21:01 / 04.03.2025
44

Ташаббус Европада. Лондонда нималар муҳокама қилинди?

Ташаббус Европада. Лондонда нималар муҳокама қилинди?
Оқ уйдан ҳафсаласи пир бўлиб қайтган Зеленскийни Лондонда қучоқ очиб кутиб олишди. АҚШ ёрдами тўхтаётган бир вақтда, Европа Украинани қўллашда ташаббусни ўз қўлига олди. “Геосиёсат”да Россия–Украина урушининг дипломатик фронтдаги картиналарини сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Мухтор Назиров ва Бектош Бердиев шарҳлади.

— Макроннинг 1 ойлик оташкесим ҳақидаги таклифига томонлар рози бўладими? Қайсидир томон қарши бўлса, сабаби нима?
Мухтор Назиров
: Бир ойлик сулҳ, менимча, ҳозир таклиф даражасида, бу таклиф узоқ муддатли тинчликка олиб борувчи вақтинчалик ўтиш даврини назарда тутади. Европа давлатлари ҳам тинчликни парвариш қилиш масаласини ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш масаласини аниқлаб олишлари керак.

Хатто Зеленский ҳам бу масаладан хабари борлиги билдирган. Лекин буни ҳали қайта ишлаши керак, яъни бу ҳозир таклиф даражасида. Назаримда, Трампга худди шундай аниқ АҚШнинг манфаатлари кўрсатиладиган ва Европанинг имкониятларини тақдим этадиган таклифлар керак.

Украина музокараларга киришса ҳам кучли позицияда бўлиши керак, акс ҳолда, музокаралар бир томоннинг устунлигида ўтади.

Камолиддин Раббимов: Ўзи сулҳнинг стратегияси ёки вазифаси нима деган савол пайдо бўлади. Инсоният тарихида урушлар жуда кўп бўлган. Тўғридан тўғри бирданига ниҳоясига етиб қолмайди. Ҳозир бир ойлик сулҳнинг асосий мақсади уруш чегараси ҳозиргидек нуқтада тўхталсин, иккита томон ҳам бир-бирига ўқ отмасин деган позицияда. Бу тўлақонли тинчликка эришишдан олдинги вазиятни музлатиш дейилади. Яъни бир ой давомида биз бу ёқда келишув ишлаб чиқамиз, унгача сизлар урушмай туринглар, дейилган нарса.

Лекин бу ерда жуда зиддиятли масалалар ҳали кун тартибида турибди. Асосий масалалардан бири бу чегара масаласи.

Ундан ташқари бу ерда иккита масала бор: агар тарафлардан биттаси ички жамиятда розиликка эришмаса, маълум бир муддатдан кейин уруш қайтадан бошланади. Масалан, “Иккинчи жаҳон уруши”, Германия ўзини ютқазиб қўйган деб ҳисоблаган ва қолган давлатлардан ўч олишга киришган, унинг учун узоқ муддат тайёрланган. Худди шундай, Россиянинг, Путиннинг хавотири, Украинанинг қолган қисми НАТОга кирадиган бўлса, “Бизга бундай тинчлик керак эмас”, деяпти. Кремлнинг қўяётган шартларидан биттаси – Украина нейтрал давлат сифатида қолиши кераклиги.

Россия бир қанча имконсиз шартларни илгари суряпти, яъни босиб олинган ерларни Украинага қайтариб бермаслик. Иккинчиси, конституцияга киритган ҳудудлар бор, тўртта вилоят, улар Россияга берилмагунча рози эмас. Учинчиси, Украина НАТОга кирмасин, яъни бу Украина учун тўлақонли тарихий капитуляция. Лекин НАТОга аъзо бўлиш масаласи, менимча, Путин ҳокимиятдан кетгандан кейин бу масала қўйилиши мумкин. Буни Россия яхши билади, шунинг учун ҳам Путин босиб олинган ерлар масаласини ҳозир расмийлаштирмоқчи. Яъни Украина билан Россиянинг чегара тўғрисидаги қарашлари, фундаментал бир-биридан фарқ қилади.

— Урсула фон дер Ляйен Европанинг қуролланиш заруриятини ўртага қўйди. Евроиттифоқ АҚШсиз замонавий ҳарбий саноатга эриша оладими?
Бектош Бердиев
: Лўнда қилиб айтганда албатта эриша олади, фақатгина бунга вақт керак, чунки Европада ресурс етарли. Европада ҳарбий техника, инженерия, саноат ҳаммаси етарли. Фақатгина уни ривожлантириш ва керагича захирани тайёрлаб олиш учун вақт керак бўлади ва бу вақт албатта энди бир кун, бир ой, бир йил, беш йил етарли эмас, балки ундан ҳам кўпроқ вақт кетиши мумкин. Ҳозирги кунда НАТО тизимидаги асосий қурол тизимлари АҚШда ишлаб чиқарилади. Лекин ҳар хил турдаги самолёт ва ракеталар Германия, Франция ва Италия каби давлатларда ишлаб чиқариляпти.

Демак, айтишимиз мумкинки, бугунги Европа жуда катта ҳарбий техникавий ва илмий потенциалга, шунингдек, молиявий потенциалга ҳам эга. Энг муҳими, ирода бор ва мана шу иродадан фойдаланиб, бугун Европа албатта буни бир имконият сифатида қараб, ўзининг хавфсизлик тизимини ярата олиши мумкин. Лекин бошқа томонини тан олайлик: Трамп неча йил ҳокимиятда ўтиради ва қандай ҳолатда кетади? Ундан кейинги ҳокимият АҚШ ва Европа ўртасидаги узилган ришталарни қайтадан боғлай оладими? Америка Қўшма Штатлари билан Европанинг муносабатлари қандай кечади?!

Мухтор Назиров: Европа учун Европадан ташқари босимлар кучли, унда ўзи мустақил равишда ҳаракат қилиш қобилияти ва ҳозирги НАТО билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Энг асосий моддаси, бешинчи модда бўлмаса, бу ташкилотга эҳтиёж бўлмас эди. Чунки сўнгги мустақил ҳарбий амалиётни Югославия операцияси вақтида амалга оширган.

Сўнгги пайтларда НАТО кўпроқ АҚШнинг ташқи операцияларда иттифоқчиси ёки ёрдамчиси сифатида шаклланиб қолган. Қурол-яроғ ишлаб чиқариш масаласида, ҳозирги биз кўп тилга оладиган қурол-яроғларнинг аксариятида барибир АҚШнинг компонентлари мавжуд. Шу вақт давомида Европа билан АҚШ ҳарбий саноат масаласида интеграциялашиб кетганки, алоҳида бирор маҳсулот ишлаб чиқариш қийин. Бу борада АҚШнинг устунлиги бор.

Кейинги масала эса Европада ҳозир шу хавфсизлик борасида масъулиятини зиммасига олиш учун жуда катта тарихий имконият бор. Балки тизимли равишда бунга ҳаракат қилинса, амалга ошириш мумкин. Ҳозирги кунда АҚШ манфаатларига ҳам мос келади. Учинчидан эса Европа давлатларида кузатувларимиз кўрсатадики, шундай кайфият борки, ҳар тўрт йилда Америка сиёсати ўзгариши уларнинг ташқи сиёсатларини жуда ҳам риск остига қўйяпти. Сиёсий рисклар ошиб кетмоқда.

Бу Совуқ уруш давридаги сиёсат эмас, қачон Республикачилар ёки Демократлар келишидан қатъи назар, умумий линия ўзгармайди, лекин ёндашувлар ўзгариши мумкин. Ҳозирги Трамп даврида айнан шу умумий линия билан бир қаторда фундаментал ўзгаришлар ҳам бўляпти. Бунга Европа давлатлари ўзига хос тайёргарлик кўриши, кўпроқ мудофаа саноати ва хавфсизлик институтларини, яъни НАТОга муқобил эмас, унга параллел равишда ишлай олиши мумкин бўлган хавфсизлик институтларини шакллантириш орқали эришиш мумкинлигини англаш мумкин.

— АҚШ иштирокисиз Европа тинчликпарвар кучлари ҳудудга кирса, Россия қандай жавоб беради?
Камолиддин Раббимов
: Россия шу пайтгача ташқи ишлар вазири Лавров орқали бу масалага муносабат билдирди. Яъни ҳар қандай шаклда ҳам Украинада НАТОга аъзо давлатлар иштирок этмаслиги керак деяпти.

Бу нима дегани? НАТОга аъзо бўлган давлатлар НАТОнинг номидан эмас, ўзининг миллий армияси ёки давлати номидан ўзининг ҳарбийларини ёки тинчликпарвар кучларини юборадиган бўлса, биз буни қабул қилмаймиз деяпти. Агарки НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар бўлса, улар иштирок этишлари мумкин.

Масалан бундай ҳолатлар тарихда кўп бўлган Африкада, Осиёнинг баъзи бир давлатларида БМТ байроғи остида нейтрал давлатлар тинчликпарвар кучлари фаолият юритган. Россиянинг нигоҳида ҳам нейтрал бўлган, яъни Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Америка командасида бўлмаган давлатлардан тинчликпарвар кучлар келадиган бўлса, биз буни ўйлаб кўрамиз, деган бир позицияда турибди. Яъни Россия бу ерда имкон қадар ўз сарҳадларини кенгайтириб олишга имконият излаяпти.

Оқ уйдаги учрашув шуни кўрсатдики, Зеленский тўлиқ муваффақиятсизликка учради.

Трампга яқин бўлган баъзи бир сенаторлар, катта-катта йирик сиёсатчилар айтяптики: Зеленский билан келишувга эришиб бўлмайди, Зеленский билан Украина давлатчилигини сақлаб бўлмайди, деган бир кун тартибини олдинга суряпти. Зеленскийни ўйиндан чиқариш учун анча вақт керак бўлади ва бунинг учун сайловлар зарур. Сайловларни эса уруш фонида амалга ошириш мураккаб, айтайлик ҳозир март ойи бошланган бўлса, сентябр ёки октябр ойида сайловлар бўлиши учун шунча вақт Украина яна қайтадан турбулент ҳолатда қолиши керак. Яъни Украина давлатчилиги учун жуда ҳам катта босим ва мана шу фонда Россиянинг кун тартиби аниқ: уруш имкониятларини борган сари чўзиш, Украинага қўшимча босим қилиш. Чунки Россия ўзига ишоняпти, сабаби эса Америка ўйиндан чиқди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг