АҚШда кўча пойгаси уюштираётган ўзбекистонликлар қўлга олинди

АҚШнинг Оҳайо штатида ноқонуний кўча пойгаларига қарши ўтказилган рейд давомида бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинди. Ҳодиса Цинциннати шаҳридаги машҳур “Пейкор” стадиони атрофида содир бўлган.
Маҳаллий WCPO нашри тарқатган маълумотларга кўра, стадион хавфсизлик хизмати ярим тунда ҳудудда автомобиллар иштирокида хавфли манёврлар ва ноқонуний пойгалар ўтказилаётгани ҳақида полицияга хабар берган.
Воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олти нафар шахсни қўлга олган. Суд материалларида уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани қайд этилган.
Тергов маълумотларига кўра, 28 ёшли Темур Нурматов ноқонуний драг-пойга ташкил қилиш ва хусусий мулк ҳудудига рухсатсиз киришда айбланмоқда. Айтилишича, у Ford Mustang автомобилида хавфли ҳаракатлар қилиб, ғилдиракларни айлантириш орқали асфальтда махсус излар қолдирган.
Полициянинг дронлар бўлинмаси уни қарийб ярим соат давомида кузатгани маълум қилинди.
Шунингдек, 19 ёшли Мадина Эсенова, 23 ёшли Бекдилло Ҳамидуллаев, 21 ёшли Дилмурод Нурматов, 28 ёшли Аҳмаджон Валиев ва 23 ёшли Мумтозахон Забурова ҳам стадион ҳудудига ноқонуний кирганликда гумон қилинмоқда.
Тезкор тадбирлар давомида бешта автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари стадион дарвозаси атрофида хавфли айлана ҳаракатлар натижасида қолган кўплаб изларни ҳам аниқлаган.
Мазкур воқеа шаҳар раҳбариятининг ҳам эътиборини тортди. Ҳодисадан бир неча соат ўтиб, Цинциннати шаҳар кенгашининг Жамоат хавфсизлиги қўмитаси ноқонуний кўча пойгаларига қарши янги қатъий чораларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини маъқуллади.
Таклифга кўра, бундай пойгаларда иштирок этган шахслар биринчи марта қоидабузарлик содир этса 1 250 доллар, такрорий ҳолатларда эса 2 500 долларгача жаримага тортилиши мумкин. Бундан ташқари, қоидабузарликка алоқадор автомобилларни олти ойгача мусодара қилиш ҳам режалаштирилмоқда.





























Изоҳлар 0
…