Олимлар тўрт қанотли янги динозавр турини аниқлади

Олимлар тўрт қанотли янги динозавр турини аниқлади

Хитойнинг Ляонин вилоятидан топилган жуда яхши сақланган скелет аввал номаълум бўлган Norellraptor barsboldi номли динозавр турига тегишли экани аниқланди. Унинг узунлиги 57 сантиметр бўлган. Тадқиқот натижалари Nature Communications журналида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, скелет маҳаллий фермер томонидан топилган. Қазилмада динозаврнинг олд ва орқа оёқлари ҳамда думидаги патларнинг излари ҳам сақланиб қолган. Шу сабабли у «тўрт қанотли» динозаврлар қаторига киритилмоқда.

Norellraptor barsboldi кичик йиртқич динозаврлар гуруҳи — микрорапторинларга мансуб бўлган. Олимлар унинг узун патли оёқлари дарахтдан дарахтга сирғалиб ўтишга мослашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ динозаврнинг фаол равишда уча олгани ҳозирча аниқ тасдиқланмаган.

Топилманинг асосий аҳамияти шундаки, унинг парвоз билан боғлиқ белгилари илк қушлардаги ўхшаш хусусиятлар билан солиштирилган. Тадқиқотчилар айрим белгилар икки гуруҳда ҳам пайдо бўлганини, аммо улар турли кетма-кетликда шаклланганини аниқлаган.

Toshga qotgan dinozavr skeleti rangli raqamli belgilar bilan ko'rsatilgan.

Бу эса парвоз қилиш қобилияти қушлар ва уларга яқин айрим динозаврлар гуруҳларида бир-биридан мустақил равишда ривожланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назарияни қўллаб-қувватлайди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, янги қазилмалар ва суякларнинг ўсишига оид қўшимча тадқиқотлар бу эволюцион жараён қанчалик кенг тарқалганини аниқлашга ёрдам беради.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар