Бундан бир нечта сон аввал биз сиз билан йигитлар севгисини аниқлаш усуллари ҳақида суҳбатлашгандик. Бугун эса қатъиятли жинс вакилларига ён босиб, уларнинг кўнглидаги маликалари севги дардига мубталоми, йўқми, шуни текширамиз.
Аёл табиати шунчалик беқарорки, унинг қандай туйғуни ҳис этаётганлигини тушуниш жуда қийин. Айниқса, эркаклар учун. Кўнгил қўйган қизингиз бир куни сизни меҳр-муҳаббат билан қарши олса, эртаси куни қор маликасига айланади. Бироқ, барибир, уларнинг баъзи одатига қараб муносабати жиддий ёки ҳавас эканлигини билиб олиш қийин эмас. Демак, агар қиз сизни яхши кўрса…
Совғалар бериб туради
Қанчалик ғалати туюлмасин, қизлар фақат совға олишни эмас, беришни ҳам яхши кўришади. Айниқса, севган инсонига. Ўзидан малика ясаб, «Йигит киши атрофимда совғалар билан парвона бўлиши керак», дейдиган қизлар ҳеч қачон севмаган бўлади. Қиз бола сизга совға бердими, демак, у сизни қувонтиришни истаяпти. Бу эса жиддий муносабатдан дарак. Хуллас, севиб қолганда аёлларнинг худбинлиги иккинчи ўринга тушиб қолади.
У сизга биринчи бўлиб қўнғироқ қилади ёки SMS ёзади
Қўнғироқлар қизнинг севгиси ҳақиқийлигини ошкор қиладиган асосий омиллардан бири. Агар қиз сиз билан мулоқот ўрнатиш истагида бўлса ва бутун бўш вақтини сизга бағишласа, демак, унга ёқасиз. Аксинча, учрашиш учун йигит доим биринчи қадамни ўзи ташласа ва кўпинча рад жавобини олса, қиз у билан учрашишга унчалик ҳам шошилмаётган бўлади. Қизлар ҳам худди йигитлар каби бўш вақтини жуда қадрлайди. Шундай қадрли вақтини тез-тез сиз учун қурбон қилиб турибдими, хотиржам бўлишингиз мумкин, у сизни севади.
«Йўқолиб қолсангиз», қаттиқ хавотир олади
Бирор иш билан чалғиб, қўнғироқ ёки SMSларига жавоб беролмай қолсангиз, бундан қаттиқ сиқилади. Яъни бу ҳолатни севиб қолган қиз жуда оғир қабул қилади. Ўзини йигитга керак бўлмай қолгандек ҳис этади, ҳаммаси кўнгилхушлик экан-да, деб ўйлайди. Агар узоқ вақт «йўқолиб қолган»ингизда хавотир олиб, яна SMS ёза бошласа ёки қўнғироқ қилса, сўзлар ўпка ва гиналардан иборат бўлса, хотиржам бўлаверинг. Бу яхши аломат. Вақт-соати етганда бу реакция ўтиб кетади.
Ҳис-туйғуларини аямайди
У сиздан хавотир олади ва ғамхўрлик қилади. Кунингиз қандай ўтгани у учун жуда муҳим, барча муаммоларингизни у билан бўлишишингизни истайди. Агар қиз сиз билан фақат кайфиятингиз яхши бўлгандагина учрашишни истаса, сиқилишларингизга парво қилмаса, демак, муносабатларингизни жиддий қабул қилмаяпти. Чунки ғамхўрлик ва меҳрибончилик — севгида жуда муҳим омил саналади.
У сиздан илҳомланади
Қиз бола севиб қолганини қандай билиш мумкин? Жуда оддий. Ҳар бир учрашувингиздан кейин унинг кайфияти кўтарилади, сиздан миннатдор бўлади, вақтини жуда яхши ўтказганини таъкидлайди. Агар учрашувдан сўнг қизнинг кайфияти кўтарилиб, энергияси ошиб кетса, бу жуда яхши аломат. Демак, сиз уни ҳиссий қувватлантиряпсиз. Бу туйғуни ҳис этмаслик мумкин эмас, у муносабатларни ривожлантиради.
У ҳеч қачон бошқа йигитларга ноз-карашма қилмайди
Қизлар руҳида муҳаббат аталмиш туйғу бош кўтардими, уларда автоматик равишда садоқат ҳам пайдо бўлади. Бошқа йигитларга қарамайди, ноз-карашма қилмайди, шунчаки у учун бошқа йигитлар мавжуд бўлмай қолади. Агар бир вақтлар ёқтиргани бўлса ҳам уни мутлақо эсидан чиқаради. У барча меҳр ва эътиборни фақат сиздан кўришни истайди. Фақат ва фақат сизнинг ёнингизда бўлиши керак. Аралаш даврада ўтирганда, севган қизингизни кузатиб кўринг, агар у бошқа йигитларга гап тагида гап қўйиб гапирса ёки мойиллик билдирса, бу муносабатдан яхшилик кутиб бўлмайди. Агар у сиздан кўз узмай, доим ёнингизда қолишни истаса, бошқаларга эътибор бермаса, демак, севади.
У сизни йўқотиб қўйишдан қўрқади
Жанжалли вазиятлар бўлганида у ҳеч қачон «Бўлди, орани очиқ қиламиз!» демайди. Турли сабаблар топиб бўлса ҳам вазиятни юмшатишга уринади. Нима бўлганда ҳам муносабатларни сақлаб қолиш лозим. Агар қиз доим ўзини ҳақ деб ҳисобласа ва сизнинг гапингизни бир тийинга олмаса, бу унинг худбинлиги ҳамда ўзини яхши кўриши аломати. Эртага ажрашиб кетсангиз ҳам унга, барибир. Бироқ агар қиз вазият қалтислашганда, ўз айбини дарҳол тан олиб, зиддиятни бартараф этишга уринса, унда сизни севиб қолган.
«Мен», «сиз» деб эмас, «биз» деб гапиради
Агар қиз сизни яхши кўрса, унинг учун «меники» ёки «сеники» деган тушунчалар йўқолиб, уларнинг ҳаммасини умумийдек қабул қилади. Ҳамкорингизга айланиб, кучи етгунча ёрдам беради. Ҳатто ҳеч нима қила олмаган тақдирда ҳам сиз унинг маънавий қўллаб-қувватлашини ҳис этиб турасиз. Муаммоли вазиятларда доим ёнингизда бўлади ва ҳеч қаерга кетиб қолмайди. Бу, ишонаверинг, қиз бола учун катта қурбонлик.
У сизни рашк қилади
Қизлар қалбида севги туғилганда, у билан бирга, албатта, рашк ҳам туғилади. Агар иш ҳали иқроргача бориб етмаган бўлса, қиз бола кўпинча рашкини яширишга ҳаракат қилади. Бироқ бу кучли туйғуни батамом яширишнинг иложи йўқ. Сиз, барибир, сезиб турасиз. Бир-иккита қизга яхши гапириб, севгилингизнинг реакциясини кузатинг, ўзини қанча қўлга олишга ҳаракат қилса ҳам кайфияти тушиб кетса, демак, сизга бефарқ эмас. Умуман рашк қилмаса, демак, муносабатингиз ҳали дўстона.
Барча камчиликларингизга кўз юмади
Агар қиз бола сизни севса, доимий кеч қолиш, ишингиз чиқиб қолиши ёки баъзи зарарли одатларингизни кечиради. У сизни борингизча қабул қилади: яхши ва ёмон жиҳатларингиз билан бирга. Сизни ҳадеб эговлайвермайди, унга ёқмаган жиҳатларингизни хотиржамлик билан ўзингизга тушунтиради. Бу шунчалик мулойимлик билан амалга ошириладики, кўнглингизга заррача оғир ботмайди. Чунки у сира хафа бўлишингизни истамайди.
У сизга ёлғон гапира олмайди
Агар унинг кайфияти бузилса, буни сизга билдиради. Ундай эмаслигини исботлаш учун ёлғон тўқийвермайди. Собиқ йигити безовта қилса ҳам дарҳол сизга айтади. Чунки у сизга ҳатто энг майда деталлар борасида ҳам ёлғон гапиришни истамайди. Севги бор жойда ёлғонга ўрин йўқ. Агар сиз тез-тез уни ёлғон устида тутиб олсангиз, демак, муносабатларингизни жиддий деб ҳисобламайди. У учун шунчаки вақтинчалик кўнгилхушлик, холос.
Сизга жуда ишонади
Бу жуда муҳим жиҳат, чунки ишонч бўлмаса, бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Сизни чинакам севадиган қиз телефонингизни текширмайди, иш ёки ўқишда ушланиб қолдим, десангиз, ортингиздан пойлоқчилик қилмайди. Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларингизни титиб юрмайди, ёзишмаларингизни ўқимайди. Чунки у сизга ишонади ва тушунади. Сизни танлаб, севишга улгурдими, демак, шубҳаланишга асос йўқ деб ўйлайди. Ўз навбатида ўзи ҳам барча ҳиссиётларини сиз билан ўртоқлашади, ҳеч нимани яширмайди. Сиз учун энг яқин инсонга айланади.
Юқоридаги хулосаларни ўқиб, кўнгил қўйган қизингиз сизни севиш-севмаслигини бемалол билиб олишингиз мумкин. Муносабатларингизда омад тилаймиз.
Озода ҲАЛИМОВА тайёрлади
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Брюс Лининг сирли ўлими тафсилотлари аниқланди
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Украина мудофаа вазири қурол-яроғ сўраб Жанубий Кореяга бормоқчи