
Гитлер ва Сталинни қиёслаб кўрган тадқиқотчилар қарама-қарши хулосаларга келадилар. Бу икки шахснинг қонли биографияси турли-туман фикрларга туртки бериши табиийдир.
Иккаласи ҳам келгусида ўзлари бошқаришлари керак бўлган империяларнинг чекка макзилларида туғилган. Икаласи ҳам империянинг туб миллати вакили бўлмаганлар (қолаверса, на Напалеон, на Александр Македонский ўзлари бошқарган салтанатнинг миллатидан эмасдилар). Гитлер немис бўлса-да, Габсбурглар империяси худудида туғилган эди. Гарчанд Бисмарк 1860-йилларда Олмонлар империясини тиклаган бўлса-да, австриялик немислар бу ҳудудга кирмай қолди, туб жой миллатлари тенглик талаб қила бошладилар ва бу ерлик немислар гўё асрлар бўйи ўзлариники ҳисоблаб келган ерларда «келгинди» бўлиб қола бошладилар.
Гитлернинг руҳияти шу асосларда шаклланган эди. Бир томондан, бу четдаги немислар бир замонлардаги ҳокимликларини қўмсардилар, иккинчи томондан, «паст табақа» миллатлари: славянлар, яҳудийлар, руслар, полякларнинг таъсири ошаётганидан хавотирга тушардилар. Шунинг учун Гитлер ҳокимиятга келгач, ўша ҳудудларни биринчи галда империясига қўшиб олди.
Сталин ҳокимиятга келгач, ўзини руслардан-да ортиқроқ рус ҳисоблай бошлади, гапирганда ҳам «биз, рус коммунистлари…» деб гап бошларди. У ўзининг кавказча сўзлашув оҳангидан, акцентидан қутила олмас, бу унинг грузин эканини русларга эслатиб туришидан қимтинарди. Сталинни Лениннинг ўзи «великорус шовинисти» деб атаган эди. Унинг рус империясига садоқатини кўрсатиш илинжида бошқа халқларни эзгани даҳшатлидир. У Иван Грозний каби қонхўр шоҳларнинг Россия олдидаги хизматларини мақтар, ўзи ҳам шунга ўхшаш иш қилишни хоҳларди. Сталиннинг Россиянинг империячи ўтмишига ҳаваси Иккинчи жаҳон урушида ҳам ўз кучини кўрсатди: у Россия империясининг 1904-1905 ва 1914-1918 йиллардаги урушларда йўқотган ҳудудларини яна империяга – СССР аталса-да, Россия империясилигича қолган салтанатга қайтарди.
Сталин 1879 йил 21 декабрда Гуржистоннинг Гори шаҳарчасида этикдўз оиласида туғилганди. Отаси қўпол, бераҳм одам бўлиб, кўп ичар, хотини ва боласини дўппослаб турарди. Сталиннинг руҳонийлик гимназиясида бирга ўқиган дўсти Иремашвилининг эслашича: «Айнан отасининг шафқатсиз ва ноўрин калтаклари болани ҳам отасидан-да ўтиб тушадиган даражада аёвсиз ва тошбағир қилиб қўйган эди. Отаси кучли эди ва кучини унинг устидан ҳокимлигида намоён қиларди, болада ҳам баландга интилиш ва ўзидан баланддагилардан ўч олиш ҳисси шаклланди. Қасос унинг бош мақсадига айланди».
Гитлер 1889 йилнинг 20 апрелида Инн дарёси бўйидаги Бранау шаҳарчасида таваллуд топган. Адольф Гитлернинг онаси ўз эридан йигирма икки ёш кичик эди, аввал икки бор ўйланган эр унинг қондош қариндоши ҳам эди. Аёл бу яқин қариндоши билан хушторлик қилиб юриб, иккиқат бўлиб қолади. Бу орада сирли тарзда Алоизнинг иккинчи хотини ўлади ва у Гитлерга иккиқат бўлган қариндошига уйланади. Гитлер бекорчиликни севадиган бетайин бола бўлиб ўсади.
Гитлер ҳам, Сталин ҳам ота меҳридан йироқ ўсган бўлсалар-да, иккисининг ҳам оналари жуда меҳрибон эди, яъни улар ота меҳрини ўз эркалашлари билан қопламоқчи бўлганлар. Руҳшунослар бундай шароитда ўсган болалар хотинмижоз бўлишини, нарциссизм касалига – ўзига маҳлиёлик дардига чалинишини айтганлар. Эрих Фроммнинг фикрича, бир қадар нарциссизм сиёсий арбобларнинг «касб касаллиги» бўлиб, унинг илдиз отиши «бемор»нинг ҳокимиятда илдиз отишига боғлиқдир.
Гитлер ҳам, Сталин ҳам ҳокимият тепасига яққол ўрнашиб олгач, ўзларини танқид қилиш йўлларини беркитдилар, бу ўзига маҳлиё ҳукмбардорлар танқид уларнинг халқ олдидаги обрўларини тўкади, деб ҳисобладилар.
Гитлер ва Сталиннинг хулқи - ҳиссиёти ҳам, ахлоқи ҳам бир-бирига тескари туюлади: Гитлер – тўлиб-тошиб кетадиган, чегара билмас одам эди, шунинг учун уни бошида ҳеч ким жиддий қабул қилмаганди; Сталин эса ўта камгап, ичимдагини топ деган хилидан эди, айнан ана шу камгаплиги ортидан, яширин ўйинлар оқибатида ҳокимиятга келганди. Унинг ана шу яширинлиги бошида унинг даҳшатли моҳиятини билишга имкон бермаганди.
Сталин болалигида диний гимназияда ўқиган, аммо кейинчалик марксист бўлиб, даҳрийлашган ва минглаб диндорларни қамоққа ташлаб, оттириб юборганди. Бу ҳам ўз асосига эга – марксизм ва диний мутаассибликнинг ўхшаш асос томонлари бор: иккисида ҳам догматизм ҳукмрон, шубҳага ўрин йўқ, танқидга тоқат қилинмайди ва бошқача фикрлаш жазоланади. Шунинг учун тақводордан-да даҳшатлироқ кимса даҳрий кимсадир.
Ҳиссиёти икки хил бу икки золимнинг хулқи асосида битта нарса – худбинлик ётади.
Шу ўринда Гитлер ва Сталинга нисбат бериладиган айрим хусусиятларни ойдинлаштириб олиш лозим.
Гитлернинг ва Сталиннинг ёшлар орасида издошлари учраб туради. Янги-янги неонацист гуруҳлар, ку-клус-кланлар, фашистона хоч таққан ўсмирлар юз кўрсатиб қолади. Сталинчи комсомоллар қаторида унинг суратларини асраб юрган содда фахрийлар ҳам орамизда бор. Хўш, улар наҳотки шунча қурбонлардан сўнг ҳам бу икки фашистик тузумлар моҳиятини англаб етмаган бўлсалар?! Ҳали ҳам бир қатор одамларни тортаётган жозибанинг сабаби нима?
Гитлернинг «национализми» - «миллатчи»лиги масаласини олиб кўрайлик. Жайдари фалсафа гоҳо шундай хулосага келади: «Гитлер бошқа халқларни қиргани маълум, албатта. Аммо у буни ўз халқи учун қилган, у миллатининг фидойиси эди, унинг ирқий тозалиги учун курашган…». «Унинг «экстремал ватанпарварлиги» мавжуд эди ва унинг бошқа «бегона» миллатларга нафрати ўз миллатига нисбатан «фантастик муҳаббати» натижасидир». Ва ҳокозо…
Биринчидан, ўз миллатини севиш учун бошқани ерга уриш асло муҳаббат эмасдир. Чўққини забт этиш учун ўзинг турган адир атрофидаги барча тоғларни йиқитиб, текислаш шарт эмасдир. Ҳар бир халқ ўз бетакрорлиги билан буюкдир. Инсониятнинг келажаги миллатларнинг аралашиб, емирилиши билан эмас, аксинча, турли-туманлиги, ўзига хослиги биландир. Қанчалар миллатлар турли-туман бўлса ва хос маданиятга эга бўлса, инсоният шунчалар бойдир. Миллатларга қарши курашнинг даҳшати ва имконсизлиги коммунистларнинг интернационализм ниқоби остидаги миллий ўзликни йўқотиб, «совет халқи» аталган дурагай яратиш фаолиятининг инқирозида ҳам кўринган эди.
Иккинчидан, Гитлернинг национализми ўз халқига нисбатан ҳам «ғалати» муносабатга эгадир. Гитлер ўзини Башарий идрок томонидан заминга асрий Олмон империясини немис халқининг қони ҳисобига тиклаш учун тарихий миссия билан юборилган деб биларди – унинг фикрича, агар бу иш немисларнинг қўлидан келмаса, улар яшашга ҳақли эмас, улар ер юзидан йўқолиши табиийдир. Иблис ўзининг ёвуз ғояси учун меҳробга нафақат бошқа халқларни, ўз халқини ҳам қурбонликка келтиришга тайёр эди.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар