Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
«Намунавий муслима» китобининг муаллифи Муҳаммад Алий ал-Ҳошимий шундай ёзади: «Муслималар ҳеч қачон фарзанд тарбияси ва унинг хулқ-атвори шаклланишида онанинг мажбуриятлари отаникига қараганда кўплигини унутмасликлари керак...»
Ҳошимий айтишича, «Фарзандлар одатда онага яқин бўлади ва айнан онаси билан кўпроқ вақт кечиради».
Ислом тарихида ўз болаларини ёлғиз тарбиялаб, уларни таниқли шахс қилиб етиштирган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Улар ўз фарзандларига энг яхши сифатлар ва исломий тарбияни сингдириб, инсоният тарихида оналарга хос ёлғизлик ҳамда жасурликнинг намунавий кўринишини ўрнак қилиб қолдирдилар.
«Тарихда улуғ кишиларнинг вояга етишида донишманд оталарга қараганда оқила оналарнинг ҳиссаси кўпроқ. Шу сабабдан бўлса керак, Ислом уммати орасида ўз онасидан миннатдор ва унинг олдида қарздор бўлмаган бирорта фозил кишини тополмайсиз. Бундан келиб чиқадики, тарихий жараёнларнинг ривожланишида айнан оналар ўз фарзандлари орқали билвосита ҳисса қўшиб туришган», деб ёзади Ҳошимий.
Исмоил алайҳиссалом Хожар онамиз тарафидан тарбияланганлари ҳаммага маълум. Бу онамиз ҳозирги кунгача барча авлодлар тарафидан энг буюк аёллардан бири деб эъзозланиб келинмоқда.
Иброҳим алайҳиссалом Хожар онамизни ва ўғиллари Исмоилни Байтнинг ўрнига, Замзам устидаги катта дарахт остига қўйиб кетганлар. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам бўлмаган.
У зот икковларининг олдига бир хурмоли халта ва сувли меш қўйиб ортга қайтганлар. Хожар онамиз у зотга эргашиб: «Эй Иброҳим! Бизни кимсасиз, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб, қаёққа кетмоқдасиз?!» деб бир неча марта такрорлади, аммо у зот ўгирилиб қарамадилар. Шунда у зотга: «Аллоҳ таоло сизни шунга амр қилдими?» деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», дедилар. «Ундоқ бўлса, У бизни зое қилмайди», деди-да, Хожар онамиз ортга қайтди.
Иброҳим алайҳиссалом эса йўлда давом этдилар. Қачонки, у зот тепаликдан ўтиб, улар у кишини кўрмайдиган бўлганида Байтга юзланиб, дуо қилдилар:
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим».
Хожар онамиз Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Мешдаги сув тамом бўлганда ўзи ҳам, ўғли ҳам чанқади. Гўдакка қараса, у тўлғаниб, типирчилар эди. Унга назарим тушмасин, деб она юриб кетди. Сўнгра кўзга яқин Сафо тоғига кўтарилди. «Бирор киши бормикан?» деб у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳеч ким кўринмаганидан кейин қарама-қарши томондаги Марва тоғи сари юриб кетди. Шу зайлда икки тоғнинг ўртасида етти маротаба бориб келди. Бирор киши кўринмас эди. Фарзанди Исмоилга раҳми келганидан Аллоҳ таолога нола қилиб, дуога қўл очди. Ва, ниҳоят, дуолари ижобат бўлиб, чақалоқ Исмоилнинг оёғи остидан сув чиқа бошлади. Хожар онамиз эса тезлик билан сув оқиб кетмасин, деб атрофини тўса бошлади. Сўнг ҳовучлаб мешга сув қуйди.
Мана шундай қилиб, Хожар онамизнинг ёлғиз ўзи Исмоилни боқиб, тарбиялаб, парвариш қилиб вояга етказди. Келажакда эса Исмоил Аллоҳ таолонинг танлаб олган пайғамбарларидан бири бўлди.
Демак, инсоният ичидаги энг буюк зотлар бўлмиш пайғамбарларни ҳам ёлғизгина оналарнинг ўзи ўстириб-ундиргани, барча ёмонлик ва нохушликлардан ҳимоя қилгани, шунингдек, улар учун керак бўладиган ҳар тарафлама тарбияни мукаммал берганининг гувоҳи бўламиз. Бу ҳолат эса бир-икки эмас, балки бир неча пайғамбарларнинг ҳаётида ўз аксини топган. Ана шундай ҳаётий мисоллардан бири охирги замон пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз оналари Оминанинг қўлида тарбия топганликларидир.
Омина онамиз ҳам ёлғиз бўлишига қарамай, қолаверса, ҳар тарафлама ўта оғир шароитда ва машаққатли дамларда аёл боши билан келажакда охирги замон пайғамбарини, икки олам сарвари, барча инсонларнинг саййиди, бутун оламлар раҳмати, қиёматгача боқий қолувчи шариат аҳкомларини қабул қилиб олувчи, мўъжизаларнинг энг олийси бўлмиш Қуръон каримнинг соҳиби, Аллоҳ таолонинг танлаб олган бандаси, ҳабиби, халили бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни тарбиялаб етиштирди. Бир она ўз фарзандига нисбатан адо этиши лозим бўлган барча масъулиятларни мукаммал ҳолда адо этди.
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари бўлмиш София бинти Абдулмутталиб ҳам ёлғиз ўзи бўлишига қарамай, ўғли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга яхши сифат ва олийжаноб хулқ-атворни сингдириб тарбиялади. Шу ўринда Софиянинг ўз ўғли бўлмиш Зубайрни ҳақиқий мард, қўрқмас, жисмонан ўта бақувват, қайтмас, қатъиятли ва саркардаларга хос бўлган хусусиятлар билан тарбиялаганлиги алоҳида эътиборга моликдир.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Асад уруғидан бўладилар. У кишининг кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган. Зубайр ибн Аввом ёшликдан от миниш, чавандозлик ва паҳлавонликка мойил бўлиб ўсдилар. У киши кичик ёшдалигидаёқ кишилар орасида ўзларининг мазкур сифатлари билан шуҳрат топган эдилар.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Табақотул Кубро» китобларида зикр қилишларича, Зубайр ибн Аввомнинг оналари София бинти Абдулмутталиб кичиклигида отасидан етим қолган ўз ўғли Зубайрни қаттиқ калтаклар эди. Одамлар: «Ахир уни ўлдириб қўясан-ку, жигарини эзиб юбординг-ку, болани ҳалок қилдинг-ку», десалар, «Мен буни пишсин, катта бўлганда катта лашкарни ортидан эргаштирсин, деб ураман», дер эди.
Али ибн Абу Толиб оқиллик, саховат ва яхши табиатни оналари Фотима бинти Асаддан меърос қилиб олганлар.
Араб йўлбошчилари орасида энг олийҳимматлиси бўлган Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳам ёшликларида ўз оталаридан айрилиб қолган эдилар. Волидалари Асмо бинти Умайс у кишини олийжаноб ва олийҳиммат қилиб тарбиялади, натижада бу онанинг ўзи ҳам Ислом тарихидаги энг улуғ аёллар сафидан ўрин олди.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ўта карамли, сахий, хушхулқ, иффатли ва гўзал инсон эдилар. Одамлар у кишини «сахийлик денгизи» деб аташарди. Баъзи уламоларнинг айтишларича, Исломда у кишидан кўра сахийроқ зот бўлмаган экан.
Муовия ибн Абу Суфён ўзларининг кучли табиатлари ва донишмандликларини оналари Ҳинд бинти Утбадан меърос қилиб олдилар. Ҳазрат Муовия Шом вилоятининг волийси бўлганлар. Ислом тарихида биринчи бўлиб денгиз кучларига асос солганлар ва денгиз орқали бир неча шаҳарларни фатҳ қилганлар.
Тарихда улкан из қолдирган таниқли алломалар Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Бухорийларнинг ҳам волидалари ўз фарзандларини ёлғиз вояга етказганлари маълум.
Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Оналари Иброҳим пайғамбарни туш кўрадилар. У киши: «Эй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб беради», дейдилар. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди.
Имом 18 ёшга тўлганларида оналари ва акалари билан ҳаж қилиш учун Маккаи Мукаррамага келадилар. Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, оналари ва акаларини Бухорога жўнатиб, ўзлари ҳадис жамлаш учун шу ерда қоладилар.
Имом Бухорийдан «Нега бу ишга қўл урдингиз?» деб сўрашганида шундай жавоб берган эканлар: «Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда елпиғич, у кишини елпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир айтувчиларга айтсам, «Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турасан», дейишди».
Демак, Имом Бухорийнинг муҳаддислар имоми, устозларнинг устози, ҳадис иллатларининг табиби деган буюк мақом-мартабаларга эришишларида волидаларининг хизматлари беқиёсдир. У зотнинг волидалари нафақат таълим-тарбия берган, балки ўз ўғли бўлмиш Бухорийнинг ҳақларига тинмасдан дуолар ҳам қилар эди. Ана шундай дуоларининг самараси ўлароқ, юқорида келган ривоятда ўз аксини топгандек, Бухорийнинг ожиз кўзлари ҳам очилди.
Зикр қилинган аёлларнинг барчасига хос сифат шуки, улар ўз фарзандлари учун энг яхши она бўлиш мақсадида Аллоҳга умид билан таваккал этиб, кўп меҳнат қилганлар. Аслида фарзандини ёлғиз тарбиялаб, уларнинг ҳақиқий эркак ва кучли шахс бўлиб етишишларида улкан хизмат кўрсатган, фарзанди ютуқларининг асл сабабидан бири бўлган муслима аёллар Ислом тарихида жуда кўп учрайди. Аммо биз улар ҳақида баъзан унутиб қўямиз.
Мазкур унутишимиз туфайли қанчадан-қанча кулфат ва мусибатларга дучор бўламиз. Зотан, ҳар бир халқ ўзининг ўтмишини, тарихи, маданияти, миллийлиги ва диний урф-одатларини унутар экан, келажагини қандай режалаштириш, уни қай тарзда тасаввур қилишликда ҳам янглишади. Келажак эса доимо ёшлар билан белгиланади. Қайсики халқ ўзининг ёшларига, уларнинг таълим-тарбиясига, ахлоқ-одобига, дин-диёнатига, миллийлиги ва маданиятига беэътибор бўлса, албатта, заволга юз тутади. Буни ҳозирги кунда ғарб халқлари мисолида кўришимиз мумкин. Минг афсуслар бўлсинки, биздаги ҳолат ҳам таҳсинга сазовор эмас, бу борада оиладаги асосий тарбия ва ахлоқ-одобни ушлаб турувчи оналарнинг айблари жуда ҳам салмоқлидир. Қайсики жамиятда ёшларнинг тарбияси ва уларнинг маданияти бузилиб бораётган бўлса, демак, ўша жамиятда буюк тарбиячилар бўлмиш оналарнинг хизматлари кундан-кунга унутилаётган бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.
Яна ҳаким зотлардан бири айтади: “Аёлларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати ҳар тарафлама баркамол ва етук фарзанларни тақдим қилмоқлигидир”.
Демак, қанчадан-қанча маълумотларда фарзандларнинг тарбияси асосан оналарнинг қўлида эканлиги келтириляпди. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки оналар аслида кўп вақтларини ўз фарзандлари билан ўтказадилар. Бунинг учун эса ота барча шарт-шароитни яратиб беради. Яъни оналар ўз фарзандлари тарбияси билан тўлиқ машғул бўлишлари учун уларнинг нафақасини, ейиш-ичишини, кийим-кечагини, турар-жойини ва бошқа барча харажату эҳтиёжларини оталар адо этадилар. Оналар эса ўз ўрнида бутун вужудини, борлиғини, меҳр ва шафқатини фарзандларининг тарбиясига қаратадилар. Мана шу қонун-қоида амалга оширилган пайтда жамиятда ҳар хил фисқу фасодлар, жинояту қонунбузарликлар, маънавий тарафдан бузилишларнинг олди олинган. Ҳозирга келиб эса, ғарбнинг қўштирноқ ичидаги маданиятига кўр-кўрона тақлид қилароқ эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўзларининг асл вазифа ва масъулиятлари қолиб, бошқаларникига аралашиб кетди. Натижа эса ёшларнинг тарбиясизлиги ва ҳар тарафлама носоғлом ҳолда ўсиб-улғайиши билан якун топяпти.
Биз бу ўринда оналарнинг оилада ва фарзандларнинг тарбиясида тутган ўринлари тўғрисида гапирмоқчимиз. Бир дўстимиз ўз кўзи ила бозорлардан бирида кўрган воқеани ҳикоя қилиб берди:
“Бир куни оиламнинг харажатлари туфайли бозорда юрган эдим. Шу пайт кўкат сотиб турган бир аёл қўлида турган уч-тўрт боғ кўкатга ишора қилиб: «Илтимос, мана шуни сотиб олинг, шу қолди, холос, шу нарса учун бозорда турмайин”, дея илтимос қилди. Менинг ўзи кўкат олиш ниятим йўқ эди. Лекин нимагадир аёлнинг бу илтижоси мени ўйлантириб қўйди. Бир оз бепарво бўлсам-да, кейин шу кўкатни ола қолай, деган хаёлга бориб, шундоқ ортга қарадим, уят бўлса ҳам, айтаман, шунда хижолатли бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Не кўз билан кўрайки, аёлнинг сийнасидан чиқаётган сут туфайли унинг либоси жиққа ҳўл бўлиб турган эди. Билдимки, унинг эмизикли чақалоғи бор ва уни эмизадиган вақти бўлган. Лекин қўлида уч-тўрт боғ кўкати сотилмаганлиги туфайли кетолмасдан типирчилаб турарди. Бу ҳолатга бир оз эътиборсиз бўлганимдан ўзимни ўзим койиб, тезда бориб, унинг қўлидаги кўкатни айтган пулига сотиб олдим. Аёл эса шу даражада хурсанд бўлиб кетдики, гўёки хазина топиб олган эди. Шоша-пиша нарсаларини йиғиштириб, бозордан чиқиб кетди”.
Мана, азизлар, балки қайсидир эркакларнинг айблари туфайли шундай бўлаётгандир. Лекин барибир нима бўлганда ҳам аёллар ҳеч қачон ўзларининг она эканликларини унутмасликлари керак. Эр озроқ топаётган бўлса ҳам, борига шукр ва қаноат қилиб, асосан фарзанларининг тарбияси билан машғул бўлаверсалар, албатта, келажакда барака топадилар. Барака эса фақатгина моддий бойликда эмас. Балки маънавият, ахлоқ-одоб, тинчлик ва хотиржамликдадир. Агар мазкур неъматлар фақатгина моддий бойликка боғлиқ бўлганида ҳеч қачон бойлар йиғламас ва шикоят қилмас эдилар. Ваҳоланки, бойларнинг асосий шикоятлари, кулфат ва аламлари фарзандларининг тарбиясизлигидадир.
Шундай аёллар борки, моддий тарафдан жарақ-жарақ бойликларга эришган. Лекин гоҳо ўғлини ёки қизини етаклаб келиб: «Илтимос, шу қизимнинг бахти очилмаяпти, ўғлимнинг боши касалликдан чиқмаяпти, дам солиб қўйинг, уларнинг ҳаққига дуо қилиб беринг», деб ялиниб-ёлворади. Нима учун қизининг бахти очилмаётгани секин суриштириб кўрилса, кечаси билан тунги рақсхоналарда ёки синфдош ва курсдошлари ила кўнгилочар ўйингоҳларда санғиб юришга одатланган бўлади, ахлоқ-одоб ҳамда қизларга хос бўлган ҳаё, латофатдан асар ҳам қолмаган бўлиб чиқади. Ўғли эса оддий касаликка чалинмаган, балки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга муккасидан кетган ва ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган, ота-онасининг сўзини эса сариқ чақага ҳам олмайдиган ҳолга келган. Онасидан «Болаларингиз бундай дарди-бедаволарга қандай мубтало бўлиб қолди?» деб сўрасангиз, «Болаларим ҳеч кимдан кам бўлмасин, егани олдида – емагани кетида бўлсин, бошқаларнинг бойлигига суқланиб қарамасин, кўзи тўқ бўлсин, деб улар нима деса, бажо келтирибман, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқарайлик, биз кўрган қийинчиликларни булар кўрмасин, деб кечани кеча, кундузни кундуз демай, чет элма-чет эл елиб-югуриб, мол ташибман, бир пайт қарасам, ўғил-қизларим бўйлари етилиб, кап-катта бўлиб қолишибди. Лекин уларнинг тарбиясини қўлдан чиқарган эканман, буни эса ўта кеч тушуниб етдим. Яъни, қачонки, улар менинг гапимга кирмайдиган, юзимга тўғридан-тўғри сапчийдиган, қайсар ва қўрс бўлиб қолганларидан кейин уларга жиддийроқ эътибор бердим. Лекин, минг афсуски, кечиккан эканман. Топган барча бойликларимни шулар учун сарфлабман-у, лекин таълим-тарбия, ахлоқ-одобдан эса уларни маҳрум қилибман. Мана энди қилган ишларимнинг касофатини тортиб ўтирибман», дейди.
Ҳа, азизлар, ҳозирда бундай дардга учраганлар сон-саноқсиз. Лекин кимлардир тушуниб етган пайтида кеч бўлади.
Не-не алломаларни туғиб катта қилган, уларни ёлғиз аёл бошлари ила тарбиялаб, ҳар тарафлама баркамол инсонга айлантириб, жамиятга тақдим этган буюк ва қаҳрамон момоларимизнинг зурриётлари бўлмиш миллатимиз оналари! Ўзларингизнинг ва бутун жамиятимизнинг келажаги бўлмиш фарзандларингиз тарбиясига беэътибор бўлманг. Акс ҳолда нафақат ўзингиз, балки жамият, юрт, миллат ва халқ олдида ҳам энг буюк жиноятни содир этган бўласиз. Бу жиноятнинг жазоси эса нафақат охиратда, балки шу дунёнинг ўзида ҳам ўта шиддатли ва аянчли бўлади.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси
Манба: erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи