Россия Давлат думаси депутати Алексей Журавлев Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда россияликларга ер бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Унинг фикрига кўра, Украинадаги урушнинг бевосита иштирокчилари ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР», шунингдек, Херсон ва Запорижжя вилоятларининг босиб олинган қисмларида ерни устувор тартибда сифатида олиши керак. Бу ҳақда 5 ноябр куни «Коммерсант» газетаси хабар берди.
«Мен Россия махсус операцияси иштирокчилари учун «Шарқий Украина гектарлари» дастурининг пайдо бўлишини талаб қилган бўлардим. Айтганча, Россия аллақачон 100 миллион гектардан кўпроққа кенгайтирилган ва бизнинг ғалабамиздан кейин кимдир уни бўлиши керак. Узоқ Шарқда ва Арктикада мамлакатнинг ҳар бир фуқароси гектарга даъво қилиши мумкин, аммо «ДХР», «ЛХР», Запорижжя ва Херсон вилоятларида мен ҳудудларни тўғридан тўғри уларнинг озод этилишида иштирок этганлар ўртасида тақсимлашни таклиф қиламан», деди нашрга «Родина» партияси раҳбари Журавлев.
Донецк ва Луҳанск «халқ республикалари»
Донецк ва Луҳанск «халқ республикалари» 2014 йил апрелида россияпараст айирмачилар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда тузилган. Улар ўша йилнинг 12 майида бир кун аввал ўтказилган, БМТга аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган «референдумлар» натижаларига кўра ўз «суверенитети»ни эълон қилди. Россия ушбу овоз бериш натижаларини ҳурмат қилишини эълон қилди, аммо де-юре буни тан олмади.
Украина қонунчилигига кўра, россияпараст айирмачилар назорати остидаги ҳудудлар Россия томонидан вақтинча ишғол қилинган деб ҳисобланади. «ДХР» ва «ЛХР» тузилмаларининг мустақиллиги Россия томонидан тан олинган, буни Россия президенти Владимир Путин 2022 йил 21 февралдаги телемурожаатида эълон қилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг