
2025 йил 9 декабр куни Берлинда бўлиб ўтган учрашувдан кейин Германия канцлери Фридрих Мерц журналистлар билан мулоқотда Украинага оид қарорлар бевосита Киев иштирокисиз қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, бу каби ёндашув «диктаторлик руҳидаги тинчлик»га айланиб кетиши ва бутун Европа хавфсизлигига путур етказиши мумкин.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан музокаралар якунида сўз олган Мерц фикрича, Украина тақдирига доир қарорларни Украина иштирокисиз муҳокама қилиш қаерда маъқул бўлмаса, Европа бўйича муҳим масалаларни ҳам европаликларсиз ҳал этиш мутлақо мумкин эмас. Немис канцлери DW журналистининг саволига жавобан барқарор тинчлик фақат очиқ мулоқот ва томонларнинг тўлақонли иштироки билангина эришилиши мумкинлигини урғулади.
Мерц шунингдек, бир кун олдин Лондонда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган музокаралар ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, ушбу учрашувда Украинада тинчликка эришиш бўйича реал ва амалий йўллар муҳокама қилинган, унда ҳар бир томон ўз қараш ва таклифларини баён этган.
Германия раҳбарига кўра, ҳозирда ушбу мулоқотлар асосида ягона қўшма таклифлар пакети тайёрланмоқда. Ушбу таклифлар яқин кунларда АҚШ раҳбарияти билан мувофиқлаштирилади ва шундан кейин Москва билан навбатдаги музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Мерц Россиянинг ушбу урушдаги ролини ҳам алоҳида тилга олди. Унинг фикрича, бу можарони Украина эмас, айнан Россия бошлаган ва агар истаса, урушни «бир неча соатда» тугатиш имкониятига ҳам эга. Шу боис Германия бу жараённинг иложи борича тез ишончли ва адолатли ечим билан якунланишидан манфаатдор.
Канцлер сўзининг якунида: «Шароитлар қай даражада шаклланаётгани яқин кунларда, эҳтимол, бир неча ҳафта ичида маълум бўлади», — дея таъкидлади. Европа раҳбарлари эса хавфсизлик ва тинчлик масаласида мутлақо хавотирсиз бўлмаслик кераклигини уқтирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.