Тунларимнинг ҳар бири ялдо,
Саратондек оташ ҳар куним.
Ўтган куним — бошимга бало,
Қизартирар юзни бугуним.
Чидаймиз-да ўртанса ҳам жон,
Шундай қисмат тушибдир чекка:
Мусулмонлик эмас-ку осон,
Ўхшамаймиз ҳеч йўқ ўзбекка.
Маҳшар қўпмас йўлимдан қайтсам,
Гарчи у жим, инсофга келмас.
Арш зириллар бир сўзни айтсам,
Йўқса қалбда зилзила тинмас.
Тағин итдай келурман қайтиб,
Жарлик — қаён йўлимни бурсам,
Юрмайман-ку бир умр дайдиб,
Ютаман, дер уйимга кирсам.
Кўргим келар бир муслимани
(Ўт тушган дил кетади музлаб)
Дуо қилиб ўлтирса мани,
Ойдай бўлиб жойнамоз узра.
Жанозага борсам негадир
Кўзим қувнаб бўлурман беҳол.
Фақат шунда ўхшайди ахир
Эр эркакка, аёлга аёл.
Бир дард ўртаб юборди дилни,
Ёзарканман титради қўлим:
Ўз аслига қайтарса элни,
Ўлим бўлсин ҳар куни, ўлим.
Кечир, тангрим, қил умрин узун,
Бежиз эмас лек шикоятим:
Шундай зўр халқ ҳаттоки бугун
Англамаюр ҳижоб оятин.
Айтай қўлим кўксимга қўйиб —
Кексалар не қилмиш ҳикматлик.
Қайга кирса, чиқса-да доим
«Пўшт!» дер эди бобом раҳматлик.
Ўв, қандайин замон ўзи бу,
Чирт юммасанг бўлмагай кўзни.
Кўплар бундан чекмайди қайғу,
Фақат ҳаммол айтар бу сўзни.
Ҳай, оналар, бунча «ботир»сиз —
Тирик ота қолмаганми ё?
Кизлар, қаён кетаётирсиз —
Ахир кўча уй эмас асло.
Ёшлигимда эшитган сўзлар
Ҳануз ёдда санчилиб турар:
«Фақат эркин, мастура қизлар,
Пок аёллар ҳижобда юрар!»
Дўстлар, мендан ранжиманг ҳечам,
Бу сўз аввал ўзимга ўқдир —
Англаганим шулки, чинакам
Эр йўқ жойда аёл ҳам йўқдир.
...Низо чиқиб маҳр бобида,
Эр асабий, хотин норози.
Адл қилмоқ иштиёқида
Икки гувоҳ сўрайди қози.
«Паранжида ким бор — билмасак,
Юзин очсин», дейди бир гувоҳ,
Эр — эркак-да. Бир қалқди юрак —
Ҳали бекор бўлмаган никоҳ.
«Йўқ, очмайсан юзингни. Ишон,
Камлик бўлмас маҳрдан», деди.
Ўз қадрини англаган жувон:
«Ўтдим маҳр баҳридан», деди...
Балки нақлим келгандир малол,
Туюлгандир ҳавойи сўздек.
«У араб-да», дерсиз эҳтимол,
Тингланг, қандоқ бўлгандир ўзбек:
Неча йиллар ўтса-да ҳануз
Ҳаддим сиғмас айтгали отин.
Полвон бўлиб танилди бир қиз,
Йиқар эди бор йигит зотин.
Томошабин аҳли бўлган жам,
Кураш ҳали бошланмай туриб —
Кириб келди қурга бир одам
Ва қизни даст олди кўтариб.
Сўнг уйига кетаверди жим,
Қизиғи — қилт этмади қиз ҳам.
«Гувоҳ бўлинг, никоҳ ўқидим!»
Деди уйдан чиққан бир одам.
Кириб кетди эр елкасида,
Келин бўлиб ўн ўғил туғди.
Йиллар ўтиб, эл елкасида
Яъни ўлиб, тобутда чиқди...
Итқитаман бирдан қаламим,
Тугаб битар тамом бардошим.
Кимдан олай энди аламим,
Қайга урай эгилган бошим?
Қалбда недир борарди нураб,
Ҳолим каби паришон сўзим.
Кирсам, уйда оқ рўмол ўраб,
Оят ёдлаб ўлтирар қизим.
Қайтарканман оёқ учида,
Енгил эдим учаётгандек.
Оллоҳга ҳамд айтдим ичимда,
Узоқ туриб қолдим шундай тек.
Бу ҳис қалбдан ғамни аритгай,
Ёғилгайдир нур ҳаётимга.
Узоқ йиллар қалбим ёритган
Бир ҳикоят тушди ёдимга.
Тонг юлдузи кетолмай ҳайрон,
Субҳи козиб қилса-да фириб.
Субҳи содиқ келар-да шу он
Умархон шарт кетади туриб.
Чўчиб тушар — умрида илк бор
Бош устида кўриб осмонни.
Отлар борар йўртиб. Ҳой, ким бор,
Ким сўрайди усиз Қўқону?
Бу ароба кимники? Ғамгин
Турган аёл маликами, ким?
Ўз жуфтидан юзини нечун
Ёлиб олган Нодирабегим?
— Чиқиб кетдик қачон шаҳардан,
Айтинг, қаён кетмоқдадирмиз;
Кўринмайди биронта одам,
Нечун ахир иккимиз ёлғиз?
Жавоб берар малика беҳол:
— Сўздан ханжар урдингиз жонга:
«Не истасанг хазинадан ол,
Сўнг талоқсан, кет Шаҳрихонга!»
Амрингизни билдиму вожиб,
Тўлиқ адо этаётирман.
Энг керакли, қимматбаҳо, деб
Сизни олиб кетаётирман...
Сўз деёлмай қолган Умархон
Бир уради пешонасига.
Қайта никоҳ ўқитиб, шодон
Кириб келар кошонасига.
...Мен мозийдан сўз очдимми, бас,
Қилишим шарт қиссадан ҳисса.
Аммо нетай, буларни эмас,
Ўшаларни бир кўргим келса...
Аъзам ЎКТАМ
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Приморск ўлкаси Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи
АҚШда амалдорлар Трамп туфайли оммавий равишда хусусий секторга кетиб қолмоқда
Республикада бўлиши номақбул деб топилган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади
Сенсация: Неймар “Барса”нинг ашаддий рақиби “Реал”га ўтадиган бўляпти
Қирғизистон аҳолиси сони эълон қилинди
U-17 Жаҳон чемпионатида Осиёдан 9 та жамоа! Бу қандай бўлади?
Украина аскари машғулотлардан бир ҳафта ўтиб қандай қилиб асирга тушганини айтиб берди
Байден ва Макрон Ливанда сулҳ эълон қилишга тайёрланмоқда