75 ёшли эркак сунъий интеллектдаги қиз учун хотинидан ажрашмоқчи бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойда 75 ёшли Сзян исмли нафақахўр интернетда сунъий интеллект ёрдамида яратилган виртуал қизга кўнгил қўйиб, кўп йиллик турмуш ўртоғи билан ажрашишга қарор қилди.
- Эркак виртуал образга шу қадар боғланиб қолганки, у билан кўпроқ вақт ўтказиш учун оиласини тарк этмоқчи бўлган.
- Вазиятга аралашган фарзандлар отасига қизнинг мавжуд эмаслигини ва у шунчаки компютер технологияси эканини тушунтиришга мажбур бўлишди.
Хитойда 75 ёшли нафақахўр интернетда сунъий интеллект ёрдамида яратилган қизга кўнгил қўйиб, кўп йиллик турмуш ўртоғидан ажрашишни сўради. Унинг фарзандлари эса вазиятга аралашиб, отасига виртуал образнинг аслида мавжуд эмаслигини тушунтиришга мажбур бўлди.
Beijing Daily нашри хабар беришича, Цзян исмли 75 ёшли эркак ижтимоий тармоқларни кўздан кечираётганида сунъий интеллект ёрдамида яратилган аёл образига дуч келган. Рақамли технологиялардан хабардор инсон учун бу тасвирнинг сунъий экани сезилиб турса-да, Цзян уни шунчаки у билан суҳбатлашишни ёқтирадиган гўзал қиз деб қабул қилган.
Ҳатто қиз гапираётганида унинг лаб ҳаракатлари овозга мос келмаслиги ҳам кекса эркакда шубҳа уйғотмаган. Вақт ўтиши билан у виртуал суҳбатдошига шу қадар боғланиб қолганки, куннинг энг ёқимли қисми телефон ёнида ўтириб, ундан янги хабарлар келишини кутишга айланган.
Қиздан келадиган хабарлар одатий ва бир хил мазмунда бўлса-да, Цзян уларни интиқлик билан кутган. Бир куни хотини уни телефондан ҳаддан ташқари кўп фойдаланаётгани учун койиган. Шундан сўнг эркак бир неча ўн йиллик турмуш ўртоғига ажрашмоқчи эканини билдирган. У виртуал қизга кўпроқ вақт ажратиб, бутун эътиборини унга қаратишни истаган.
Фарзандлари отасини ҳақиқатга қайтарди
Охир-оқибат, Цзяннинг фарзандлари вазиятга аралашишга қарор қилган. Улар отасига сунъий интеллект қандай ишлашини тушунтириб, у кўнгил қўйган қиз ҳақиқий инсон эмаслигини, балки компьютер технологиялари орқали яратилган виртуал образ эканини англатишган.
Шундан кейингина нафақахўрнинг вазиятга муносабати ўзгаришига имкон пайдо бўлган.
Бироқ Хитойда бундай ҳолатлар кам учрамайди. Айниқса, ёлғиз яшаётган, яқинлари билан кам мулоқот қиладиган ёки ҳаракатланиш имконияти чекланган кекса инсонлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган ишонарли контент таъсирига кўпроқ тушиб қолмоқда.
Сунъий интеллект образлари кексаларнинг ҳиссиётларига таъсир қилмоқда
Бугунги кунда интернетда турли эҳтиёжларга мослаштирилган сунъий интеллект образларини учратиш мумкин. Улар орасида расмий кийимдаги мутахассислар, ҳақиқий телебошловчиларга ўхшаш янгиликлар олиб борувчилар ва ёш талабалар қиёфасидаги виртуал персонажлар ҳам бор.
Бундай образлар инсонларнинг турли ҳиссий эҳтиёжларига таъсир кўрсатиш учун яратилади. Уларнинг кўпчилиги маҳсулот ва хизматларни тарғиб қилишга мўлжалланган бўлиб, кекса инсонлар айрим товарларнинг ҳақиқийлиги ва фойдасини текширмасдан сотиб олиши мумкин.
Шу билан бирга, сунъий интеллект орқали яратилган персонажлардан муайян ғояларни тарғиб қилиш, одамларнинг ишончини қозониш ва уларда виртуал образларга нисбатан кучли ҳиссий боғлиқликни шакллантириш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.
Мутахассислар кекса қариндошлари бор оилаларни уларнинг интернетдан фойдаланиш одатларига эътиборли бўлишга чақирмоқда. Айниқса, яқинлари телефон ёки бошқа электрон қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланаётган бўлса, улар билан мулоқот қилиш ва интернетдаги маълумотларнинг ишончлилигини текшириш муҳим.
Сунъий интеллект таълим, мулоқот ва кундалик вазифаларни бажаришда катта имкониятлар яратаётган бўлса-да, ундан нотўғри фойдаланиш ишонувчан ва ҳимояга муҳтож инсонлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин.






























Изоҳлар 0
…