Голливудда “Оскар”га муносиб ҳайвон юлдузлари кимлар?

Кино саноатидаги ҳайвон қаҳрамонлар кўпинча томошабинлар хотирасида инсон актёрларидан кам бўлмаган из қолдиради. Уларнинг табиийлиги, сунъийликдан йироқлиги ва ролни самимий тарзда “яшаб бериш” қобилияти кўплаб фильмларда уларни ҳақиқий юлдузга айлантиради.
Кейко — эркинлик рамзи бўлган косатка

1976 йил атрофида Исландия қирғоқлари яқинида туғилган Кейко кейинчалик денгиз паркига олиб кетилган ва узоқ йиллар тутқунликда яшаган. Унинг ҳаёти “Виллини озод қилинг” фильми орқали бутун дунёга танилганидан сўнг кескин ўзгарди. Фильмдаги таъсирчан сюжет томошабинларни ҳайратга солиб, косаткани табиий муҳитига қайтариш бўйича кенг ҳаракат бошланишига сабаб бўлди. Кейко шу тариқа нафақат кино қаҳрамони, балки экологик ўзгаришлар тимсолига ҳам айланди.
Макс — “Ниқоб”нинг ёрқин юлдузи

Жим Керри иштирокидаги машҳур “Ниқоб” фильмидаги Макс ит образи томошабинлар ёдида чуқур муҳрланиб қолган. Кичик жуссасига қарамай, у саҳналардаги ҳазил ва динамик ҳаракатлари билан фильмга ўзига хос жозиба бағишлаган. Ушбу образ Жек-рассел-терьер зотининг оммалашувига ҳам катта таъсир кўрсатган.
Кристал— Голли вуднинг истеъдодли маймуни

Капучин турига мансуб Кристал ўнлаб машҳур фильм ва сериалларда иштирок этган. Унинг роллари орасида “Вегасдан Бангкоккача”, “Биз ҳайвонот боғи сотиб олдик” ва “Музейдаги тун” каби лойиҳалар бор. Мураббийлар унинг буйруқларни тез англаши ва профессионал иш услубини юқори баҳолашган.
Жимми — экранларни забт этган қарға

1930–1950 йиллар Голливудида Жимми номли қарға энг ноодатий актёрлардан бири бўлган. У “Оз мамлакати сеҳргари” ва “Бу ажойиб ҳаёт” каби классик фильмларда иштирок этган. Унинг ақл-заковати ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд бўлиб, ҳатто ёзув машинкасидан фойдалангани ҳақида ҳам гаплар тарқалган.
Барт — режиссёрлар севимли айиғи

Гризли турига мансуб Барт 15 дан ортиқ фильмда суратга тушган. У “Куз афсоналари”, “Оқ тиш” каби лойиҳаларда машҳур актёрлар билан бирга экранда пайдо бўлган. Катта жуссасига қарамай, у суратга олиш майдончасида интизомли ва осойишта ҳайвон сифатида танилган. Ҳатто уни “Айиқ” фильми учун “Оскар”га номзод қилиш таклифи ҳам билдирилган.
Кино тарихида бу каби ҳайвон актёрлар инсонлар билан бир сафда туриб, экрандаги образлар орқали катта шуҳрат қозонган. Улар табиийлиги ва самимийлиги билан миллионлаб томошабинлар қалбидан жой олган.





























Изоҳлар 0
…