24 йиллик изланишдан сўнг ота йўқолган қизини қандай топди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 1994 йилда бедарак йўқолган тўрт ёшли қизини 24 йиллик изланишлардан сўнг ДНК таҳлили орқали топган Хитойлик Ван Минсин ўз орзусига эришди.
- Қизини топиш йўлида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган ва 17 минг йўловчидан ёрдам сўраган ота, ниҳоят, қизи Кан Инг билан учрашди.
- Ушбу воқеа ота меҳрининг кучини ва умиднинг қанчалик муҳимлигини кўрсатди.
Хитойлик Ван Минциннинг тўрт ёшли қизи 1994 йилда бедарак йўқолган эди. Орадан 24 йил ўтса-да, ота уни топиш умидидан воз кечмади. У қизини излаб кўчаларни кезди, одамлардан ёрдам сўради ва ҳатто такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашга қарор қилди. Ниҳоят, унинг узоқ йиллик орзуси амалга ошди — ДНК таҳлили йўқолган қизи топилганини тасдиқлади.
Қиз мева растаси ёнида ғойиб бўлди
1994 йил 8 январь куни Ван ва унинг рафиқаси Хитойнинг Сичуань вилоятидаги Чэнду шаҳрида мева сотиш билан шуғулланаётган эди. Уларнинг тўрт ёшли қизи Ван Цифэн яқин атрофда ўйнаб юрганди. Ота-она уни қисқа вақтга кўздан қочириб қўйишди, аммо шу вақт ичида қиз ғойиб бўлди.
Улар бутун кун давомида кўчаларни айланиб, одамлардан қизини кўрган-кўрмаганини сўрашди. Тунги соат бирларда уйга қайтишга мажбур бўлган ота-она кўз ёшларини тўхтата олмади.
Эртаси куни улар полицияга мурожаат қилишди, болаларни ҳимоя қилиш ташкилотларидан маълумот сўрашди, газеталарда эълон беришди ва бедарак йўқолганлар базасини мунтазам текшириб боришди. Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади.
Кейинчалик оилада яна бир қиз дунёга келди, аммо ота-она катта фарзандини излашни тўхтатмади. Ваннинг қўлида Цифэннинг сурати бўлмагани учун у кичик қизининг расмидан фойдаланиб, кўчаларда одамлардан ёрдам сўради. Икки қиз бир-бирига жуда ўхшарди.
Қизини топиш учун 17 минг йўловчидан сўради

2015 йилда Ван Минцин қизини топиш имкониятини ошириш мақсадида Didi Chuxing платформасида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлай бошлади. У таксисининг орқа ойнасига қизининг сурати ва у ҳақида маълумот сўралган ёзувни жойлаштирди. Шунингдек, ҳар бир йўловчига Цифэн ҳақидаги маълумотлар ёзилган карточкаларни тарқатди.
Ваннинг ҳисоб-китобларига кўра, у икки ярим йил давомида тахминан 17 минг нафар йўловчидан қизи ҳақида сўраган.
2017 йилда йўловчилардан бири унинг ҳикоясини ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Воқеа тезда оммалашиб, миллий газеталар ва телеканаллар эътиборини тортди. Ван эса бу имконият қизини топишга ёрдам беришидан умид қилди.
«Энг катта орзуим — бир куни қизим машинамга ўтириб, “Дада!” деб чақиришидир», — деган эди у журналистларга.
Қизи билан қайта учрашса, унга нима дейиши ҳақида сўралганда, Ван кўз ёшларини яшира олмади.
«Кечир, қизим. Даданг ота сифатидаги масъулиятини бажара олмади», — деди у.
Интернетдаги фоторобот қизига етиб борди
Ваннинг ҳикояси миллионлаб хитойликларни таъсирлантирди. Машҳур CCTV телеканали бошловчиси Ни Пин ҳам унга ёрдам беришга қарор қилди. У тахминан 32 минг долларлик қадрли расмларидан бирини сотиб, қизини топишга кўмаклашган инсонга пулни беришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ванни «Waiting For Me» кўрсатувига таклиф қилди.
Оммавий ахборот воситаларидаги кенг ёритиш натижасида полициянинг фоторобот мутахассиси Цифэннинг вояга етганидаги эҳтимолий қиёфасини чизиб берди. Интернетда минглаб марта тарқалган ушбу расм Хитойнинг Цзилинь вилоятида яшовчи Кан Ингга ҳам етиб борди.
Расмни кўрган аёл ўзининг унга жуда ўхшашлигидан ҳайратга тушди. 2018 йил бошида у Ван билан боғланди. Суҳбат давомида улар Кан Ингнинг пешонасида кичик чандиқ борлиги ва йиғлаганда кўнгли айниши каби ғайриоддий ўхшашликларни ҳам аниқлашди.
Шунга қарамай, Ван ортиқча умидланишдан қўрқарди. Аввал ҳам полиция бир неча марта эҳтимолий мосликлар ҳақида хабар берган, аммо ДНК таҳлиллари ҳар сафар салбий натижа кўрсатган эди.
24 йиллик кутилган учрашув

2018 йил 1 апрель куни — ҳазил кунида Ван Минцин ниҳоят у 24 йилдан бери кутаётган хабарни эшитди. ДНК таҳлили Кан Инг унинг бедарак йўқолган қизи Ван Цифэн эканини тасдиқлади. Қиз Чэндуга бориб, ҳақиқий оиласи билан қайта учрашиши керак эди.
«Сўнгги 24 йил давомида қанчалик кўп умид, умидсизлик ва тушкунликни бошдан кечирганимизни сўз билан ифодалай олмайман. Энди, ниҳоят, яна учрашишимиз мумкин», — деди Ван «Beijing Youth Daily» нашрига.
Бироқ Цифэннинг қандай қилиб оиласидан ажралиб қолгани ҳанузгача номаълум. Маълумотларга кўра, Кан Инг ўзининг ҳақиқий ота-онасидан атиги 20 километр узоқликдаги шаҳарчада улғайган. Унинг қандай шароитда оиласидан айрилгани ҳақида ҳозирча батафсил маълумот йўқ.
Ван Минциннинг 24 йиллик изланишлари ота меҳри ва умиднинг кучини намоён этди. Шунча йиллик айрилиқдан сўнг ота ва қизга яна бир оила бўлиб яшаш имконияти туғилди.






























Изоҳлар 0
…