
Сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллати араб бўлмаган саҳобалари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ҳа, улар орасида миллати араб бўлмаганлари ҳам бор эди. Саволни ўқибоқ шу заҳоти хаёлингизга Исломда ўчмас из қолдиган Салмон Форсий ҳазратлари келган бўлса не ажаб.
Аммо унинг қавмидан яна бир вакил ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан эътироф этилган эди. Унинг исми Файруз ад-Дайламий бўлиб, у ўз қўллари билан ислом умматини ваҳший душманлардан бирининг хавфидан қутқарган.
Файруз ал-Дайламийнинг тарихи Яман тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у яманлик форслардан эди. Ўша вақтда Яманда форс миллатига мансуб аҳолининг кўплиги Яманни ўз ҳудуди деб ҳисоблаган араб миллатчиларини қаттиқ ғазаблантирар эди.
Яманда Асвад ал-Ансий исми шахс ўзини сохта пайғамбар сифатида кенг жамоатчиликка эълон қилганидан сўнг бу ҳолат араб миллатчиларнинг ғазабини янада ортишига олиб келди. Айтиш керакки, Асвад жодугарлик қиладиган, ёвуз кучлар билан яқин алоқада бўлган жирканч одам эди. Инс-жинслар унга баъзи маълумотларни етказишар, унинг тарафдорлари эса унинг "мўъжиза"ларига бажонидил ишонишар эди. Шундай қилиб, Асвад ўзини пайғамбар деб эълон қилди ва Арабистонда пайдо бўлган сохта пайғамбарларнинг биринчиси бўлди.
Айтганча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг пайдо бўлишини башорат қилганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида билакларида олтин билакузукларни кўрдилар. Бу ҳолат у кишини жуда хафа қилди ва дарҳол билакузукка қараб пуфлаш ҳақида ваҳий келди. Кўрсатма бажарилгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу тушни икки сохта пайғамбарнинг пайдо бўлиши билан изоҳладилар, улардан бири айнан Асвад ал-Ансий эди.
Асваднинг ёлғон башорати ўша билакузуклардек тез тарқаб кетди, бироқ ўзининг ботил эътиқоди бир неча ойлардан кейин Арабистонда ҳам шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди. Унинг назорати остидаги ҳудудлар жуда тез кенгайиб борди ва у ҳатто Яманнинг қадимий пойтахтларидан бири — Санони ҳам эгаллашга муваффақ бўлди.
Ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур саҳобалари — Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо ал-Ашъарий розяллоҳу анҳулар Санода эдилар, улар шаҳарни шошилинч равишда тарк этишга мажбур бўлдилар.
Шаҳар қўлдан кетиши баробарида форс миллатига оид мусулмон, Сано амири Шаҳр ибн Базан жангда ҳалок бўлди. Бу Ямандаги вазиятнинг кескинлашиб бораётганини, Асваднинг шайтоний ишининг кучайиб бораётганини англатарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ямандаги вазиятдан хавотирда эдилар ва мактубларида маҳаллий мусулмон аҳолини Асвадни даф қилишга чақирдилар. Яман мусулмонлари бир муштдек бирлаша бошладилар, бироқ уларнинг мушти Асваднинг ғайратли мутаассибларига қарши жуда кичик эди. Вазиятни бартараф этиш учун ноанъанавий ёндашув керак эди. Бу эса қаҳрамонимиз Файруз ал-Дайламий учун имконият бўлди ва у вазиятдан моҳирона фойдаланди.
Файруз Асвадни йўқ қилишда бош қаҳрамон бўлган. Асвад зўрлик билан ўзига хотинликка олган Форс амири Шаҳр ибн Базаннинг беваси Азаднинг ёрдами бўлмаганида, бу режа унчалик муваффақиятли амалга оширилмаган бўларди. Азад Файрузнинг амакиваччаси эди ва унга Асвадни йўқ қилиш ғояси ёқиб тушди. Файруз билан яширин ёзишмаларидан сўнг Асвад ва унинг тарафдорларининг зулмига чек қўйиш учун сана белгиланди.
Ислом дини бу душмандан қутиладиган кун келди ва Азад Файрузни қўриқчиларга билдирмасдан Асваднинг саройига олиб кирди. Ундан олдин эса Азад Асвадга шароб ичириб, уни маст ҳолатга келтириб қўйган эди. Ишни охиригача бажариб қўйиш қолган эди холос. Файруз Асваднинг юрагига ханжар санчди, шунда Асвад ҳўкиздек бақирди, қоровуллар югуриб келишди. Азад уларни: «"Пайғамбарга" ваҳий нозил қилиняпти», деб тинчлантирди.
Асвад ва унинг ботил эътиқодига якун ясалди. Файруз тонг отгунча кутиб, бомдод намозига азон айтди ва шунда: “Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир” деган сўздан кейин: “Асваднинг ёлғончи эканлигига гувоҳлик бераман”, деб қўшиб қўйди. Бу ноодатий азон ва сарой томидан думалаб тушган Асваднинг боши унинг тарафдорларини даҳшатга солди, рақибларини руҳлантирди. Асваднинг ботил эътиқоди шу билан ўз якунига етди. Яман яна исломга қайтди.
Айни пайтда Мадина шаҳри Яманда содир бўлаётган ўта муҳим воқеалардан бехабар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келди ва у зот саҳобаларига қарата: “Бир кун олдин Асвад ал-Ансий ўлдирилди. Уни муборак оиладан бўлган муборак бир киши ўлдирди”, дедилар.
Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўлим тўшагида эдилар ва бу хушхабардан кўнгиллари бироз бўлсада таскин топди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай ҳаяжонланишларига сохта пайғамбарни йўқ қилиши билан Ислом тарихида ўчмас из қолдирган форсий саҳоба Файруз ад-Дайламий розияллоҳу анҳу сабабчи бўлган эди. Унинг вазифаси қанчалик қийин ва хавфли бўлмасин, муваффақиятли амалга оширган эди.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар