Фото: Kazinform
Антиквар ва нодир буюмлар коллекционери, Марказий Осиё бўйича мутахассис Анвар Викторин ўз коллекциясига XVI асрга оид қадимий қўлёзма қўшилганини маълум қилди. Ушбу қўлёзма Исломнинг асосий ақидаларига бағишланган рисола бўлиб, Усмонлилар даври машҳур ёзувчиси Мустафо Иззатга тегишли йирик коллекциясининг бир қисми ҳисобланади.
Асли қозоғистонлик, узоқ йиллардан бери АҚШда яшаб, мамлакат фуқаролигини олган Анвар Викторинга бу қўлёзмани Америкадаги нуфузли оилалардан бирининг вакили топширган. Victorin’s Art and Auctions номли ноёб буюмларни йиғувчи компания раҳбари Викторин ёз ойларида Қозоғистонга ташрифи чоғида қўлёзма ҳақида журналистларга айтиб берди.
2024 йил феврал ойида Россиянинг иккита институти: Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Россия давлат технология университетининг Халқаро Россия-Эрон маркази томонидан ўтказилган экспертизалар натижасида китобнинг асл нусхада экани тасдиқланди. Қўлёзмага “шубҳасиз катта қийматга эга тарихий ёдгорлик” деган баҳо берилди.
Экспертиза хулосасида қўлёзманинг охирги варағидаги “Имомқули Баҳодирхон” ёзувли бодомсимон муҳр изи алоҳида кўрсатилган. Бу белги қўлёзманинг 1611-1642 йилларда Бухорода ҳукмронлик қилган аштархоний ҳукмдори Имомқулихон (1582-1644) кутубхонасига тегишлилигини билдиради.
Муҳр хон девонхонасининг ёзув анъанасига кўра Имомқулихон номи ёнига қўйилган. Муҳр остида Самарқанд амири Ялангтўш Баҳодирнинг исми 1021 йил санаси (1612–1613 йиллар) билан кўрсатилган ва унинг ҳарбий истеъдоди ҳамда ташкилотчилик қобилияти туфайли шуҳрат қозонгани, шу боис Аштархонийлар ҳукмдоридан амир унвонини олгани қайд этилган ёзув келтирилган.
Қўлёзма мазмуни XVI асрга оид қадимий форс тилида ёзилган. Бунда иккита қизил сатрга эътибор бериш керак. Биринчиси — Бухоро хони Имомқулихоннинг исми. Иккинчи қизил сатрда Ялангтўш Баҳодирнинг номи ёзилган.
Олимларнинг тушунтиришича, барча қўлёзмаларда хоннинг исмини алоҳида ажратиб кўрсатиш мақсадида уни доим қизил ранг билан ёзиш одат тусига кирган. Аммо қизиқ жиҳати шундаки, Имомқулихон Ялангтўш Баҳодирнинг исмини ҳам қизил сиёҳ билан ёзишни буюрган. Бу шуни англатадики, хон Баҳодирни ўзига тенг деб билган ва уни хон даражасига кўтарган. Яъни Баҳодир бутун хонликда тўла ҳуқуқли бошқарувчи мавқеига эга бўлган.
“Мазкур қўлёзма яна бир масалага далил ҳисобланади: Ялангтўш Баҳодир ўзбек Бухоро хонлиги тарихида муҳим ўрин тутган. У Имомқулихоннинг тахтга чиқишига кўмаклашган, бунинг эвазига Имомқулихон уни Самарқанд ҳокими унвони билан тақдирлаган. Китобда Ялангтўш ботирга бағишланган мақтов шеъри баён этилган”, — деди Викторин.
Ёзувнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида 2023 йил декабр ойида “Давлат ижтимоий-гуманитар университети суд экспертизалари маркази” ва Москва шаҳридаги “Москва замонавий санъат музейи” давлат бюджет маданият муассасасида кимёвий ва технологик экспертиза ўтказилди. Натижада қўлланган сиёҳ ва қоғоз варақларидаги зиғир толалари XVI аср иккинчи ярми ва XVII аср биринчи ярмида ишлатилган материалларга мос келиши аниқланди.
Ўзбекистонда Ялангтўш Баҳодир шахсига катта қизиқиш билдириб келинади. Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллаган шахслар тўғрисида бир қанча, мақола, рисола, монографиялар яратилгани, улар фаолиятига доир конференциялар уюштирилгани ҳолда Баҳодир Ялангтўш фаолиятига доир тадқиқотлар анча камлиги кўзга ташланади. Йил бошида Самарқандда буюк саркарда ҳақида кенг кўламли тарихий бадиий фильм суратга олинди ва унинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бугун хорижда нафақат Самарқанднинг рамзи, балки Ўзбекистон рамзи сифатида маълум бўлган Регистон майдонидаги Тиллакори (1646–1660) ва Шердор (1619–1636) мадрасалари шахсан Баҳодир Ялангтўш томонидан қурилган.
Қўшни Қозоғистонда Ялангтўш Баҳодирни халқ қаҳрамони деб ҳам билишади. Қизилўрда, Оқтўба ва Туркистон вилоятларида унга ҳайкаллар ўрнатилган.
Америкада топилган ёдгорлик Ялангтўш Баҳодир шахсининг тарихий аҳамиятини тасдиқлайди. У қадим аждодлар замонида Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг бирлашишига катта ҳисса қўшган.
Викториннинг таъкидлашича, у аллақачон ҳар икки давлатдан қўлёзмани сотиб олиш бўйича таклифлар олган.
“Агар бу китоб ўз тарихий юртига қайтиб, миллий бойликка айланса, хурсанд бўлардим. Эҳтимол, у замонавий форматга ўтказилиб, кенг китобхонларга тақдим этилар”, — дея ўз режалари билан ўртоқлашди коллекционер. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди