Бошисиз икки ҳафта яшаган тилла балиқ олимларни ҳайратга солди

Бошисиз икки ҳафта яшаган тилла балиқ олимларни ҳайратга солди

Хитойда содир бўлган ғайриоддий воқеа интернет фойдаланувчиларини ҳайратга солди. Бош қисмининг катта қисми йўқолганига қарамай, оддий тилла балиқ қарийб икки ҳафта давомида тирик қолгани ва ҳатто бемалол сузгани тасвирланган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Дастлаб кўпчилик ушбу видеони сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сохта лавҳа деб ўйлади. Аммо кейинчалик мутахассислар воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлганини ва бу ҳолатни балиқ анатомияси билан изоҳлаш мумкинлигини маълум қилди.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йил бошида Хитойда рўй берган. Балиқ эгаси унинг бош қисмида тўқималар аста-секин емирилиб борганини айтган. Бу, эҳтимол, инфекция ёки сув сифати ёмонлашгани оқибатида юзага келган. Касалланган тўқималарни бошқа балиқлар чўқиб ейиши эса жароҳатнинг янада оғирлашишига сабаб бўлган.

Шунга қарамай, тилла балиқ кўзлари, оғзи ва миясининг бир қисми йўқолган ҳолда ҳам сузишда давом этган. Олимлар буни балиқ миясининг инсонникидан мутлақо бошқача тузилгани билан тушунтирмоқда. Ҳаёт учун энг муҳим вазифаларни бошқарувчи мия пояси тананинг ичкарироқ қисмида жойлашгани сабабли нафас олиш ва қон айланиши сақланиб қолган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, балиқларнинг сузиш ҳаракати ҳам доимий равишда мия томонидан эмас, балки орқа миядаги асаб тармоқлари орқали бошқарилади. Шунинг учун у бошининг катта қисми бўлмаса ҳам ҳаракатланишда давом этган.

Бундан ташқари, балиқ танасининг икки ёнида жойлашган махсус сезги тизими сувдаги босим ўзгаришларини ҳис қилади. Ана шу механизм унга кўзларисиз ҳам тўсиқларга урилмасдан сузиш имконини берган.

Афсуски, бу кураш узоқ давом этмаган. Балиқ тахминан икки ҳафта яшаганидан кейин нобуд бўлган. Олимлар унинг ўлимига катта очиқ жароҳат сабаб танасига ортиқча чучук сув кириб кетгани, организмдаги туз ва электролитлар мувозанати издан чиққанини асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар