Туркияда ота 3 ёшли қизини деразадан ташламоқчи бўлди

Туркиянинг Анқара шаҳрида содир бўлган ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Жорий йилнинг 5 июнь куни бир эркак ўзининг 3 ёшли қизини гаровга олиб, хавфли вазиятни юзага келтирди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, воқеа Этимесгут туманидаги Пиёда маҳалласи, 2022-кўчада жойлашган хонадонлардан бирида рўй берган. Турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолган шахс кичик ёшли қизини пичоқ билан гаровга олган.
Уй деразасидан эркакнинг бир қўлида пичоқ, иккинчи қўлида эса болани ушлаб турганини кўрган атрофдагилар зудлик билан 112 тезкор чақирув хизматига мурожаат қилган. Орадан кўп ўтмай ҳодиса жойига полиция ходимлари, ўт ўчириш хизмати ва тез тиббий ёрдам бригадалари етиб келган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қутқарув хизматлари ҳудудда хавфсизлик чораларини кучайтириб, гумонланувчини қизини қўйиб юборишга кўндиришга уринган. Бироқ музокаралар кутилган натижани бермаган.
Шундан сўнг махсус операция кучлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, эркак зарарсизлантирилган. 3 ёшли қизалоқ эса хавфсиз ҳолда қутқарилиб, шифокорлар назоратига топширилган. Гумонланувчи ҳам тиббиёт муассасасига олиб кетилган.
Полиция маълумотида айтилишича, тезкор ҳаракатлар натижасида боланинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шу билан бирга, операция давомида хизмат вазифасини бажараётган махсус хизмат ити ҳам жароҳат олган ва ҳозирда уни даволаш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





























Изоҳлар 0
…