«Анна Киевская» номидаги 155-Алоҳида механизациялашган бригада Украина қуролли кучларидаги намунали бригадага айланиши кўзда тутилганди. Уни тайёрлаш ва қуроллантириш билан тўлиғича Франция ҳукумати шуғулланган. Аммо ушбу бўлинма машғулотларни якунлаб Украинага қайтганида у амалда яроқсиз ҳолатда экани ҳақида гаплар урчиди.
155-бригададаги танг ҳолат ҳақида дастлаб декабр ойида ҳарбий блогер ва «Цензор.Нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов хабар берганди. У қўмондонлик, қуролланиш, жангчиларни тайёрлаш ҳамда бригада ҳарбий хизматчиларининг ёппасига дезертирлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида айтиб берган, аскарларнинг бир қисми Франциядаги машғулотлар чоғидаёқ қочиб кетган.
Фото: 155-алоҳида механизациялашган бригада
Олий рада депутати Маряна Безуглая «Анна Киевская»ни ҳисобот учунгина тузилган, кейин эса яроқли бўлинмалари ва техникалари бошқа қисмларга ўтказилган «зомби бригада» деб атади.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 5 январ куни 155-механизациялашган бригада бўйича «ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли масалаларга алоҳида эътибор қаратгани»ни айтди. Бу ҳозирча мазкур можаро юзасидан ҳукуматнинг ҳозирча ягона расмий реакцияси бўлди.
15 ноябр куни Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню «Анна Киевская» бригадаси байроғида ўз имзосини қолдирди
Бутусовнинг сўзларига кўра, президент Володимир Зеленский январ бошида Олий бош қўмондон штаби йиғилишида ушбу бўлинма билан боғлиқ вазият бўйича йиғилиш ўтказган ҳамда ишни шахсан ўз назоратига олган.
BBC Украина хизматининг президент офисидаги манбаси эса бу маълумотни рад этган. Унинг сўзларига кўра, штаб йиғилишида бу масала кўриб чиқилмаган.
«Вазият билан эса бир неча ҳафта олдинроқ, Давлат тергов бюроси даражасида ҳам, ҳарбий қўмондонлик даражасида ҳам шуғуллана бошлашган», — дея қўшимча қилган манба.
Чиндан ҳам, Давлат тергов бюроси 2 январдаёқ 155-бригада рўй берган ҳодисалар юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилганди. Иш Украина жиноят кодексининг «ҳарбий ваколатлардан четга чиқиш» (426-модда, 1-қисм) ва «дезертирлик» (408-модда) бўйича очилган.
Бюродагилар BBC мухбири билан суҳбатда терговга халақит бермаслик учун текширув тафсилотлари очиқланмаслигини билдирган.
Бу қандай бригада ва алоҳидалиги нимада?
«Анна Киевская» алоҳида механизациялашган бригадаси намунали бригадага айланиши ва тўлиғича Украинанинг ғарблик ҳамкорлари томонидан тайёрланган ва қуроллантирилган биринчи бригада бўлиши керак эди.
Франция расмийлари ушбу ҳарбий тузилма устидан расман «ҳомийлик»ни ўз зиммасига олган, президент Эммануэл Макрон ҳатто ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Анна Киевская» жангчиларининг машғулотларидан видео ва фотолар жойлаганди.
Бу тузилма 2024 йил мартида шакллантирила бошлаган. Унинг таркибига шартнома асосидаги кўнгиллилар эмас, асосан сафарбар қилинган фуқаролар жалб этилган. Алоҳида механизациялашган бригадага раҳбар этиб жанговар тажрибага эга полковник Дмитро Рюмшин тайинланган.
Кузда «Анна Киевская» жангчилари тайёргарлик кўриш ва француз ҳарбий техникалари, хусусан миномётлар ва Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари билан танишиш мақсадида Францияга йўл олганди.
Француз ҳарбийлари Украинанинг 155-бригадаси жангчиларини 2024 йилнинг октябр-ноябр ойларида ўқитди
Украинларни тайёргарликдан ўтказиш биноларни тозалаш тактикалари, кўча жанглари ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитида бўлинмаларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришни ўз ичига оларди.
Ўқув машғулотлари икки ой давом этди ва 2024 йил кузи охирида 155-бригада Украинага қайтиб келди. Унинг баталёнлари дарҳол фронтнинг энг қайноқ участкасига — Покровск остонасига ташланди.
Қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги «Анна Киевская»ни Францияда НАТО стандартлари бўйича таҳсил олган ҳамда ғарб техникалари билан жиҳозланган «замонавий тузилма» деб таърифлаган.
Кейин эса украин жангчиларининг барчаси ҳам Франциядан Украинага қайтиб келмагани ошкор бўлди.
«Оммавий дезертирлик»
Бутусовнинг сўзларига кўра, бригада сентябр охирида Францияга йўл олишидан олдинроқ, ундан 935 киши қочиб кетган. 2 минг жангчи хорижга чиққан, шундан яна 50 нафар ҳарбий дезертирлик қилган. У бу маълумот манбасини келтирмаган.
Журналист бригаданинг хизмат жойини рухсатсиз тарк этиш сабабли йўқотишларини тахминан 1700 кишига баҳолаган, яъни 5,8 минг атрофидаги шахсий таркибнинг 30 фоизга яқини дезертирлик қилган.
«Анна Киевская»ни Франциядаги машғулотлар чоғида тарк этган дезертирлардан бири анонимлик шарти билан «Озодлик радиоси»га бу вазият тафсилотларини очиқлаган.
Ўзининг айтишича, у 20 йил муқаддам ҳарбий кафедрани тамомлагани учун офицерлик унвонини олган, аммо жанговар тажрибага эга бўлмаган. 155-бригадада уни муҳандислик таъминоти взводига командир этиб тайинлашган, ҳолбуки у ўзида тегишли билим ва кўникмалар йўқлигини айтган.
Уни қўмондонлик таркиби вакили сифатида Францияда тайёргарликдан ўтиш учун юборишган. Аммо унинг фикрича, тайёргарлик даражаси керакли даражада бўлмаган. Ва украин жангчилари Францияда мунтазам қўриқлов ва назорат остида бўлганига қарамай, улардан айримлари барибир яширинишга муваффақ бўлган.
«Биз яшаган ҳудуд тўлиқ ўраб олинганди. Ҳаммаёқда ит етаклаган французлар юрарди. Тунда ҳудуд устида дронлар учириларди. Девор тиканли сим билан ўралганди. Аммо қандайдир тарзда у ердан ҳам қочишнинг уддасидан чиқишди. Тўғрисини айтсам, агар бизни қамоқхонадагидек қўриқлашмаса, ярмимиз қочиб кетган бўлардик», — деган ҳарбий.
155-бригаданинг Франциядаги машғулотлар вақтида бинони штурм қилиш машқи
Ҳозирда Давлат тергов бюроси оммавий дезертирлик сабабларини ўрганмоқда, аммо «Анна Киевская» билан боғлиқ вазиятни уникал дейиш мумкинми?
BBC Украина бош прокуратураси сайтида эълон қилинган маълумотларга асосланиб аниқлашича, 2024 йил кузи охиригача мамлакатда ўз хизмат жойини ўзбошимчалик билан тарк этиш ва дезертирлик фактлари бўйича 95 мингдан ортиқ жиноий ишлар очилган.
Нашрнинг Бош штабдаги манбаси ҳақиқий рақамлар янада юқори экани — 100-150 минг ҳолат қайд этилганини айтган. Гарчи бу маълумот расман тасдиқланмаган бўлса-да, амалда бу мудофаа кучларининг бутун таркибининг ўндан бирини ташкил этади.
Бундай ҳолатлар сони 2024 йилда ошгани мажбурий сафарбар қилинган ҳарбий хизматчилар (уларни кўчада ёки бошқа жамоат жойларида ушлаб, ҳарбий комиссариатларга олиб кетишмоқда) сони сезиларли даражада ошгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Одатда бундай тоифада мотивация бўйича катта муаммолар бўлади.
Яна бир сабаб — кенг кўламли урушнинг илк ойларидан буён, узоқ вақт давомида таътил олмасдан фронтда жанг қилган ҳарбийлар руҳан ва жисмонан чарчаганидир.
Ҳудудий мудофаа қўшинларидаги бригада командирларидан бири бу масалага изоҳ бераркан, унинг бўлинмасидаги жангчиларнинг 20 фоизга яқини дезертирлик қилганини айтади.
«Бошқа бўлинмаларда ҳам тахминан шундай рақамлар. Шифохонадаги ўртача ҳарорат шундай», — дея қўшимча қилган у.
Яъни «Анна Киевская»нинг кўрсаткичлари Украина қуролли кучларидаги ўртача статистикадан у қадар катта фарқ қилмайди.
Бундан ташқари, украин ҳарбийлари хориждаги машғулотлар вақтида дезертирлик қилиши 155-бригада учун камёб ҳолат эмас. Шунга ўхшаш ҳолатлар олдинроқ Германия ва Британиядаги машғулотлар чоғида ҳам кузатилган.
Қўмондонлик ва техника билан боғлиқ муаммолар
«Анна Киевская» дезертирликдан ташқари қўмондонлик ва бошқарувдаги чалкашлик каби муаммоларга ҳам дуч келган.
Украинага қайтиб келингач, декабр ойи бошларида бригада командири Дмитро Рюмшин лавозимидан олинган.
«Мен бригадани тарк этяпман, аммо ушбу жасур жамоанинг бир қисми бўлганимдан доимо фахрланаман», — дейилган унинг 11 декабр куни эълон қилинган баёнотида.
Рюмшиннинг ўрнига 155-бригада бошқарувига полковник Тарас Максимов тайинланади. Ушбу офицер княз Роман Великий номидаги 14-алоҳида механизациялашган бригадани (доимий жойлашув манзили Волинск области Володимир шаҳрида) бошқарганида танилганди.
Максимов II даражали Богдан Хмелницкий ордени ва қирол Даниил Галицкий ордени билан тақдирланган.
Декабр ойи бошида «Анна Киевская» бригадаси командири Дмитро Рюмшин (чапда) лавозимидан олинганди. Унинг ўрнига полковник Тарас Максимов (ўнгда) тайинланган. Бу айнан бригададаги дезертирлик можароси билан боғлиқ
Юрий Бутусов келтирган маълумотларга кўра, 155-бригада тузилганидан буён унинг штати етти бор ўзгарган. Шу билан бирга, раҳбарлик лавозимидаги офицерлар кўп ҳолатларда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмаган.
«Цензор.Нет» бош муҳаррири бригададаги баталёнлардан бирининг «Ник» чақирув белгисига эга командиридан интервю олган, у бўлинмасидаги деярли барча жангчилар сафарбар қилинганлардан иборат экани ва рақиб позицияларини штурм қилиш буйруқларини бажариш учун керакли жанговар тажрибага эга бўлмаганини айтган. Роталар командирларида ҳам шу каби муаммолар бўлган.
«Бригада командири рота командирлари буни қила олмаса, демак баталён командири қилиши кераклигини айтди. Мен буни буйруқ сифатида қабул қилдим», — деган офицер.
Ресурслар чеклангани туфайли баталён командири жанговар топшириқни бажариш учун штурмовикларни эмас, техник таъминот ротаси ҳарбийларини олиб кетишига тўғри келган. Улар рақибни яксон этиб, позицияни эгаллаган, аммо қўллов йўқлиги туфайли у ерда мустаҳкам ўрнашиб қололмаган.
Шу билан бирга, баталён командири «Анна Киевская» бригадаси ҳозирда амалда шаклланиш жараёнида экани, жангчилар эндигина жанговар тайёргарлик ва мувофиқлаштириш босқичини ўтаётганини айтган.
«Агар бригаданинг куч ва воситалари тўлиқ, шахсий таркиб ҳам нисбатан яхши тайёрланган ва мувофиқлаштирилган бўлса, жанг қилиш ҳам осонроқ бўларди», — дея қайд этган «Ник».
155-бригада баталёнларидан бирининг командири «Ник» айтишича, бригада жанг майдонида ҳам амалда шаклланиш жараёнини давом эттирмоқда. Фото: Бутусов плюс
Бутусовнинг маълум қилишича, 155-бригада тўлиғича француз ҳамкорлар томонидан жиҳозланган, аммо Украинага қайтилганидан кейин унинг артиллериясининг бир қисми, биринчи навбатда Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари дивизиони бошқа жанговар бригадаларга ўтказилган.
Бутусов «Анна Киевская»да радиоэлектрон кураш воситалари ҳамда дронлар билан боғлиқ муаммолар ҳам борлигини ёзади. Ушбу ҳарбий тузилмага фақат 150 та дрон берилган — бу олдинги чизиқдаги «энг кўп сарфланадиган» қурол учун жуда кам миқдор саналади.
Комбат «Ник» дронлар билан боғлиқ муаммо бўлганини тан олади, аммо бу масала кўнгиллилар ёрдамида ҳал этилмоқда. Шунингдек, дрон операторларини ўқитиш учун қўшимча машғулотлар ўтилмоқда, чунки Францияда бу соҳада олинган билимлар Украинадаги жанг майдони учун етарли бўлиб чиқмаган.
«Бизда (дронлар билан боғлиқ) ҳолат бошқа бригадалар билан солиштирганда у қадар ачинарли эмас. Аммо ҳозирда уларнинг сони оширилмоқда», — деган офицер.
Ким айбдор?
Юрий Бутусов айтишича, «Анна Киевская»ни тайёрлаш ва унинг бўлинмаларини фронтга юборишга «Ғарб» оператив қўмондонлиги масъул бўлган. Бригада қўмондони Рюмшин эса жангчиларнинг иштиёқсизлиги ва бўлинмаларни бошқаришдаги муваффақиятсизлик учун лавозимидан айрилган.
Аммо «Ғарб» қўмондонлигидагилар BBC учун берган изоҳида «Анна Киевская» бригадаси учун жавобгар бўлмаганини билдиришган. Шу билан бирга, ушбу тузилмани тайёрлашга айнан ким жавоб берганига аниқлик киритилмаган. Ҳозирда бригада «Ҳортица» оператив-стратегик гуруҳи таркибидаги «Донецк» оператив-тактик гуруҳи бўйсунувида.
«Улар (155-бригада жангчилари) амалда бизнинг бўйсунувимизда эмасди. Улар «бизники» эди, аммо барча тайёргарлик ва бошқа ишлар Бош штабнинг бошқа таркибий бўлинмалари ва бошқармалари томонидан амалга оширилган», — деган «Ғарб» оператив қўмондонлиги вакили, полковник Олег Домбровский.
«Кўряпсизми, бу бригадада юзага келган муаммолар ва вазият, аслида фронт чизиғидаги вазифаларни бажараётган деярли барча ҳарбий тузилмаларимизга хос, — дейди офицер. — Аммо бу шу тарзда юзага чиққани — бу бўйича нимадир қилиш кераклиги ҳақидаги огоҳлик қўнғироғи».
Домбровский 155-бригада муаммоларини етарлича «типик» деб атаган ва бунинг сабаби «глобал масалалар»да эмас, балки кўпроқ шахсий таркибда, деган фикр билдирган.
«Борми, бор, қабилида бўлган. Аммо бундай хулосалар чиқариш лозим», — дейди у.
Эскилари ўрнига янги бригадалар
Ҳарбий таҳлилчи Михайло Жирохов «Анна Киевская» бригадасининг муаммолари бутун Украина қуролли кучлари учун хослиги ҳақидаги фикрларга қўшилади. Бу сафарбар қилинган пиёда қўшинлар етарли даражада тайёргарликка ва иштиёққа эга бўлмагани, қўмондонлик таркиби тез-тез ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ҳамда техника ва ўқ-дорилар етказиб берилишидаги узилишларни англатади.
Таҳлилчилар, депутатлар ва ҳарбийлар ечим сифатида янги бригадалар шакллантириш амалиётидан воз кечиб, мавжудларини кучайтиришни таклиф қилади. Бу қуролли кучлар таркибида фақат қоғозда жанговар кўриниб, фронт чизиғига борганида муаммоларга дуч келадиган «зомби бўлинмалар» пайдо бўлишига барҳам бериши керак.
Ҳозирда бош штаб кўп ҳолларда мавжуд жанговар бригадаларни фақат бириктирилган бўлинмалар билан мустаҳкамламоқда, булар одатда вақтинчага қўшиб бериладиган баталёнлар бўлади.
Аслида бундай янги бригадалар пайдо бўлиши ғарб қуроллари билан боғлиқ, дейди Жирохов. Оператив вазият Украина қуролли кучлари бош штабига жанговар бригадани қайта қуроллантириш учун фронт чизиғидан олиб чиқишга имкон бермайди. Бунинг учун янгисини тузиш осонроқ.
«Масалан, 155-бригада тўлиғича француз қуроллари билан жиҳозланган. Ҳозирда фронтда турган «эски» бригадани қайта жиҳозлаш учун уни қайта тиклаш мақсадида олиб чиқиш талаб этилади», — дея изоҳлайди таҳлилчи.
«Анна Киевская»нинг муаммолари чиндан ҳам деярли барча янги тузилган бригадалар учун хос, дейди ҳарбийлар ва экспертлар
Бригадани қайтадан тиклашга камида икки ой кетади, бу вақтда янги қуролларни ўзлаштириш ва улар билан машғулотлар ўтказиш керак бўлади. Интенсив ҳарбий ҳаракатлар шароитида эса бу деярли имконсиз.
Чиқиш йўли бутун бригадаларни эмас, алоҳида баталёнларни босқичма-босқич ротация қилиш бўлиши мумкин. Муаммоларнинг яна бир ечими — янги бригадаларни нолдан эмас, балки тажрибали жанговар офицерлар асосида ташкил этиш.
«Яъни уруш кўрган бир баталён бўлса, унинг атрофида янги бригада шакллантирса бўлсади», — дейди Жирохов.
Шу билан бирга, «эски» бригадалар кўпинча энг яхши офицерларини бошқа «янги» бригадага юборишни истамайди, дея қўшимча қилади у. Таҳлилчининг фикрича, Украина қуролли кучларини асосини полк даражасида кенгайтирилган баталёнлар ташкил этувчи дивизия тизимига ўтиши орқали вазиятни қисман тузатиш мумкин.
"Аммо, бу кенг кўламли уруш шароитидаги армия учун узоқ ва қийин кечадиган жараён", дейди эксперт. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Юрак хуружининг олдини олиш учун бир умрга татигулик маслаҳатлар
Тунги барни реклама қилиш учун қизларни кетига урган йигитга қандай чора кўрилди?
Зеленский Украинада сайловлар қачон бўлиб ўтишини маълум қилди
Қозоғистонда AZAL йўловчиларини қутқаришда иштирок этган 19 кишига давлат мукофотлари топширилди
Ҳарбий таҳлилчи: “Украина кунига 20 квадрат километргача ҳудуд йўқотмоқда”
Ҳайдовчисиз такси манзилига етиб келган йўловчини туширишни «хоҳламади»...
Тошкентда 10 метрлик чуқурликка тушиб кетган фуқаро қутқарилди
Toyota компанияси Alphard минивенининг иккита янги версиясини тақдим этди