
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз лавозимини 2029 йилда тарк этишини яна бир бор оммавий равишда тасдиқлади. Al-Jazeera телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари бу қарор халқ хоҳиши ва шахсий етук позицияси билан боғлиқ эканини маълум қилди.
— Мен буни аввал ҳам айтганман. 2029 йилда президентлик ваколатимни тугатаман. Бу — халқимнинг талаби ва менинг қатъий қарорим, — деди Тўқаев.
Президентнинг таъкидлашича, у давлат бошқарувини илоҳий масъулият эмас, балки халқ томонидан берилган ишонч деб билади.
— Президент Худонинг элчиси эмас. У халқ сайлаган ва ўз халқига хизмат қилувчи мансабдор. Қозоғистонда президентлик фақат етти йил билан чекланган, — дея қўшимча қилди у.
Ислоҳотлар — тўхтовсиз жараён
Қосим-Жўмарт Тўқаев ислоҳотлар йўлида Қозоғистон изчил ҳаракат қилаётганини ва бу жараён узоқ муддатли ҳамда барқарор эканини таъкидлади.
— Биз Қозоғистонни ислоҳотлар мамлакати сифатида яратишда давом этамиз. Мен аминман: миллий манфаатларимиз учун зарур бўлган ҳар қандай ислоҳотни амалга оширамиз. Бу жараёнга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев 2019 йилдаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида 70 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонган эди. 2022 йил ноябрида эса “Январь воқеалари”дан сўнг яна сайлов ўтказилиб, у 81,31 фоиз овоз билан иккинчи марта президент этиб сайланган. Мазкур сайловда ваколат муддати етти йил деб белгиланган ва у 2029 йилда якунланади.
Шунингдек, Тўқаев аввалги чиқишларида ҳам етти йиллик муддат сайловолди дастури ва режалаштирилган ислоҳотлар учун етарли эканини бир неча бор таъкидлаган эди.
Хулоса сифатида, Қозоғистонда ҳокимиятнинг ўзгариши аста-секинлик билан, тизимли ва демократик жараёнлар орқали амалга ошиши кўзда тутилмоқда. Тўқаевнинг ўз сўзида туриши эса Қозоғистондаги сиёсий барқарорликнинг муҳим белгиси сифатида баҳоланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар