Эрон олий раҳбари томонидан АҚШ билан музокараларда иштирок этишга рухсат берилди

Axios нашрининг хабарига кўра, Эрон олий раҳбари АҚШ билан музокараларда иштирок этишга рухсат берган.
Манбаларга кўра, Эрон делегацияси музокараларда қатнашиш учун узоқ вақтдан бери “яшил чироқ”ни кутиб турган ва бу сигнал 20 апрель куни кечқурун берилган.
Шу қарор билан Теҳрон томони музокара жараёнига тайёр эканини расман билдирган.
Маълумотларда қайд этилишича, шу пайтгача Вашингтон ҳам Эрон томонидан аниқ жавоб сигнали кутган. Шу билан бирга, Покистон, Миср ва Туркия каби воситачи давлатлар ҳам Теҳронни музокараларга ундаган.
Бироқ Эрон ичида айрим кучлар, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, музокараларга шошилмаслик ва қатъий позицияни сақлаш тарафдори бўлган. Улар денгиз блокадаси бекор қилинмагунча музокараларга киришмаслик кераклигини билдирган.
Axios маълумотига кўра, музокараларнинг навбатдаги босқичи Покистон пойтахти Исломободда ўтказилиши мумкин бўлиб, АҚШ делегациясига витсе-президент ЖД Венс раҳбарлик қилиши кутилмоқда.
Ҳозирча Эрон расмийлари бу хабарлар юзасидан очиқ изоҳ бермаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!