Бир оғиз латифа сабабли турк миллиардери терговга тортилди

Туркиянинг Измир шаҳри Бош прокуратураси курдлар ҳақида ҳазил айтган тадбиркор P.K.га нисбатан расмий тергов бошлаганини маълум қилди.
Прокуратура матбуот хизмати тарқатган баёнотга кўра, тадбиркорнинг айтган гаплари юзасидан Туркия Жиноят кодексининг 216-моддаси доирасида иш қўзғатилган. Ушбу модда аҳолининг муайян қатламини ижтимоий келиб чиқиши, ирқи, дини, мазҳаби, жинси ёки ҳудудий фарқлари асосида оммавий тарзда ҳақорат қилиш ҳолатларини қамраб олади.
“Haberler” нашри хабар беришича, мазкур воқеа Туркиянинг энг йирик саноат гуруҳларидан бири ҳисобланган “Koç Holding” конгломератининг фахрий раиси Мустафо Раҳми Коч билан боғлиқ. У Измирнинг Балчова туманида жойлашган шифохонанинг очилиш маросимида курд аёли ҳақида латифа айтиб берган.
Маълум қилинишича, ҳазил мазмуни аёл жинси ва курд миллатига мансублик, шунингдек, тиббий махфийлик мавзулари билан боғлиқ бўлган.
Тадбирдаги нутқдан олинган видео ижтимоий тармоқларда тез суръатларда тарқалиб, жамоатчилик ҳамда сиёсий доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кескин танқидлардан сўнг Мустафо Раҳми Коч ўз чиқишида ҳеч кимни ранжитиш ёки ҳақорат қилиш мақсадини кўзламаганини таъкидлаб, жамоатчиликдан узр сўради.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар фақат тадбиркорнинг ўзи билан чекланиб қолмади. Тадбирда қатнашган Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдирим ҳам танқидлар марказида қолди. Фойдаланувчилар Коч нутқ сўзлаётган вақтда Йилдиримнинг кулиб тургани акс этган кадрларга алоҳида эътибор қаратди.
Мустафо Раҳми Кочнинг чиқишига Туркия Адлия вазири Акин Гурлек ҳам муносабат билдирди.
“Адолат мезони инсоннинг бойлиги, лавозими ёки жамиятдаги мақомига қараб ўзгармайди. Бундай сўзларнинг ҳазил ёки юмор кўринишида айтилгани аёлларимиз ва жамиятимизнинг муайян қатламига нисбатан қилинган бу ноўрин муносабатни оқламайди”, дея ёзди вазир ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вакили Ўмер Челик ҳам бу масала юзасидан фикр билдириб, эътиқод, этник келиб чиқиш, маданий мансублик, шахсий ўзлик ёки жинс асосида камситиш ва ҳақорат қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
“Koç Holding” расмий маълумотларига кўра, мазкур конгломерат Туркия иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Компаниянинг асосий фаолият йўналишлари энергетика, автомобиль саноати, истеъмол маҳсулотлари ҳамда молия соҳаларини қамраб олади. Холдингнинг умумий даромади мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 7 фоизига тенг бўлса, экспортдаги улуши қарийб 8 фоизни ташкил этади.





























Изоҳлар 0
…