23:50 / 21.07.2023
466

Москвада мусулмонлар митинги (фото, видео)

Москвада мусулмонлар митинги (фото, видео)
Фото: Видеодан кадр
Июл ойи бошида жума намози вақтида ОМОН зобитлари оёқ кийимини ечмай Дзержинский шоссесидаги кўп қаватли уйда ташкил қилинган ибодат уйига бостириб кирганди.

Москвада мусулмонлар кучишлатар тузилмаларнинг ҳаракатларидан норозилик сифатида стихияли митинг ўтказди. Юзлаб кишилар Москва тарихий масжидидан чиқиб, Большая Татарская кўчаси бўйлаб ҳаракатланган. Полиция ва Росгвардия ходимлари уларга халақит қилмаган, қўлга олинганлар ҳақида хабар йўқ.

10 июл куни Москва шаҳри яқинидаги Котелники шаҳрида яшовчи бир гуруҳ мусулмонлар Россия президенти Путинга видеомурожаат йўллаб, кучишлатар тизим вакилларининг уларга нисбатан қилган ҳаракатларидан норозилик билдиришганди. Мурожаатда айтилишича, 7 июл куни жума намози вақтида ОМОН зобитлари оёқ кийимини ечмай Дзержинский шоссесидаги кўп қаватли уйда ташкил қилинган ибодат уйига бостириб кирган. Улар ибодат қилаёган одамларни ҳақорат қилиб, ҳурматсизлик қилишган.

Аксари Россия фуқаролари бўлган жамоат

Одамлар нега бундай қилишаётганини сўрашганида эса омончилар жума ибодатини адо этиш учун борганларга қарата ўт ўчирувчи қурилмадан кўпик сепишган. Жамоат етакчиси Салават Ибодатулиннинг айтишича, ибодат уйига борадиганларнинг аксари Россия фуқаролари.

«Бизнинг жамоат миграцион қонунчилик бузилишига қарши. Аммо биз жамоатимиз орасида қонунбузарларни топа олмаймиз. Бу ишни тегишли идора ходимлари бизнинг деворларимиздан ташқарида амалга ошириши керак. Орамизда «махсус ҳарбий амалиёт»да (Россияда урушни шундай аташади – тарж.) қатнашганлар бор. Жанг майдонларидан қайтган биродарларимиз бундай муносабатдан ўзларини камситилган ҳис қилишмоқда. Владимир Владимирович, сизга ҳимоя сўраб мурожаат қиляпмиз. Бу ҳолатга аралашишингизни илтимос қиламиз», дейишган мурожаатчилар.

Худди хавфли жиноятчилар ушлангани каби

Фото: РФ Тергов қўмитаси

Москва области диний бошқармаси ҳам жума ибодати вақтида омончиларнинг бостириб киришини қоралаган. Баёнотда «такаббурлик билан амалга оширилган бу намойишкорона ҳаракат» худди ўта хавфли жиноятчиларни қўлга олиш жараёнини эслатиб юбориши танқид қилинган. Шунингдек, Котелникидаги мусулмон жамоаси Россия Адлия вазирлиги томонидан диний ташкилот сифатида расман рўйхатга олингани эслатилган. Ҳудудда мусулмонлар кўп бўлгани боис учта мусулмон жамоаси рўйхатга олинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича президент кенгаши вакили Кирилл Кабановнинг сўзларига кўра, турар жой биносида диний ташкилот бўлмаслиги керак. Можаро айнан мана шу сабаб юзага келган. Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар турар жой биносида жойлашган ибодат уйида намоз ўқиши у ерда яшайдиганларни безовта қилади, жума кунлари эса одам кўпайгани сабаб ўтадиган жой қолмайди.

«Русская община ZOV» сўрови билан

«Коммерсант» нашрининг ёзишича, ибодат уйини текшириш ташаббуси «Русская община» ташкилоти вакилларидан чиққан. Бу ташкилотнинг «Русская община ZOV» номли Telegram-каналида 7 июл куни шундай пост қўйилган: «Ҳозиргина полиция «Русская община» сўрови билан турар жой биноларида жойлашган иккита ноқонуний масжид фаолиятини текширди. У ерда 70 киши қўлга олинган, улар депортация қилинишини кутамиз», дейилади постда.

Москва области ички ишлар бошқармаси эса бу ташкилот вакиллари рейдларда иштирок этганини рад этган. «У ерда бошқа одамлар бўлган», дейилади полиция баёнотида.

Котелникидаги мусулмонлар Путинга мурожаат қилганидан кейин «Русская община ZOV» Telegram-каналида ҳудуддаги бошқа фуқароларнинг Путинга мурожаати эълон қилинди. Бу мурожаат машҳур «Царьград» каналида ҳам эълон қилинди. Ўша мурожаатда кучишлатар тизим вакиллари олиб борган рейд қўллаб-қувватланган. Шунингдек, мусулмонларнинг мурожаати сабаб орган ходимларига ишончсизлик пайдо бўлиши мумкинлиги, шу боис «уларни тинч қўйиш кераклиги» айтилган.

«Ҳаммамиз тушуниб етишимиз керакки, ортиқ бундай яшаб бўлмайди. Биз Франция ёки Косово эмасмиз. Бизнинг уйимизда тартиб бўлиши керак. Мамлакатимизга кириб келаётган мигрантлар оқимини тезда тўхтатиш керак. Акс ҳолда ижтимоий портлаш содир бўлади», деган мурожаатчилардан бири.

Масжиддаги текширувни қўллаган русларнинг мурожаатини «Царьград» телеканали асосчиси тадбиркор Константин Малофеев ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, «асл котелникиликларнинг» «меҳмонлар бўйича талаби» тўғри ва чиндан ҳукумат тартиб ўрнатиши керак. Унинг сўзларига кўра, руслар ҳеч қачон одам ажратмаган, аммо Россияга келадиган меҳмонлар русча маданиятни ҳурмат қилиши керак.

«Кам сонли руслар номидан»

Котелиники фуқаролари аввал ҳам Путинга мурожаат қилиб, шаҳардаги мигрантлар оқимидан нолишган. Хусусан, май ойидаги мурожаатда Жанубий микрорайондаги 8-уйда яшовчилар кўп қаватли уйда масжид ташкил қилинганидан норози бўлишган. Улар маданий марказ сифатида рўйхатга олинган 160 метр квадрат жойда 600-1000 нафар одам намоз ўқишидан нолиган. Маҳаллий аҳолининг иддао қилишича, улар болаларини ёлғиз қўйиб юборишга қўрқишади, чунки мигрантлар уларга зўравонлик қилиши, қизларига тегажоғлик қилишидан қўрқишади. Мурожаатчилар «микрорайонда қолган кам сонли рус миллати вакиллари» номидан гапиришаётганини таъкидлаган.

Msk1.ru сайтининг ёзишича, 18 май куни ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ибодат уйини текшириш учун борган. Ҳатто ҳолат бўйича жиноий иш ҳам очилган. Тергов қўмитаси ахборотида айтилишича, мурожаатда айтилган диний ташкилот фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, 34 нафар хорижий фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик бўйича протокол тузилган. Июн ойи охирида эса масжид яна ўз фаолиятини тиклаган.

Россияда меҳнат мигрантларини жамлаган телеграм гуруҳларида митинга чақирувчи эълонлар тарқалганди

Июл ойидаги рейдлардан сўнг мигрант жамоатчилиги орасида маълум норозилик кайфияти янада ортган. Бу ҳолат фонида эса турли миллат мигрантларининг Telegram-гуруҳларида айни бир мазмун ва шаклдаги, мигрантларни кескин норозилик ҳаракатларига чақирувчи эълон тарқалганди.

Мигрантларга бепул ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган фаол Валентина Чупик Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур эълон рус махсус хизматлари томонидан атай қилинган провокация бўлиши мумкинлигини айтганди.

«Россия полицияси муҳожирларга ва умуман славян бўлмаган одамларга қарши оммавий провокациялар тайёрлаётганига ишончим комил – бу масжидлардаги провокациялар билан бевосита боғлиқ.

Гап шундаки, масжидлар яқинида, мигрантлар гуруҳларида оммавий митингга чақирувлар кўпайди. Ҳозирча чақирувлар рус тилида, кейинроқ мигрантлар тилларида пайдо бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси очиқ-ойдин фашистик бўлган «Многонационал» каналида «дубл» бўлади. Мурожаат луғати мутлақо полицияники ва ўйлайманки, «Многонационал» ҳам нацистлар жамоатчилиги орасида ҳис-туйғуларни қўзғатиш учун ишлатилади.

2021 йилнинг июн-июл ойларида полиция Telegram ва WhatsApp'да мигрант ишчи гуруҳларига муштлашув чақириқларини юборган ва улар муҳожирлар тилларида ўта қийшиқ ёзилган эди – google таржимондан фойдаланишган. Бу 364-сонли фармоннинг тақиқланишига қарамай, мигрантларни оммавий депортация қилишни ташкил этиш мақсадида қилинган.

Шу билан бирга, полиция ходимлари мигрантларни метро ва кўчаларда оммавий равишда ноқонуний равишда ушлаб туришган, телефонларидан гуруҳларни қидиришган ва агар улар топишса, дарҳол судга судраб, оммавий тадбирларда қатнашгани учун 15 суткага қамашган, кейин 25-30 йилга депортация қилишди. Оммавий ахборот воситаларида мигрантларнинг оммавий муштлашувлари ҳақида шов-шув кўтарилди, ҳолбуки бор-йўғи иккита ҳақиқий муштлашув бўлган, қолганлари полиция томонидан сохталаштирилган.

Эҳтимол, энди улар масжидлардаги бу провокациялардан мигрантлар митингларини сохталаштириш учун фойдаланмоқчи, бунинг асосида оммавий депортациялар ва муҳожирларни талон-торож қилиш, шунингдек, ватанларига сиёсий босим ўтказиш учун фойдаланишмоқчи», – деганди Валентина Чупик.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада мусулмонлар митинги (фото, видео)
ePN