19:10 / 19.04.2017
4 417

Навальний: «Миграцион вазиятни назоратда ушлаш учун Марказий Осиёга виза режимини жорий этиш керак»

Навальний: «Миграцион вазиятни назоратда ушлаш учун Марказий Осиёга виза режимини жорий этиш керак»
Россиялик блогер Юрий Дудь ўзининг «ВДудь» каналида россиялик мухолифатчи, юрист ва блогер, «Коррупцияга қарши курашиш фонди» асосчиси Алексей Навальний билан катта интервью уюштирди деб маълум қилади Кун нашри. 2018 йилги Россия президентлик сайловларига ўз номзодини илгари сураётган Навальний, жумладан, марказий осиёлик меҳнат мигрантлари ҳақидаги фикрларини ҳам очиқлаган.
Қуйида интервьюнинг ана шу қисмида айтилган гапларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юрий Дудь.: - Сиз миллатчимисиз?
Алексей Навальний.: - Жуда кўпчилик мени шундай инсон, деб билади. Боз устига, жамоатчиликнинг либерал қисми мени кўпинча миллатчи, деб ҳисоблайди, миллатчилар эса либераст, деб таъна қилишади. Бегоналар ичра ўзимники, ўзимникилар ичра бегонадекман. Бу мафкуравий тамғаларнинг бирортасини менга нисбатан қўллаб бўлмайди. Менинг сайловолди дастуримда бир пункт бор ва уни миллатчилик руҳида, деб ҳисоблашади. Бу — Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий қилиш. 

Ю.Д.: - Кавказорти давлатлари билан ҳам...
А.Н.: - Ҳа, Кавказорти давлатлари билан ҳам ва бу ерда ҳеч қандай миллатчиликни кўрмаяпман. Чунки Германия менга визасиз киришга рухсат бермайди-ку? Мен эса давлатимизга Ўзбекистон ва Тожикистоннинг фуқаролари визасиз кириб келишини истамайман. Бу мутлақо меъёрдаги, Европага хос чора. 

Ю.Д.: - Бу ҳолатда сиз Европа иттифоқи билан визалар бекор бўлишини истайсиз-а?
А.Н.: - Албатта.

Ю.Д.: - Хўш, тожикнинг немисдан нимаси ёмон?
А.Н.: - Чунки немис ривожланган давлатда яшайди, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожланган мамлакатда. Мен тожик инсон сифатида, шахс сифатида, мавжудот сифатида немисдан ёмонроқ, деб ҳисобламайман, асло. Лекин бир нарсасиз шубҳасиз факт сифатида қайд этмоқ керакки, мен реал ҳаётда яшаяпман ва кўряпманки Ўзбекистон ва Тожикистон камроқ ривожланган давлатлар, у томонлардан наркотрафик келади, у ердан келаётган инсонлар юртида маошлар кам бўлгани сабабли, яхшироқ ҳаётни излаб келишади, у ерда яшаш хавфли, шу сабабли биз миграцион вазиятни назорат остига олиш учун виза режимини жорий этишимиз керак.

Ю.Д.: - Сиз ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганмисиз, бунақа ёндашув билан бироздан сўнг Германия билан ўртага тўсиқ қўйишга тўғри келади, у ёқда қанча қочқинлар юргани эътиборга олинса...
А.Н.: - Лекин қочқинлар Россия томон қочишаётгани йўқ. Фаразларни эмас, реал нарсаларни муҳокама қилайлик. Мен реал миграцион оқимни кўриб чиққанман: бизга Германиядан ҳеч ким қочиб келаётгани йўқ. Бизнинг рус кишиларимиз Германияга боришмоқда, бизга эса Марказий Осиё давлатларидан жуда кўп сонли одамлар келишмоқда. Бунинг ҳеч бир яхши томони йўқ, шу сабабли биз миграцион оқимни назорат остига олишимиз керак. 

Ю.Д.: - Келинг, шу мамлакатларни санаб чиқамиз. Демак, Марказий Осиё — бу Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Кавказорти давлатлари — Озарбойжон ва Арманистон. Грузия-чи?
А.Н.: - Грузинлар билан аллақачон визи тизими жорий қилганмиз, бунга ҳожат йўқ. Қозоғистонни санамадингиз...

Ю.Д.: - Нима? Қозоғистон билан ҳам виза жорий қиламизми?
А.Н.: Албатта! Мен бунга жавобан нима дейишингизни жуда яхши биламан — Қозоғистонда яшаш даражаси баланд, бизга у ердан меҳнат мигрантлари келаётгани йўқ ва ҳоказоларни мисол келтиришингиз табиий. Лекин барибир нормал миграцион сиёсат бўлиши шарт. Нормал миграцион сиёсатнинг асоси — виза режимининг жорий этилишидир. Қозоғистон билан бу борада бизда муаммо йўқ, бор дейиш аҳмоқлик бўлар эди, лекин барибир биз юқорида тилга олган давлатларнинг мигрантлари Қозоғистон орқали юртимизга кириб келишлари мумкин. Шу сабабли, Қозоғистон билан ҳам виза режими жорий этилиши керак, деб ҳисоблайман.

Ю.Д.: - Яхши... Она Россия ичидаги «Кавказ масаласи»ни қандай ҳал қилиш керак, деб ўйлайсиз?
А.Н.: - «Кавказ масаласи» деганда нимани назарда тутаяпсиз?

Ю.Д.: - Айтмоқчиманки... Келинг, муайян мисол келтираман: Рамзан Қодиров — Владимир Путиннинг содиқ аскари...
А.Н.: - Ҳаҳ, у ерда ҳамма ўзини содиқ аскар ҳисоблайди.

Ю.Д.: - Айтайлик, 2018 йилда Путиннинг курсисини Навальний эгаллайди. Рамзан Қодиров шу ҳолатда сиз билан бирга ишлайди, деб ўйлайсизми?
А.Н.: - Демак, Россиядаги ҳар қандай губернатор ва боз устига, Кавказ республикасидаги губернатор — Путиннинг содиқ аскари. Уларнинг ҳар бири Путинга сайловларда 99 фоиз овозни кафолатлайди. Кемеровода ҳам 99 фоиз, Мордовияда ҳам. Шу сабабли Рамзан Қодиров губернатор Меркушкиндан содиқроқ аскар, деган хаёлга бормаслик керак. Бу — биринчиси. Иккинчиси — Кавказ республикалари ва «Кавказ масаласи» мен учун Россиянинг бошқа ҳудудларидаги «Россия масаласи»дан мутлақо фарқ қилмайди. Шунчаки у ерларда аҳвол янада ёмонроқ, маошлар бошқа ҳудудларга нисбатан кам, коррупция кўлами ҳам кенгроқ, мана қаранг, ҳозир бутун мамлакатда юк ташувчи автомобил ҳайдовчиларининг норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда. Ҳайдовчиларнинг асосий ядроси доғистонликлар, Махачқалъа шаҳридан. У ерда ҳокимият ҳайдовчилар — бечора қора ишчиларга қарши қандай курашаётганини кўряпсизми? Уларни ҳибсга олишмоқда, калтаклашмоқда. Кавказ Россия муҳтож бўлган нарсага янада кучлироқ муҳтож.

Ю.Д.: - Бу гапларнинг барчаси чиройли сайловолди шиорлари. 
А.Н.: - Бу ҳаётий ҳақиқат.

Ю.Д.: - Яна бир карра такрорлайман: сиз Рамзан Қодиров билан қандай учрашасиз ва муаммоларни муҳокама қиласиз?
А.Н.: - Рамзан Қодировнинг биринчи навбатда Немцовнинг ўлими ва бошқа жиноятларга боғлиқлиги текширилиши керак. Унинг фаолияти тўлиқ суриштирилиши керак. Бу — Рамзан Қодировга нисбатан амалга оширилиши лозим бўлган биринчи иш. Унинг ўзи мени текширинглар, деб ётибди-ку? Шунчаки, уни ҳеч ким текшира олмайди. Эътибор қилинг, яқинда Немцовнинг ўлими юзасидан бир жараён бўлиб ўтди ва унда ФСБ тезкор ходимларидан сўрашди: Сизлар Геремеев (Қодировнинг қариндоши) ни ушлаш учун чиққансизлар. Нега унинг квартирасида тинтув ўтказмадингизлар? Улар эса, биз борганимизда квартира ёпиқ экан, эшикни тақиллатганимизда ҳеч ким очмади ва биз кетдик, деб жавоб беришди. Мана, менинг уйимда бир неча марта тинтув ўтказишган ва бу ҳол мутлақо бошқача юз беради. Эшикни очмасанг — арранинг овозини эшитасан ва эшикни арралай бошлашади. Бу суриштирувлар билан ҳеч ким шуғулланмаяпти, лекин бу ишлар амалга оширилиши шарт, жумладан, Рамзан Қодиров шахсига нисбатан ҳам. Кавказнинг барча етакчилари, ҳозиргилари ҳам, келгусидагилари ҳам доим оддий одам бўлишмайди ва мураккаб вазиятда ишлашади. Улар билан бошқа губернаторлар сингари қонунга асосланиб гаплашиш керак бўлади. 

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Навальний: «Миграцион вазиятни назоратда ушлаш учун Марказий Осиёга виза режимини жорий этиш керак»