Дунёда вақтни ҳисоблаш тизими ўзгармоқда: "кабиса сонияси" бекор қилинади

Дунёда вақтни ҳисоблаш тизими ўзгармоқда: "кабиса сонияси" бекор қилинади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Дунёдаги 69 давлат вакиллари 2027 йилдан бошлаб вақтни ҳисоблашда қўлланадиган кабиса сониясидан воз кечиб, унинг ўрнига янги тизимни жорий этишга овоз берди.
  • Янги тизимда мувофиқлаштирилган универсал вақт (УТК) билан Ернинг айланишига асосланган астрономик вақт ўртасидаги фарқ бир соатгача етишига рухсат берилади, бу эса компютер тизимлари ва бошқа инфратузилмалардаги носозликлар хавфини камайтиради.

Дунёнинг 69 давлати вакиллари вақтни ҳисоблашда қўлланадиган кабиса сониясидан воз кечиш ва унинг ўрнига янги тизимни жорий этишга овоз берди. Ўзгаришлар 2027 йилдан кучга кириши белгиланган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Қарор 15 октябрь куни Франциянинг Версаль шаҳрида Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси томонидан ташкил этилган конференцияда қабул қилинган. Янги тизимга кўра, мувофиқлаштирилган универсал вақт (UTC) билан Ернинг айланишига асосланган астрономик вақт ўртасидаги фарқ бир соатгача етишига рухсат берилади. Бироқ бундай фарқни тузатиш зарурати минглаб йиллар давомида юзага келмаслиги мумкин.

Ҳозирги вақт тизимида Ернинг айланишидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш учун зарурат туғилганда UTC’га бир сония қўшилади. Бу «кабиса сонияси» деб аталади. Аммо бундай кичик ўзгаришлар компьютер тизимлари, алоқа тармоқлари, сунъий йўлдошлар ва электр тармоқларида носозликларни келтириб чиқариши мумкин.

Масалан, 2012 йилда кабиса сонияси қўшилганидан кейин айрим компьютер тизимларида муаммолар юзага келган. Reddit ва LinkedIn сайтларида узилишлар кузатилган, Qantas авиакомпанияси рейсларида ҳам кечикишлар бўлган.

Олимларнинг тушунтиришича, Ернинг айланиш тезлиги доимий эмас. У сайёранинг ички тузилиши, океанлар ва атмосферадаги жараёнлар каби табиий омиллар таъсирида ўзгаради. Узоқ муддатда Ернинг айланиши секинлашиб боради, бироқ сўнгги йилларда унинг тезлашган даврлари ҳам кузатилган.

Шу сабабли мутахассислар вақтни мослаштириш учун келажакда бир сонияни қўшиш эмас, балки олиб ташлаш зарурати туғилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу «манфий кабиса сонияси» деб аталади ва ҳали амалда қўлланмаган. Олимлар бундай эҳтиёжнинг келгуси ўн йилликда пайдо бўлиш эҳтимолини тахминан 30 фоиз деб баҳолаган.

Янги тизимнинг асосий мақсади — вақтни ҳисоблашдаги тез-тез амалга ошириладиган кичик ўзгаришларни бартараф этиб, рақамли инфратузилмадаги носозликлар хавфини камайтириш. Бунда астрономик вақт билан расмий вақт ўртасидаги фарқ катталашишига йўл қўйилади, зарур тузатиш эса бир соатлик чегарага етганда амалга оширилиши мумкин.

Маълумот учун, 1967 йилда сониянинг таърифи цезий-133 атомининг тебранишларига асосланган ҳолда белгиланган. 1972 йилдан буён Ернинг айланиши билан мувофиқликни сақлаш учун UTC’га жами 27 марта кабиса сонияси қўшилган. Охирги марта бундай ўзгариш 2016 йил 31 декабрда амалга оширилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар