16:30 / 25.05.2019
3 331

Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (2-қисм)

Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (2-қисм)
«Араб баҳори» давомида шайх Салмоннинг Саудия Арабистонидан ташқарига чиқиши тақиқланган эди. Саудия қироли ушбу тақиқни бекор қилганидан кейин шайх 2016 йил ноябрь ойида хорижга сафар қилди. У Қарзовийнинг зиёратига борди. Бу сафар Қарзовий билан фиқҳий масалаларни муҳокама қилиш ва концептуал баҳслар ўтказиш эмас, шунчаки унинг соғлигидан ва оиласидан хабар олиш, у билан бирга унинг кутубхонасида вақт ўтказиш, у билан бирга яқиндан суҳбат қуриш ниятида эди.

Кўринишидан бу учрашувнинг ҳеч қандай маъноси бўлмаса-да, аслида жуда катта рамзий маъноларга далолат қиларди. Шайх Салмон Авда Ислом оламида Қарзовий чизган васатий йўлда унинг ўрнига қолиши мумкин бўлган номзодлардан бири саналади. Унинг ўзи ҳам «васатий мадрасаси»га мансублигини таъкидлаган. Шунингдек, у Саудия Арабистони халқини эргаштира оладиган етакчи ҳамдир.

Қарзовий шогирдлари билан учрашувида ҳам шайх Салмон унинг яқин шогирдлари – марокашлик Аҳмад Ройсуний ва суданлик Исом Башир билан бирга ўтирган эди. Ўша учрашувда «Мен таниган Қарзовий» деб номланган нутқини ўқиб эшиттирди. Уни Қарзовийга аталган қасийда билан бошлаб, унинг хизматларидан ва шогирди эканидан фахр туйишини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, Салмон Авда Қарзовий бошчилик қиладиган, Ислом оламидаги энг машҳур, аъзо уламолари ва давлатлари сонининг кўплиги жиҳатидан биринчи ўринда турадиган ташкилот – Бутун дунё уламолари иттифоқи раисининг ёрдамчиси эди. Буларнинг барчаси ҳеч қандай мухолифатга тоқат қилолмайдиган қироллик учун катта ташвиш саналади. Аҳмад Ройсунийнинг фикрича, Салмон Авда минтақа ва унинг ташқарисида таъсир доирасининг кенглиги, Қарзовий ва иттифоқ билан яқин алоқалари, Туркия билан яқинлашиш тарафдори бўлгани ва Қатар билан сулҳ тузишга чақиргани сабабли қамоққа олинган.

Шунингдек, шайх Салмон бир нечта илмий тадқиқот ўтказадиган марказ ва муассасалар асосчиси ҳамдир. Улар инсонларни фикрлашга, изланишга чорлаб келади. Бундай муассасаларнинг энг кўзга кўрингани «Ислом бугун» ташкилоти ҳисобланади. Шайх мазкур ташкилотга 10 йил бошчилик қилди, сўнгра уни дўсти Абдулазиз Торийрийга топширди.

У асос солган кўзга кўринган ташкилотлардан яна бири Ғарбда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан чизилган номақбул суратдан кейин у зотни бошқаларга танитиш ва туҳматлардан ҳимоя қилиш мақсадида Қувайтда очилган «Нусрат» ташкилотидир. Унга қўйилган 37 айбловлардан бири мазкур ташкилот билан боғлиқ.

Шайх Салмон Авданинг фаолияти фақат араб минтақаси билан чегараланиб қолган эмас. У Европада энг нуфузли Ислом ташкилотларидан бири – Европа фатво кенгашининг ҳам аъзоси саналади.

Буларнинг барчаси ҳокимиятда мутлақ ҳукмронлик қилишни хоҳлайдиган қироллик оиласининг пайтавасига қурт туширгани табиий. Энди улар шайхдан буткул қутулишни кўзлаган кўринади.
Давоми бор...

1-қисм
Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (2-қисм)