23:23 / 18.02.2022
1 357

ДХР ва ЛХР аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда

ДХР ва ЛХР аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда
Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари «Украина томондан ҳужум хавфи» туфайли аҳоли Россияга оммавий эвакуация қилинишини маълум қилди. ДХР ва ЛХР назорати остидаги ҳудудлардан одамларни қўшни Ростов областига кўчириш бошланган. Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Донбассдаги республикалардан Ростовга келаётган қочқинларнинг ҳар бирига 10 минг рублдан тўлаш бўйича кўрсатма берган.

Донбассдаги тан олинмаган распубликалар аҳолисини Россияга эвакуация қилишини эълон қилди. ДХР раҳбари Денис Пушилин биринчи навбатда аёллар, болалар ва катта ёшли кишилар олиб кетилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, эвакуация қилинганлар Ростов областига жойлаштирилади ва зарур воситалар билан таъминланади. Пушилиннинг мурожаатидан кейин Донецкда сиреналар янграй бошлади, шаҳар аҳолиси банкоматларга навбатга турди.

Кўп ўтмай Луганск халқ республикасида ҳам эвакуация ҳақида эълон қилишди. Унинг раҳбари Леонид Пасечник мобилизация мажбурияти бўлмаган ҳамда ижтимоий ва фуқаролик инфратузилмаларда фаолият кўрсатмайдиган аҳолини қисқа муддат ичида Россия ҳудудига чиқиб кетишга чақирди.

Ростов области губернатори Россия президентига мурожаат қилди. Регион раҳбари Василий Голубев Владимир Путиндан кутилаётган қочқинлар оқими учун шошилинч ёрдам сўради. Ўз навбатида, Путин Ростов областига ФВВ раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Чуприянни донбассликларни жойлаштириш ишларини ташкиллаштириш учун жўнатди. Шунингдек, у Россия ҳукуматига ҳар бир қочқинга 10 минг рублдан тўлаш бўйича кўрсатма берган.

ДХР ва ЛХР эвакуацияни региондаги кескинлик ўсаётгани билан изоҳлаган. Пушилин сўнгги ойларда ДХР «Украина чегарада ҳарбий хизматчилар ва учар қурилмалари сонини оширгани»ни қайд этгани, Украина президенти Владимир Зеленский эса «яқин вақт ичида ҳарбийларга ҳужумга ўтиш бўйича кўрсатма бериши» ҳақида айтди. Ўз навбатида, Пасечник «украин агрессори» туташув чизиғида провокация тайёрлаётгани ва ЛХР ҳудудига «чуқур кириб бориш»ни режалаштиргани ҳақида гапирди. У қўлига қурол олишга тайёр эркакларни «ўз ерини ҳимоя қилиш» учун оёққа туришга чақирган

Украинадагилар Донбассга ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган. «Биз Россия пропагандачиларининг гўёки Украинанинг ҳужум бошлаши ҳақидаги хабарларини қатъиян рад этамиз <…> Украина Донбассда бундай амалиёт режалаштираётгани йўқ. Биз фақат дипломатик ечим тарафдоримиз», — дея ёзди твиттерида Украина ТИВ раҳабри Дмитрий Кулеба. Украина қуролли кучлари раҳбари Валерий Залужний Донбассдаги «босқинчи маъмуриятлар»нинг украинлар ҳужуми ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган. Мамлакат президенти Владимир Зеленский ҳозирча вазият юзасидан муносабат билдирмади.

18 февраль куни кечқурун Донбасс аҳолисини эвакуация қилиш бошланган. «Интерфакс» агентлиги маълумотига кўра, дастлаб Донецкдаги № 1 мактаб-интернет тарбияланувчиларини олиб кетиш режалаштирилган. ДХРдаги Горловки посёлкаси аҳолиси учун маҳаллий вақт билан соат 19:30да (22:30 Тошкент) автобус юборилган. Ҳудуд расмийлари сафар учун олиш керак бўлган буюмлар рўйхати ва йиғилиш жойини эълон қилган. Кейинроқ Ясиноватая шаҳарчаси аҳолисини кўчириш бошланади.

ЛХР раҳбарияти биринчи галда туташув чизиғига яқин жойлашган аҳоли пунктларида яшовчиларни олиб кетишни режалаштирган. Республика таълим вазирлиги барча таълим муассасаларида ўқиш тўхтагани ва ЛХРдаги мактаб-интернатлар эвакуация қилинишини билдирган.

Ҳозирча, Ростов области расмийларига кўра, регион ҳудудига қочқинларнинг бирорта автобуси келмаган.

Донецкдаги ҳукумат биноси ҳудудида портлаш содир бўлди. ДХР халқ милицияси бошлиғи Денис Синенков «Интерфакс» билан суҳбатда унинг автотураргоҳдаги автомобили портлаб кетгани, ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилган.

Рубль курси ва Россия акциялар бозори қуламоқда. Москва вақти билан соат 19:00да доллар 67,25 копейкага қимматлаб, бир доллар 76,96 рублга етган, евро 69,75 копейкага қимматлаб, 1 евро 87,27 рублни ташкил этган. Асосий савдолар якунига кўра, Москва биржаси индекси 3393,31 пунктни (-3,4%), РТС индекси — 1391,31 пунктни (-4,1%) ташкил этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ДХР ва ЛХР аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда