
АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Ҳюизенга президент Доналд Трампга йўллаган расмий мактубида Вашингтонда C5+1 етакчилари саммитини ўтказиш ташаббуси билан чиқишди, деб хабар берди Камлагер-Давнинг расмий сайти. Ушбу саммит форумнинг 10 йиллигини нишонлаш муносабати билан ўтказилиши таклиф этилган.
C5+1 формати 2015 йилда АҚШнинг Марказий Осиёдаги бешта давлат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Бу платформа хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва экология соҳаларидаги мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қилиб келмоқда.
Конгрессменлар мактубида таъкидланганидек, форумнинг юбилей саммити АҚШ учун минтақадаги стратегик манфаатларни — хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, “юмшоқ куч” сиёсати ва бошқарув соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият бўлиши мумкин.
“Президентнинг C5+1 саммитидаги шахсий иштироки ушбу форумнинг 10 йиллигини муҳим дипломатик воқеага айлантиради. Бу АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларининг кейинги ўн йилликдаги йўналишини белгилаб бериши мумкин”, — дейилади мактубда.
Қонун чиқарувчилар маъмуриятни саммит доирасида амалий натижаларга эришиш ва минтақада узоқ муддатли шерикликни кафолатлайдиган янги келишувларни тайёрлашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, “Марказий Осиё — АҚШ” (C5+1) формати илк бор 2015 йил ноябрь ойида Самарқанддаги ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг йўлга қўйилган. Кейинги йилларда форум мунтазам равишда ташқи ишлар вазирлари даражасида ўтказилиб келди. 2023 йил сентябрда эса формат тарихида илк бор президентлар даражасидаги саммит бўлиб ўтди.
Охирги марта C5+1 доирасидаги вазирлар учрашуви 2024 йил 28 февраль куни Остонада ташкил этилган бўлиб, унда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари савдо, инвестиция ва иқтисодий ривожланишни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган эди.
Шундай қилиб, Вашингтонда саммит ўтказиш таклифи АҚШнинг минтақадаги иштирокини янада фаоллаштириш, Марказий Осиё давлатлари билан янги босқичдаги ҳамкорликни бошлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!