18:30 / 14.05.2021
2 120

Исроилдан Ғазога энг йирик ҳужум: 40 дақиқада самолётлар 150 та нишонни ўққа тутди (видео)

Исроилдан Ғазога энг йирик ҳужум: 40 дақиқада самолётлар 150 та нишонни ўққа тутди (видео)

Фото: News Club
Исроил мудофаа кучлари 14 майга ўтар кечаси Ғазо секторини можаро авж олганидан буён энг катта кўламда ўққа тутди. Бу ҳақда Times of Israel ҳарбийлар вакилларига асосланиб хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Ғазо шимолидаги 150 та нишонга тахминан 40 дақиқа ичида 160 та самолётдан 450 та ракета отилган. Ракета ҳужуми билан бирга чегара орқали артиллерия ва танклар томонидан ўт очилган.
Кечанинг бошида Исроил армияси ўз Twitter’ида «ҳаво ва қуруқлик кучлари Ғазода ҳужум уюштирмоқда» деб ёзди. Твит асосида кўплаб оммавий ахборот воситалари Ғазо секторида қуруқликдаги операция бошлангани ҳақида хулоса қилди.

Кейинчалик, Исроил армияси қуруқликдаги қўшинлар сектор чегарасини кесиб ўтмагани ва Исроил ҳудудидан туриб зарба бериш билан чегараланганини айтди. «ТАСС» хабарига кўра, Исроил мудофаа кучларининг расмий вакили «хатолик» учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Исроил ҳарбийларининг таъкидлашича, ҳужумнинг асосий нишони HAMAS жангариларининг ҳаракатланиш ва бошпана учун фойдаланадиган туннеллар тармоғидир.  HAMAS’га етказилган зарар кўлами ҳали аниқланмоқда.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги веб-сайтида хабар қилинишича, Исроилнинг Ғазо секторига ҳаво ҳужумлари ва ўт очиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 119 кишига етган, 800 киши жароҳат олган. Қурбонларнинг 31 нафари болалар, 19 нафари аёллар.

Исроилда ҳалок бўлганлар сони 13 май ҳолатига кўра, етти кишини ташкил қилган.
Исроил мудофаа кучлари хабарига кўра, Ғазо секторидаги жангарилар, ўз навбатида, тунда Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини давом эттирган. Кеча давомида Ғазодан 220 та ракета отилган, уларнинг аксарияти «Темир гумбаз» тизими томонидан тутиб қолинган, аммо бир нечтаси нишонга тегиб, бир киши жиддий жароҳат олган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Исроилдан Ғазога энг йирик ҳужум: 40 дақиқада самолётлар 150 та нишонни ўққа тутди (видео)