
Фото: Telegram / Вячеслав Гладков
Украина чегараси яқинида жойлашган Белгородда 14 октябр, жума куни содир бўлган зарба оқибатида электр подстанцияси шикастланган. Шаҳарнинг бир қисми электр энергиясиз қолди, деди Белгород области губернатори Вячеслав Гладков.
«Белгород ўққа тутилгандан сўнг 110 кВт қувватга эга подстанция ёниб кетди. Биз оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Захира манбага ўтишнинг тахминий вақти 4 соатгача. Сув таъминоти нормал, насослар бошқа электр узатиш линияларига ўтди», деб ёзди Гладков.
«Белгородэнерго» корхонаси аниқлик киритишича, ёнғин «Дубовое» подстанциясида содир бўлган. Москва вақти билан соат 20:05 ҳолатига кўра, ёнғин ўчирилди, мутахассислар станцияни қайта улашга киришдилар, деб ёзади Гладков. Москва вақти билан соат 21:00 да электр энергияси яна берила бошланди.
Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда подстанцияга берилган зарба акс этган видеолар ҳамда ёнғин тасвирланган кадрларни жойлаштирган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери чегарадаги Белгород области вақти-вақти билан ўққа тутиляпти. Расмий Киев Украина томонининг уларга алоқадорлигини тасдиқламаяпти ёки инкор этмаяпти. Минтақада террористик хавфнинг сариқ даражаси мавжуд. Зарбаларнинг кучайиши фонида 17 октябр куни минтақада мактаб ўқувчиларининг навбатдан ташқари таътиллари бошланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар