2000 йиллик кашфиёт олимларни ҳайратда қолдирди

Археологлар Амазонка чангалзорларида илм-фанга аввал номаълум бўлган қадимий цивилизация изларини аниқлади. Улкан мегаполис ўн минглаб квадрат километрга чўзилган бўлиб, у испанлар, асттеклар ва майя цивилизациялари пайдо бўлишидан анча олдин вужудга келган. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Олимлар Боливия дарё водийсидаги қалин ўрмонлар остида қадимий иншоотлар борлигини анчадан бери тахмин қилиб келган. Бироқ ҳудуднинг мураккаблиги сабабли бу ерни тўлиқ ўрганиш қийин бўлган. Самолётдан олинган тасвирларда ҳам фақат яшил ўрмон кўринган.
2025 йилда Боливия, Эквадор ва АҚШ олимлари махсус лазерли сканер — лидар ёрдамида ҳудудни текширди. Натижада дарахтлар остида қадимий аҳоли манзилгоҳлари қолдиқлари аниқланди.
Энг йирик аҳоли пункти 300 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бу 400 дан ортиқ футбол майдонига тенг. 2026 йилда бошланган қазишмалар давомида баландлиги 20 метрдан ортиқ пирамидалар, жамоат бинолари ва уйлар топилди. Улар баландлиги 5 метргача бўлган сунъий тепаликлар устига қурилган.
Шунингдек, геометрик жиҳатдан аниқ қурилган ариқлар ва қишлоқларни ўзаро боғлаган йўллар тармоғи ҳам аниқланди. Олимлар бу жойларни қадимий Нью-Йоркка ўхшатмоқда. Барча бинолар ва йўллар шимоли-ғарб томонга қараб қурилгани уларнинг ўзига хос дини ва дунёқараши бўлганини кўрсатади.
Бу кашфиёт Амазонка ўрмонларида яшаш мумкин эмас, деган қарашларни тубдан ўзгартирди. Текширувлар айрим иншоотлар ёши икки минг йилдан ошишини кўрсатган. Ўша даврда майя, асттек ва инклар ҳали бундай тараққиёт даражасига етмаган эди.
Шу каби яна бир йирик шаҳар Эквадорда ҳам аниқланган. У ерда ҳам тепаликлар устига қурилган уйлар ва 25 километрлик текис йўллар топилган. Олимларнинг ҳисоблашича, бу ҳудудда 15 мингдан 100 минг нафаргача одам яшаган бўлиши мумкин.
Шу тариқа, олимлар бир аср аввал бедарак йўқолган британиялик тадқиқотчи Перси Фосеттнинг назариясини тасдиқлади. У айнан шу ҳудудларда Рим ва Грецияга тенг келадиган улкан цивилизация бўлганига ишонган эди. Сўнгги кашфиётлар эса унинг ҳақ бўлганини кўрсатмоқда.





























Изоҳлар 0
…