date

Трамп ўзидан кейинги ворисни ўйлаб Вэнс ва Рубиони тарозига солмоқда

Трамп ўзидан кейинги ворисни ўйлаб Вэнс ва Рубиони тарозига солмоқда

АҚШда 2028 йилги сайловлар ҳали узоқдек кўринса-да, Вашингтон коридорларида “ким кейин?” деган савол анча олдиндан айланяпти. Axios бир нечта манбаларга таяниб ёзишича, Доналд Трамп атрофидагилар билан ворис мавзусини муҳокама қиляпти ва асосий танлов икки ном орасида — Жей Ди Вэнс ҳамда Марко Рубио.

Нашр келтирган фикрларга кўра, айрим маслаҳатчилар “идеал формула” сифатида Вэнс президент, Рубио эса жамоада кучли иккинчи рақам бўладиган сценарийни тилга оляпти. Шу билан бирга, Трамп Рубиони ҳам юқори баҳолаб, унинг “дипломат” услубини Вэнснинг “жангчи” характерига қарши қўяётгани айтилмоқда.

Axios талқинида яна бир қизиқ нуқта бор: Вэнсда 2028 йил учун аллақачон ишлайдиган сиёсий инфратузилма — маслаҳатчилар, стратегия ва ташкилий асос бор. Рубиода эса бундай тайёр “штаб” кўринмайди, лекин у Вэнс номзод бўлса, уни қўллаб-қувватлашини очиқ айтгани ҳақида маълумотлар келтирилади.

Бироқ рақобатни қизитадиган жиҳат ҳам шу ерда: Вэнснинг “камчилиги” сифатида унинг лавозими тилга олинади — вице-президент одатда ташқи сиёсат ёки фавқулодда қарорлар марказида давлат котибидек тез-тез кўринмайди. Рубио эса иши сабаб медиа майдонида кўпроқ кўринади, Трамп эса ахборот оқимига “чанқоқ” экани айтиляпти. Қисқача айтганда: ким кўпроқ кадрда — ўша кўпроқ эсда.

Шу пайтгачаги рақамлар ҳам Вэнс фойдасига. Нью-Ҳэмпшир университети Сўров маркази чиқарган сўровда (праймеризда овоз берадиган республикачилар орасида) Вэнс 53 фоиз билан пешқадам, Рубио эса 7 фоиз атрофида қайд этилган.

Январ охирида эса Трамп NewsNation'га интервьюсида Республикачилар орасида 2028 йил учун “кучли кадрлар” борлигини айтган ва Вэнс, Рубио ҳамда Скотт Бесентни алоҳида тилга олгани ҳам хабар қилинган.

Хулоса шундаки: 2028 йилги сайловга ҳали эрта, лекин сиёсатда “эрта” деган сўзнинг ўзи йўқ. Бугунги гап-сўзлар эртага катта штабларга, индинига эса реал тандемларга айланиб кетиши мумкин. Трамп эса ҳозирча икки номни ҳам “иссиқ” ушлаб турибди — бирига умид, бирига имконият қолдириб.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп ўзидан кейинги ворисни ўйлаб Вэнс ва Рубиони тарозига солмоқда