20:14 / 27.09.2024
40

Яқин Шарқ катта уруш остонасидами?

Яқин Шарқ катта уруш остонасидами?
Исроил Ливан ҳудудига йирик авиазарбалар серияси ортидан “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқлик амалиётини ўтказишини эълон қилди. Дунё минтақада катта уруш бошланишидан хавотирда. Сиёсатшунос Бектош Бердиев Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқдаги эскалация ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Исроил Ливан ҳудудига 1978, 1982 ва 2006 йилларда бостириб кирган. “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи эса 1982 йилдаги босқин вақтида, исроилликларга қарши туриш учун ташкил этилган. Шунга кўра, эҳтимолий катта уруш бошланган тақдирда, бу учинчи Исроил–“Ҳизбуллоҳ” уруши бўлади.

Исроил ҳозирги урушда Ливаннинг жанубидан мамлакат ичкарисига қочиб кетган ҳизбуллоҳчиларни тутиш ёки уларни жисмоний йўқ қилиш учун Байрут атрофигача бориши мумкин, лекин бутунлай аввалгидек Байрутни босиб олиш ва ҳоказоларни амалга ошириши қийин, чунки бугун халқаро ҳамжамиятнинг, айниқса иттифоқчиси АҚШнинг босими бунга йўл қўймаса керак”, – дейди Бектош Бердиев.

Унинг сўзларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” таркибига Сурия, Ироқ, Эрон ва бошқа араб давлатларидан, умуман шиа дунёсидан аскарларнинг кириб келиши доимий давом этади. Расмий жиҳатдан бу давлатлар урушга аралашмайди.

БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиш учун АҚШга борган Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ўз интервюсида Эрон урушни истамаслигини таъкидлади. Чекланган даражада бўлса ҳам жавоб чоралари бўлиши ҳақида сўз юритмади. Бердиевга кўра, Эрон халқаро изоляциядан чиқиб олиш учун ҳам бу жараёнга аралашмасликни афзал билмоқда. Шу билан бирга, яширин равишда “Ҳизбуллоҳ”ни қўллашда давом этади. “Ҳизбуллоҳ” Эроннинг қўлловисиз ҳозирги маблағ, қурол-яроғ, ракеталарга эга бўла олмасди. Буларнинг барчаси қаршилик ўқи – Эрон етакчилигидаги шиа дунёси томонидан етказиб берилади.

Етказиб берилаётган бирорта ракетада Эроннинг белгилари учрамайди. Уларнинг ҳаммаси “Ҳизбуллоҳ” ва бошқа шиа гуруҳлари учун алоҳида ишлаб чиқарилади ва яширин тарзда етказиб берилади”, – дейди у.

Таҳлилчига кўра, ҳозирда Ливан жанубидан Исроилга учирилаётган ракеталарнинг 95 фоизини “Мовий гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширяпти. Исроил қўллаётган ракеталар ва ақлли бомбалар эса юқори аниқликда нишонларни уряпти. “Ҳизбуллоҳ”нинг арсеналидаги ракеталарни асосан “ер-ер” типидаги ракеталар ташкил этади, шу сабабли Исроилнинг F-16, F-35 самолётлари Ливан ҳудудига қаршиликсиз кириб, бомбалашни амалга ошира оляпти.

“Ҳизбуллоҳ”да танклар ва гаубицалар ҳам йўқ. Исроилда эса урушда қўлланадиган 30 дан ортиқ турдаги энг замонавий техника ва технологиялар бор. “Ҳизбуллоҳ” руҳан бақувват ташкилот, лекин технологик жиҳатдан эмас, дейди Бектош Бердиев.

Халқаро ҳамжамиятда деярли ҳеч ким Исроилнинг Ливандаги ҳаракатларини маъқуллаётгани йўқ. Шу жумладан АҚШ ҳам Исроилнинг бу ҳаракатини қўллаб-қувватламоқчи эмаслигини айтмоқда. Вашингтон бу ҳаракатлар АҚШ ва Исроилнинг Яқин Шарқдаги мавжудлигини маълум маънода таҳдид туғдиришини тушуниб турибди, дейди сиёсий таҳлилчи.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яқин Шарқ катта уруш остонасидами?