиги ҳақида гаплар бот-бот қулоққа чалинади. Аммо буни яхшилаш учун нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ таклифларни кам эшитамиз.
Шифокор сифатида футболчилар жисмоний ҳолатига таъсир қилувчи бир қанча омилларни санаб ўтишим мумкин, аммо қисқа қилиб, буни ижобий томонга ўзгартириш учун асосий қадам айнан чемпионатни куз-баҳор тизимига ўтказиш деб ҳисоблайман.
Ҳозирги форматда чемпионатимизнинг асосий қисми жазирамага тўғри келяпти. Бир-икки жамоани ҳисобга олмаганда ҳеч ким ёзда прожектор ёқиб машғулот ўтказмайди, машғулотлар куннинг иссиқ вақтида ўтади. Футболчилар оладиган юкламалар ўзингизга аён. Иссиқ иқлимдаги тиғиз машғулотлар ва ўйинлар пайтида жуда кўп энергия йўқотилади, унинг ўрнини қоплаш эса амри-маҳол, айниқса, бизнинг клублардаги витаминизация даражаси билан.
Жазирамадаги юкламадан сўнг толиққан организмни ўзига келтириш мушкул масала, боз устига бундай ҳолатда иштаҳаси йўқ футболчи анча вақтгача суюқлик ичишдан нарига ўтмайди. Гап фақат толиқишда эмас, иссиқ иқлимдаги юкламалар инсоннинг асосий аъзоси – юрак ва жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. 2-3та ўйинни амаллаш мумкин, аммо жазирамада қаторасига давом этувчи ўйинлар хоҳлаймизми-йўқми футболчи организмига таъсир ўтказмай қўймайди. Нисбатан салқин об-ҳавода организм юкламани яхши қабул қилади, наф кўпроқ бўлади ва тикланиш жараёнига кам вақт сарфлайди. Мўътадил иқлимдаги юкламалар футболчи тинкасини қуритмайди, балки жисмоний ҳолат яхшиланишига туртки бўла олади. Қолаверса тикланиш жараёни яхши кечади.
Иккинчидан, ноябрь охирида тугаган чемпионатнинг мартда бошланишини кутавериб футболчи-ю мураббийлар чарчаб кетади. Бизда қишки танаффус жуда узоқ муддат давом этади – 3 ой. Боз устига айрим клублар жамоасини декабрь охирида йиғиб олади. Мартгача югуравериб чарчаган жамоа чемпионат бошланишини шунчалар кутади-ки, ўша кун етиб келганда иштиёқ анча сўнган бўлади, ҳатто футболдан бироз чарчайди ҳам. Ёмон томони давралар орасидаги муддат жуда кам. Бу дегани биринчи даврадан сўнг 5-6 кун дам олган жамоа қисқа муддатли йиғин ўтаб, тағин иккинчи даврага киришиб кетамиз. Ваҳолангки, жисмоний ҳолатни меъёрида ушлаб туриш учун давралар оралиғидаги таътил ва йиғин муддатининг етарли бўлиши жуда муҳим омил.
Учинчидан, биласиз ОЧЛ ўйинлари февраль, ФИФА кунлари эса март ойидаёқ бошланади. Юртимиз футболини халқаро аренада кўз-кўз қилувчи бу икки муҳим мусобақада иштирок этиши керак бўлган клубларимиз футболчилари эндигина йиғиндан чиқиб, ўйин амалиёти тизгинини ушлай олмаган пайт бўлади. Боз устига узоқ кутилган чемпионат 1-2 турдан сўнг тағин танаффусга чиқади.
Яна бир эътиборли жиҳат. Куз-баҳор тизимига ўтилса, ёш футболчилар мусобақалари ҳам шунга қараб мослашади ва бунинг ҳам бир қатор ижобий томонлари бор. Бу эса алоҳида мавзу...
Хуллас, чемпионатимизнинг куз-баҳор тизимига ўтиши футболимиз жозибадорлигини оширади деб ўйлайман. Ўйин тезлашади, темп ошади. Салқинроқ шароитда футболчи организми яйраб ишлайди, нисбатан тез тикланади, яхши жисмоний формада туради, томошабоп ўйинлар кўпаяди.
- Ўзбекистон мустақил чемпионати йўлга қўйилганидан бери (1992) баҳор-куз тизими бўйича ўйнаб келяпмиз. Нимага сиз айтган форматга илгари ўтилмаган, деб ўйлайсиз?
- Чунки бунга зарурият туғилмаган. Негаки бутун чемпионат фақат терма жамоалар учун ишлаган. Хоҳлаган пайт футболчиларни йиғишган, ФИФА куними-йўқми исталган муддатда йиғин ташкил этилган. Бундай ҳолатда чемпионат қандай форматда бўлиши муҳим эмас. Энди эса эски ҳақиқат ойдинлашди ва эътибор қаратиляпти-ки, миллий чемпионатни кучайтирмас эканмиз, терма жамоаларимиз оқсашда давом этаверади. Шу боис чемпионатимиз қанча савияли бўлса, уни ўтказишда жаҳон футболидаги тизим ила ҳамнафас бўлсак, мақсадга эришиш йўли осонроқ кечади. Куз-баҳор тизимига ўтиш – шундай йўналишлардан биридир.
- Куз-баҳор тизимига ўтамиз ҳам дейлик. Бунда миллий чемпионатни қай шаклда кўряпсиз? Яъни мавсум қачон бошланиб, қачон ўз ниҳоясига етади?
- Суперлига ўйинлари ҳар йил 15 августда бошланиб, 1-давра 15 декабрда якунига етади. Шундан кейин икки ойлик қишки танаффус: таътил ва йиғинлар. Иккинчи давра 15 февралдан 15 июнгача давом этади. Яна 2 ойлик ёзги танаффус: таътил ва йиғинлар. Қарабсизки, ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг қаҳратонини четлаб ўтамиз, жисмоний тайёргарлик ва уни меъёрда ушлаб туришга шароит яратилади, шунингдек, халқаро мусобақаларга шай туришимиз нисбатан яхши позицияда бўлади.
- Сизнингча, баҳор-куз тизимидан куз-баҳор тизимига ўтиш қандай рўй бериши керак? Бу формат учун майдонларимиз ҳолати жавоб берадими?
- Эътибор берган бўлсангиз, мен айтган куз-баҳор тизимида чемпионат тугаши ва бошланиши бор-йўғи 15 кунга сурилади. Бу катта фарқ эмас. Шу боис форматни ўзгартириш учун алоҳида катта тайёргарлик шарт эмас. Шунчаки навбатдаги мавсумни юқорида айтиб ўтганимдек, 15 февралдан бошлаш кифоя. Энди майдонлар масаласига келсак, ҳозир кўп стадионларда майдон сифати анча яхшиланган. Боз устига олдинги қаҳратон совуқ, юриб бўлмас қорлар йўқ ҳозир, борган сари иқлим исиб бормоқда. 15 кунлик тафовут – жуда катта фарқ эмас. Форматга қараб майдонни парваришлай олиш имкониятлари ҳам мавжуд.
Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди