
Илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган янги палеонтологик кашфиёт ҳақида маълум қилинди: олимлар 86 миллион йил аввал Гоби чўлида яшаган, аввал инсониятга номаълум бўлган янги тираннозавр турини аниқлашди. Янги топилма Khankhuuluu mongoliensis деб номланиб, машҳур T-Rex’нинг илк вакилларидан бири бўлиши мумкин, деб таъкидланмоқда.
АВС телеканали ва Science Alert сайтларининг ёзишича, ушбу турнинг қолдиқлари аввал 1970-йилларда Мўғулистоннинг Гоби чўлидан топилган, бироқ унга ўша вақтда етарли эътибор берилмаган ва у анъанавий алектозаврларга тегишли, деб ҳисобланган эди. Бир неча ўн йилликлардан кейин, 2023 йилда Калгари университети аспиранти бу қазилмаларни қайта кўриб чиқди ва бурун атрофидаги ноёб анатомик хусусиятлар орқали уларнинг бутунлай янги турга тегишли эканини илмий жиҳатдан исботлади.
Khankhuuluu mongoliensis ниcбатан кичик ўлчамларга эга бўлиб, узунлиги тахминан икки метр ва оғирлиги 750 килограмм атрофида бўлган. Оёқларининг тузилиши унга тез ҳаракатланиш имкони берган, аммо бош суягининг шакли ва чакка қисмларининг заифлиги уни Т-Rex сингари даҳшатли йиртқичга айлантирмаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу динозавр 20 миллион йилдан сўнг пайдо бўладиган ва тарихдаги энг машҳур йиртқичлардан бири саналган T-Rex’га эволюцион замин тайёрлаб берган.
Бу топилма олимларга тираннозаврлар эволюциясининг энг туманда қолган, илгари ҳеч қачон тўлиқ ўрганилмаган даврини ёритишга ёрдам берди. Эндиликда, олимлар ушбу янги тур орқали йиртқичлар ривожланиши, уларнинг ҳаёт тарзи ва ташқи муҳитга мослашиш механизмларини янада чуқурроқ ўрганиш имконига эга бўлди.
Қизиғи, палеонтология оламида фақат ўтмиш эмас, келажак ҳақида ҳам ғайратли тахминлар бор. Янги Зеландия олимларининг сўнгги таҳлилларига кўра, 2200 йилга бориб баъзи турдаги судралиб юрувчилар ер юзида гигант ҳажмга етиши мумкин. Ҳатто ҳозирда майда саналаётган игуаналар ҳам келажакда йирик итлар хажмигача ўсиши тахмин қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Khankhuuluu mongoliensis нафақат ўтмишга, балки келажакка ҳам янги суръат бағишлайдиган илмий кашфиётлардан бири бўлди. Бу эса инсониятни динозаврлар эволюцияси, табиат ва ҳаёт тараққиётининг ҳали номаълум қирраларини кашф этишга ундайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар