Россияда узоқ умр кўриш лабораторияси иш бошлади

Россияда узоқ умр кўриш лабораторияси иш бошлади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Москва шаҳридаги «Сколково» бошқарув мактабида инсон умрини узайтиришнинг иқтисодиёт ва давлат сиёсатига таъсирини ўрганувчи янги лаборатория фаолияти йўлга қўйилди.
  • Москва давлат университети Тиббиёт илмий-таълим институти директори Мария Воронсова узоқ умр кўришни соғлом турмуш тарзи ҳамда илм-фан ёрдамида табиий чегаралардан ошиб ўтиш босқичларига ажратишни таклиф қилди.

Россиянинг Москва шаҳридаги «Сколково» бошқарув мактабида инсон умрининг узайиши иқтисодиёт, меҳнат бозори ва давлат сиёсатига қандай таъсир қилишини ўрганувчи лаборатория очилди. Унинг ишга туширилишига бағишланган форумда Владимир Путиннинг қизи, Москва давлат университети Тиббиёт илмий-таълим институти директори Мария Воронцова ҳам иштирок этди. Бу ҳақда «Ведомости» нашри хабар берди.

Воронцова узоқ умр кўришни икки босқичга ажратишни таклиф қилди. Унинг фикрича, биринчи босқич инсоннинг соғлом турмуш тарзига риоя қилиши, тўғри овқатланиши ва мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши орқали табиий умр имкониятларидан тўлиқ фойдаланишидир. У бу имкониятни 85–90 йил деб баҳолаган.

Иккинчи босқич эса илм-фан ёрдамида инсон умрининг табиий чегараларидан ошиб ўтиш имкониятларини излаш билан боғлиқ. Воронцова бу жараённи «Худони ёки табиатни алдаш» деб таърифлаган. Шу билан бирга, у бу йўналишдаги илмий ютуқлар ҳозирча чекланганини таъкидлаган.

Воронцованинг тахминича, келгуси 10–20 йил ичида инсониятнинг ўлимдан қўрқиши соғлиқни сақлаш тизимини қариш муаммосига ечим излашга ундаши мумкин. Унинг қайд этишича, қаришнинг касаллик сифатида расман тан олинмагани ҳам унга қарши дори воситаларини ишлаб чиқиш ва клиник синовлардан ўтказишни мураккаблаштиради.

Skolkovo innovatsiya markazining binosi va uning fasadidagi yozuv.

Айни пайтда Россияда қариш жараёнига қарши курашишга қаратилган илмий ишланмалар ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, ёшга боғлиқ айрим ҳужайра ўзгаришларига таъсир кўрсатишга мўлжалланган препаратлар устида ишлар бор. Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова аввалроқ қаришга қарши препарат ишлаб чиқаришни 2028–2030 йилларда йўлга қўйиш режалаштирилаётганини билдирган. Бироқ бу қаришни тўхтатадиган восита аллақачон яратилганини англатмайди.

«Сколково»даги янги лаборатория эса узоқ умр кўришнинг тиббиёт, демография, иқтисодиёт ва стратегик бошқарув билан боғлиқ жиҳатларини ўрганади. Тадқиқотлар асосида кексаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва умр давомийлиги ортиши натижасида юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Россия ҳукумати мамлакатда кутилаётган умр давомийлигини 2030 йилгача 78 ёшга, 2036 йилгача эса 81 ёшга етказишни мақсад қилган. Мамлакатнинг 2025 йил учун эълон қилинган кўрсаткичларида бу рақам 73,4 ёшни ташкил этган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар