Эрон Ҳурмуз бўғозини очишга тайёр: АҚШдан 7 та шарт бажарилиши талаб қилинмоқда

2 дақиқа ўқиш2
Эрон Ҳурмуз бўғозини очишга тайёр: АҚШдан 7 та шарт бажарилиши талаб қилинмоқда

Эрон АҚШ билан Ҳурмуз бўғозини очиш масаласида экспертлар даражасида музокара ўтказишга, ҳатто келишувни амалга ошириш муддатларини қисқартиришга ҳам тайёр. Бироқ Теҳрон Вашингтондан келишувга тайёрлигини очиқ билдириш ва ишончни мустаҳкамлаш чораларини кўришни талаб қилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчининг баёнотида бўғозни очиш учун еттита шарт бажарилиши лозимлиги таъкидланди.

Эрон ва АҚШ ўртасида Ҳурмуз бўғозининг очилиши бўйича эҳтимолий музокаралар учун эшик ёпилмаган. Теҳрон Вашингтон билан келишувнинг амалий механизмлари, шартларни бажариш тартиби ва муддатларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирмоқда. Аммо Эрон томони бу жараён АҚШнинг аниқ сиёсий позицияси ва ишончни тиклашга қаратилган чораларисиз бошланмаслигини таъкидлаяпти.

Теҳрон Вашингтондан қандай икки қадамни кутмоқда?

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи АҚШ президенти Дональд Трампнинг Вашингтон Теҳрон билан келишувга муҳтож эмаслиги ҳақидаги баёнотига муносабат билдириб, Эрон томони Америкадан ҳозиргача ҳеч қандай жавоб олмаганини айтди.

Аракчининг таъкидлашича, Теҳрон АҚШдан икки асосий қадамни кутмоқда:

  • Вашингтон Эрон билан келишувга эришишни исташини аниқ ва очиқ билдириши;

  • ишончни мустаҳкамлаш учун комплекс чоралар кўриши.

Эрон ташқи ишлар вазири бу талаблар бажарилса, икки мамлакат вакиллари Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича таклифни ва уни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

«Агар улар ушбу икки шартни бажарса, биз Америка томони билан бу лойиҳа ва уни амалга ошириш йўлларини муҳокама қилишга тайёрмиз. Бизнинг талабимиз аниқ: Ҳурмуз бўғози очилиши учун илгари сурилган еттита шартимиз бажарилиши керак. Албатта, агар америкаликларнинг бу шартларни амалга ошириш усуллари бўйича ўз таклифлари ва қарашлари бўлса, биз мулоқотга тайёрмиз», — деди Аракчи Iran нашрига берган интервьюсида.

Эрон 7 шартни бажариш муддатини қисқартиришга рози

Теҳрон музокараларда шартларни бажаришнинг аниқ муддати ёки техник механизмлари бўйича келишувга эришиш имкониятини ҳам инкор этмаяпти.

Аракчининг сўзларига кўра, Эрон ва АҚШ шартларни қандай шаклда расмийлаштириш, уларни амалга ошириш тартиби ва икки томонни қониқтирадиган келишувга қандай эришиш масалаларини муҳокама қилиши мумкин.

Вазир бу борада муддатлар ўзгариши Эрон учун принципиал масала эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, агар АҚШ шартларни бажариш жараёнини икки кундан бир кунга ёки ҳатто икки соатгача қисқартиришни таклиф қилса, Теҳрон бундай вариантни муҳокама қилишга тайёр.

«Масалан, агар улар муддатни (Эрон шартларини бажариш учун белгиланган вақтни) икки кундан бир кунга ёки ҳатто икки соатгача ўзгартиришни истаса, бу биз учун муаммо эмас. Муҳими, талабларимиз бажарилиши. Агар улар бажарилса, Ҳурмуз бўғози ҳам очилади», — деди Эрон ташқи ишлар вазири.

Ҳурмуз бўғози қачон очилиши мумкин?

Аракчининг билдиришича, Эрон экспертлар даражасида музокаралар ўтказишга ҳам тайёр. Бу жараёнда шартларнинг мазмуни, уларни амалга ошириш усуллари ва келишувнинг расмий шакли муҳокама қилиниши мумкин.

Вазир таъкидлаган икки кунлик таклифга мувофиқ, АҚШ Эрон талабларини бажарганидан кейин Теҳрон сув йўлини судна қатнови учун иккинчи куни очишга тайёр. Шунингдек, ўша куни икки мамлакат ўртасида музокаралар бошланиши ҳам кўзда тутилган.

Эроннинг талаблари АҚШ томонидан мамлакатга нисбатан жорий этилган сўнгги чеклов чораларини бекор қилишни ҳам ўз ичига олади.

Ҳозирча бу Теҳрон томонининг шартлари ва таклифи бўлиб, АҚШ уларга рози бўлгани ёки Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича амалий келишувга эришилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият нафақат Эрон ва АҚШ муносабатлари, балки халқаро савдо, энергетика бозори ва нефть ташиш йўналишлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Шу сабабли Теҳроннинг музокараларга тайёрлиги ҳақидаги баёноти минтақадаги геосиёсий вазиятнинг кейинги ривожланиши нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?