
Хитойда ишлаётган археологлар кутилмаган топилмага дуч келди — улар тоғ довонларидан бирида тахминан 2800 йил аввал қурилган қадимий мудофаа деворини аниқлади.
Бу ноёб иншоот Хитойда биринчи император ҳукмронлигидан ҳам олдинроқ барпо этилган. У Шандун провинцияси шарқидаги тор тоғ йўлагидан ўтади.
Олимлар топган деворнинг кенглиги дастлаб тахминан 10 метр бўлган, бироқ Уришаётган подшоҳликлар даврида (милоддан аввалги 475-221 йиллар) у сезиларли даражада мустаҳкамланиб, қуриб битказилгандан сўнг, унинг кенглиги 30 метрга етган. Девор бўлакларидан ташқари, тадқиқотчилар уй-жой, йўл ва хандақлар қолдиғини, шунингдек, ҳайвон суяклари ҳамда ўсимлик қолдиқларини топди. Ушбу топилмалар мудофаа иншоотининг ёшини аниқлаш имконини берди.
Баъзи оммавий ахборот воситалари мазкур кашфиётни Буюк Хитой девори илгари тахмин қилинганидан 300 йил олдин қурила бошлаганига далил деб баҳоламоқда. Бироқ мутахассислар бу фикрга мутлақо қўшилмайди. Қуддусдаги Яҳудийлар университетининг Осиё тадқиқотлари бўйича профессори Гидеон Шелах-Лавининг тушунтиришича, топилган истеҳкомлар Буюк Хитой деворининг бир қисми эмас, балки алоҳида объектдир. У Хитой ҳудуди кўплаб мустақил давлатларга бўлинган даврда қурилган: бу давлатлар доимий равишда ўзаро урушлар олиб борган.
Шундай мудофаа иншоотларидан бири Буюк Ци девори (ёки Узун девор) ҳисобланади. У Шандун провинцияси орқали ғарбдан шарққа, Пинин округидан Тинч океани қирғоқларигача чўзилади. Ушбу объектнинг узунлиги 322 километрдан ошади. Бироқ янги истеҳком Ци деворининг бир қисми эмас, чунки у анча олдин, милоддан аввалги 800 йилда қурилган, Буюк Ци девори эса милоддан аввалги 441 йилда қурилган.
Яҳудий университети профессори Юрий Пайнс олимларнинг янги топилмасини “жуда муҳим” деб атади ва у Ци давлатига бостириб кириш учун ишлатилган стратегик аҳамиятга эга тоғ йўлагида жойлашганини таъкидлади. Эҳтимол, у ерда доимий аскар гарнизони жойлашган, улар ўтиш жойини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу деворни қурган бўлиши мумкин. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу мудофаа иншоотлари Узун деворнинг бир қисми бўлмаган, балки тор йўлак билан чегараланган маҳаллий ҳимоя чизиғи вазифасини бажарган.
Буюк Хитой девори тарихи бой ва ранг-баранг. Хитойнинг биринчи императори Цин Шихуан (милоддан аввалги 221-210 йиллар) даврида қурилиши бошланган девор алоҳида давлатлар томонидан қурилган олдинги деворларнинг бир қисмини, шу жумладан, Ци деворини ўз ичига олган. Кейинчалик, Мин сулоласи даврида (1368−1644) иншоот сезиларли даражада модернизация қилинди ва мустаҳкамланди.
Янги археологик кашфиёт Хитойда мураккаб мудофаа иншоотлари тизими мамлакат ягона империяга бирлашишидан анча илгари қурилганини яна бир бор тасдиқлайди. Шубҳасиз, қадимги Хитойда мустаҳкам деворлар барпо этиш душманлардан ҳимояланишнинг анъанавий усули бўлган.
Фото: Jinan Daily

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар