
Шимолий Муз океанидаги Шпицберген архипелагининг 2024 йилда сотувга чиқарилган кенг ер майдонига охир-оқибат харидор топилди. Агар Норвегия ҳукумати геосиёсий сабабларга кўра бу келишувни бекор қилмаса, харидорлар ер майдони учун сўралаётган 300 миллион евро миқдоридаги маблағни тўлашга тайёр. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, харидорлар орасида нафақат Норвегия, балки бошқа халқаро инвесторлар ҳам бор. Улар сотиб олинадиган ҳудудни узоқ муддатли экологик ўзгаришлардан ҳимоя қилишни мақсад қилган. Шу билан бирга, харидорлар орасида НАТОга аъзо мамлакатлар ва 1920 йилдаги Шпицберген шартномасига қўл қўйган давлатларнинг фуқаролари ҳам мавжуд.
Аммо бу ер майдонининг харидорлари ҳозирча Норвегия ҳукумати билан келишув бўйича расмий мулоқотни бошламаган. Шу билан бирга, бу ҳудудни сотиб олиш борасида ҳукумат билан келишув олиб бориш зарурлиги ҳам таъкидланмоқда.
Шпицберген архипелагидаги мазкур майдон Лонгйир шаҳридан 65 километр узоқликда жойлашган бўлиб, унинг майдони тахминан 6 минг гектарни ташкил қилади. Бу, таққослаш учун айтганда, АҚШдаги Манхэттен ҳудуди билан бир хил.
Ер майдони сотувга қўйилган пайтда бу қарорга иқлим ўзгаришлари, хусусан, Шпицберген ҳудудида музларнинг тез суръатларда эриши сабаб бўлгани айтилган эди. Айрим мутахассислар ўшанда бу ҳудуд Россия томонидан юк ташиш йўналишлари ва энергетик захираларни ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкинлигидан хавотир билдиришган. Шу боис Норвегия ҳукумати ушбу савдо-сотиқ жараёнини миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан қатъий назоратда ушлашини маълум қилганди.
Шунингдек, ердан фойдаланишга бир қатор жиддий чекловлар мавжуд: харидорлар 1920 йилги Шпицберген шартномасига сўзсиз амал қилиши керак. Унга кўра, архипелаг урушга оид мақсадларда ишлатилиши қатъиян тақиқланади. Мазкур шартномани Россия, АҚШ, Хитой ва Буюк Британия каби дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакати имзолаган.
100 йил аввал ушбу майдон Ослода яшовчи бадавлат оилага тегишли Aktieselskabet Kulspids номли компаниянинг мулки бўлган. Компания акциядорларининг исмлари ошкор қилинмаган, лекин уларнинг барчаси Норвегия фуқаролари экани маълум қилинди.
Маълумот учун, Шпицберген архипелаги Шимолий Муз океанида жойлашган бўлиб, умумий майдони 61 минг квадрат километрни ташкил қилади. Унинг ҳудудининг 60 фоизи доимий музлик билан қопланган. Архипелагдаги аҳоли сони 2020 йил ҳолатига кўра тахминан 3 минг кишини ташкил қилади.
Шпицберген АрхипелагиЕр МайдониНорвегия ҲукуматиЭкологик УзгаришларИнвесторлар ОрасидаГеосиёсий Сабаблар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар