
Фото: MARIA PANTYUKHINA/TASS
Россиянинг уч региони - Белгород, Курск ва Воронеж областлари расмийлари чоршанбага ўтар кечаси рўй берган портлашлар ҳақида хабар берган, ФХХ эса Белгород областидаги транспорт инфратузилмалари объектларига диверсия уюштиришга тайёрланган икки нафар россиялик қўлга олинганини маълум қилди.
Белгород
Портлашлар ҳақидаги биринчи бўлиб Белгород губернатори Вячеслав Гладков хабар берди, у «тахминан соат 3:35 атрофида портлашникига ўхшаш кучли овоздан уйғониб кетгани» ҳақида ёзди.
«Дастлабки маълумотларга кўра, Эски Нелидовка қишлоғи яқинида ўқ-дорилар омбори ёнмоқда. Турар жой бинолари, уйлар вайрон бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Тинч аҳоли орасида жабрланувчилар йўқ», дея ёзган у телеграм каналида.
27 апрел куни воқеа жойида бўлган РИА Новости мухбири қишлоқдаги ёнғин ўчирилганини хабар қилди.
Старая Нелидовка Белгород шаҳри атрофидан Украина билан чегара томон йўналишда 10 км масофада жойлашган. Белгород областида бунга қадар ҳам портлашлар кузатилганди. Расмийлар Украина ҳудудидан учиб келган снарядлар Журавлевка қишлоғида портлагани ҳақида хабар беришган.
29 март куни губернатор Қизил Октябр қишлоғида ўқ-дори омборидаги ёнғиндан кейин портлашлар рўй бергани ҳақида хабар қилганди. 1 апрел тонгида у Белгороддаги нефтбазада украинларнинг икки жанговар вертолёти зарбаларидан кейин йирик ёнғин рўй берганини хабар қилди. Россия мудофаа вазирлиги Украинани базага ҳужум қилишда айблаган. Киев бу ҳужум учун масъулиятни расман ўз зиммасига олмаган.
Курск
Портлашлар ҳақидаги кейинги хабар Курск области губернатори Роман Старовойт томонидан берилди. «Бугун тунда, соат 2:45 да, Курскда яшовчилар кучли овозларни эшитишди. Ҳодиса тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. Қурбонлар ва вайронгарчиликлар йўқ», дея ёзди у телеграм-каналида.
Кейинроқ у Курск области осмонида украинларнинг учувчисиз учиг қурилмаси тўхтатилгани ҳақида хабар қилди: «Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз панд бермади, тезкор ва самарали ҳаракат қилинди. Ҳеч ким жабрланмаган, вайронгарчиликлар йўқ».
Икки кун муқаддам курскликлар губернатори Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Боровское қишлоғида украинларнинг икки дрони уриб туширилганини маълум қилганди, март ойи бошида эса Теткино посёлкасида қисқа туташув туфайли ҳарбий машина портлаб кетгани хабар қилинган - уни шакар заводи ҳудудида таъмирлашаётганди. Россия нашрлари Курск области ҳудудидаги портлашлар ҳақида бошқа хабар беришмаган.

Воронеж
Воронеж губернатори Александр Гусев учинчи бўлди. Тонгда у телеграм-каналида унинг областида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «кичик ўлчамдаги разведкачи дрон аниқлангани ва уриб туширилгани»ни хабар қилди. Гусевннг баёнотидан, Воронежда ҳам, аввалги икки ҳолатдаги каби, ҳеч ким жабрланмагани айтилган.
«[Воронеж]нинг Шилово районида икки марта кучли овоз эшитилди», - деган ТАСС мухбирига маҳаллий маъмурият ходими.
Маҳаллий аҳоли вакиллари ижтимоий тармоқларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими соат 04:40 атрофида ишлай бошлагани ҳақида ёзишган. ТАСС хабарига кўра, икки марта самолётлар ҳавога кўтарилган, Шилово Балтимор ҳарбий аэродроми яқинида жойлашган. Бу ердан Украина билан чегарагача 180 километр атрофида.
Шу вақтгача Воронеж областидан Украинага қарши уруш билан боғлиқ ҳодисалар рўй бергани ҳақида хабарлар келиб тушмаганди. Аммо областнинг чегарадаги икки районида террорчилик хавфининг юқори даражаси эълон қилинган. Шу каби қарорлар Белгород, Курск ва Брянск областларида ҳам қабул қилинган.
Брянск областида уч кун муқаддам «Транснефт» нефтбазасида кучли ёнғин юзага келди. Ёнғин сабаблари ҳақида расман маълум қилинмаган. Маҳаллий аҳоли икки портлаш ҳақида айтган, айрим манбаларда бу ёнғин украин дронлари ҳужумлари оқибатида рўй бергани айтилган.
Чоршанба куни Россия тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин «Украина қуролли кучларининг Курск ва Воронеж областлари ҳудудларидаги ноқонуний ҳаракатлари фактларини ҳужжатлаштириш»га кўрсатма берган.
Украина
Украина ҳукумати Россия ҳудудига дронлар учирилгани ва ўқ-дори омборларидаги портлашлар бўйича маълумот бермаган. Бу борада Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк норасмий шаклда изоҳ берди.
«Белгород, Воронеж, Курск областлари ҳам энди «демилитаризация» тушунчасини фаол ўрганишни бошламоқда. Қуролсизлантириш. Россиянинг бу областларида тез-тез РФ армияси зирҳли машиналарини ёнилғи билан таъминловчи йирик базалар ёниб кетмоқда ва ўқ-дори омборхоналари портламоқда. Турли сабабларга кўра.
Буни қандай тушунтириш мумкин? Жуда оддий. Агар сиз (россияликлар) бошқа давлатга оммавий ҳужум қилишга, у ердаги барчани оммавий равишда ўлдиришга, тинч аҳолини танклар билан тор-мор этишга ва қотилликларни таъминлаш учун ҳудудларингиздаги омборлардан фойдаланишга қарор қилсангиз, эртами-кечми бунинг бадалини тўлаш керак бўлади. Россия ҳарбийларининг Украинадаги бундай интенсив ва кенг кўламли босқини панада қолмайди. Ва шунинг учун қотилларнинг Белгород-Воронеждаги омборлари қуролсизланиши — мутлақо табиий жараёндир. Карма шафқат билмайди.
Яна такрор айтаман: чегара ҳудудларидаги ҳарбий инфратузилмаларнинг вайрон қилиниши турли сабабларга кўра бўлиши мумкин. Муқаддас ҳафта давомида Украинанинг Мариуполида одамларни оммавий ўлдирган гуноҳкорларнинг ишларига илоҳий аралашувгача…», дея ёзган у телеграм-каналида.
Михаил Подоляк 27 апрел куни кечқурун твиттер саҳифасида бундан кейин Россиянинг Украина билан чегарадаги объектлари портлаши кўпроқ бўлишидан огоҳлантирди. «Можаронинг бундай интенсивлиги Россиянинг чегарадош ҳудудларида ҳам акс этиши тайин. У ерда ваҳима кайфияти кучаяди, омборхоналар портлайди», — деган у.
У 28 апрел куни твиттерида Украина ҳар қандай йўл билан ҳимояланишни айтиб ўтди.
«АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина Россиянинг ҳарбий объектларига зарба бериш-бермаслик бўйича ўзи қарор қилиши кераклигини айтди. Россия Украинага ҳужум қилиб, тинч аҳолини ўлдирмоқда. Украина ҳар қандай йўл билан, жумладан, россиялик қотилларнинг омборхоналари ва базаларига ҳужумлар қилиш воситасида ҳимояланади. Дунё бу ҳуқуқни тан олади», — дея ёзган Подоляк твиттер саҳифасида.
ФСБ
Россия ҳудудларида портлашлар, дронлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани фонида Россия Федерал хавфсизлик хизмати чоршанба куни гўёки Белгород областидаги «транспорт инфратузилмаси объектларидан бирида» қўпорувчилик ҳаракати содир этишга тайёрланган икки россиялик қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Махсус хизмат уларни «украин нацизми тарафдорлари» деб атаган.
Махсус хизмат қўлга олинганларнинг сўроқ қилиниши жараёни акс этган видеони намойиш этган. Улар айтган сўзлар сўроқ баённомаларида ёзилган сўзларни эслатади.
«Мен ҳарбий эшелонлар қайси йўлларда ҳаракатланишини билиш учун темирйўлни кузатдим. Шунингдек, йўлнинг тузилиши ва уни яроқсиз ҳолатга келтириш усулларини ўргандим», дейди улардан бири. Иккинчиси эса улар гўёки «винтларни бураб, маҳкамлагичларни юмшатиш орқали темирйўлга зарар келтириш»ни режалаштиришгани ҳақида айтади. «Бу ҳаракатларнинг барчаси интернетда маълумот тарқатиш орқали оммага ошкор этилиши лозим», дейди видеода гапирган махсус хизмат ходими.
Апрел ойи бошида Беларусда ўнлаб темирйўлчилар саботаж фаолияти учун қўлга олинган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди. Улар март ойи давомида Россия ҳарбий техникалари ташилган темирйўлларни ишдан чиқариш ва россиялик ҳарбийлар таъминотига зарба бериш била шуғуллангани айтилади. Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам «рельс уруши» олиб боришга чақирган.
ФСБ Белгород областида қўлга олинган шахсларни украинларнинг «Миротворец» сайтига Украинада жанг қилаётган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг маълумотларини жўнатишда ҳам гумонламоқда. ФСБнинг тасдиқлашича, улар ўз ҳаракатларини аскилроссия позицияси билан изоҳлашган. Терговчилар РФ ЖКнинг 281-моддаси (саботажга тайёргарлик) бўйича жиноий иш қўзғатган. Бу модда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.
Икки кун муқаддам Россия ҳукумати телепропагандачи Владимир Соловьёв ва яна беш нафар россиялик телепропагандачиларнинг ҳаётига суиқасд қилишни режалаштирган олти нафар россиялик қўлга олингани ҳақида хабар қилганди.
Днестрбўйи
Россиянинг чегарадош областларидаги хабарлар билан параллел равишда Днестрбўйидан ҳам хабарлар келиши давом этмоқда. Бу ҳафтада Молдовадаги айирмачилар ҳудудида қатор портлашлар рўй бергани маълум қилинди, тан олинмаган республика раҳбари Вадим Красносельский Украина раҳбариятини Украина ҳудудидан кириб келган ва терактлар содир этган жангари гуруҳнинг «ноқонуний ҳаракати фактлари»ни текширишга чақирди.
Чоршанба куни Днестрбўйи ИИВ Украина томондан туриб Колбасна қишлоғи ҳудудидаги қурол-яроғ омборхонаси ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди, бу ерда собиқ советлар иттифоқининг 14-армиясининг қурол омборхонаси жойлашган. ОАВ уни Европадаги энг йирикларидан бири деб атайди.
ИИВ тунда қишлоқ устида Украинадан учирилган бир неча учувчисиз учар қурилмалар қайд этилгани, тонгда эса қишлоқ томон ўт очилганини маълум қилган. Жабрланувчилар йўқ. Колбасна қишлоғидаги омборхонани россиялик тинчликпарвар кучлар қўриқлайди.

Украина президенти Володимир Зеленский Днестрбўйидаги вазият бўйича Молдова президенти Майя Санду берган баёнотга қўшилишини билдирди. Санду портлашларни регион ичкарисидаги кучларнинг қарама-қаршилиги билан боғлаганди. Тирасполдагилар эса буни рад этади.
Арестович агар Молдова ҳукумати буни сўраса, Украина Днестрбўйини ўз назоратига олишга тайёрлигини айтди, Кремл бунга муносабат билдириб, буни провокацион баёнот деб атади. Молдава ҳукумати Днестрбўйини ўз назоратига қайтаришга ҳарбий жиҳатдан қодир эмаслигини маълум қилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг