11:49 / 28.02.2024
143

Нидерландияда наркомафия бошлиғи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Нидерландияда наркомафия бошлиғи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Фото: Ramon van Flymen/ANP/picture alliance
Нидерландияда кокаин савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ раҳбари, 2019 йилда Дубайда қўлга олинишидан олдин мамлакатда энг кўп қидирувда бўлган жиноятчи деб топилган Ридуан Таги умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 27 феврал, сешанба куни Амстердам яқинидаги махсус қўриқланадиган жойда бўлиб ўтган судга жами 17 нафар айбланувчи жалб этилди, дея аниқлик киритмоқда AFP. Бироқ Таги суд залида бўлмаган.

Ҳукм кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида чиқарилди, «бункер» номи билан танилган суд биноси қуролланган полиция томонидан ўраб олинган, суд залида пулемётли ва ниқоб таққан полициячилар ҳамда осмонда патруллик қилаётган вертолёт ва учувчисиз учоқлар айланиб юрган, деб хабар берди AFP. Шу билан бирга, ҳукмни эълон қилган судя унинг шахси яширин бўлиши учун парда ортида ўтирган.

Айблов хулосасига кўра, жиноятчилар «яхши ишлаган қотиллик машинасини» яратган: биргина 2015 йилдан 2017 йилгача улар олтита қотиллик, тўртта қотилликка уриниш ҳамда қотилликка бир нечта буйруқ берган, гуруҳнинг «шубҳасиз раҳбари» Таги эса «кимни ўлдиришни ҳал қилган, ҳеч кимни аямаган».

У бошқарган гиёҳванд моддалар савдоси гуруҳи Европадаги энг йирикларидан бири ҳисобланади ва Mocro Maffia деб аталади, бу унинг кўплаб аъзолари ва Тагининг ўзи Марокашдан келиб чиққанига ишора қилади. Барча айбланувчилар айбдор деб топилди ва турли хил қамоқ жазоларига, шу жумладан бир неча умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Жиноий гуруҳ раҳбари уни қамоқдан бошқаришда давом этди

Таги қамоқда бўлганида ҳам уюшган тўдага раҳбарлик қилишда давом этган ва ўша пайтда яна учта қотиллик учун жавобгар бўлган, аммо суд жараёнида улар кўриб чиқилмаган. Суднинг ўзи гуруҳ аъзоларидан бири Набил Б. полицияга таслим бўлиб, асосий гувоҳ сифатида иштирок этганидан сўнг ўтказилди. Шундан сўнг 2018 йилда унинг акаси, 2019 йилда унинг адвокати ўлдирилди, 2021 йилда Таги гуруҳи Амстердам марказида таниқли журналист Питер Р. де Врисга суиқасд қилди. Журналист вафот этди ва шов-шувли қотиллик нафақат Нидерландияда, балки бутун Европада шокка сабаб бўлди.

Де Врис ўша йилнинг март ойида Ридуан Тагига қарши очилган суд жараёнида асосий гувоҳ - Набил Б.нинг ишончли вакили эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё