Филларнинг ўзига хос “тарбия усули” ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда

Ижтимоий тармоқларда тарқалган навбатдаги видео миллионлаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди. Унда она фил боласини мулойимлик билан олдинга ундаб, уни бошқа бир катта фил олдига саломлашиш учун юбораётгани акс этган.
Видеодаги ҳолат кўпчиликка инсонлар орасидаги одоб-ахлоқ ва тарбия анъаналарини эслатди. Айрим фойдаланувчилар ҳазил тариқасида фил болалари ҳам онасининг дугоналари билан кўришиб юришга мажбур эканини ёзмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат тасодифий эмас. Филлар пода ичидаги ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни шакллантириш учун ёш авлодни болаликдан катта филлар билан мулоқот қилишга ўргатади.
Олимлар филлар дунёдаги энг ижтимоий ва ақлли ҳайвонлардан бири эканини таъкидлайди. Улар оила аъзоларини танийди, бир-бирига ғамхўрлик қилади ва мураккаб ҳиссиётларни намоён эта олади. Шу сабабли бундай "саломлашиш маросимлари" пода ичидаги бирдамликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.





























Изоҳлар 0
…