06:30 / 04.11.2018
9 209

Бир кечалик келинчак… (19-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (19-қисм. Биринчи фасл)
Машина шаҳардан ташқарига чиққач, ўнгдаги кўчага бурилди. Низом кўримсизроқ, дарвозасининг бўёқлари кўчган ҳовли рўпарасида тормоз берди. Қоронғиликда маҳалланинг охири кўрина қолмасди. Қарама-қарши тарафда эса кенг далалар бўлиб, ўша ёқдан қурбақаларнинг қуриллашигина қулоққа чалинарди.

— Сен мени қаерга бошлаб келдинг? — сўради Насиба Низомга еб қўйгудек совуқ боқиб. — Бу ерлар қаер ўзи?

— Бу Тошкент районига қарайди, — деди Низом. — Опа, илтимос, мен кета қолай! Билол ака мени кўрса, ғажиб ташлайди.

— Билол бу ерда нима қиляпти ўзи? Сен биласан, ҳаммасини биласан. Тилинг бир-да-а? Шунинг учун миқ этмаяпсан.

— Опа, пастга тушайлик, ҳаммасини ўзингиз кўрасиз. Фақат мен панада тураман. Яхшиси, кета қоламан. Ўзларинг келишиб олаверасизлар.

— Олдин менга кўрсат кўрсатадиганингни! Кўрсатмагунча ҳеч қаерга кетмайсан!

Улар олдинма-кетин пастга тушишди. Низом Насибани ҳовлининг орқа тарафига бошлади. Буёқ пахса девор билан ўралганди. Бир бурчакда эса подвалга тушадиган зиналар кўриниб турибди. Зиналарнинг ўнг ёнбошига дарича ўрнатилибди. Пастдан — подвалдан кимнингдир бақиргани эшитилиб қоларди.

Насиба бу товуш таниш туйилиб, янада сергак тортганча Низомнинг имоси билан даричадан ичкарига мўралади. Подвалда чамаси бир неча ўн чоғли одам бор эди. Шундоқ рўпарасида Билол курсига керилганча ўтириб олган, қаршисида кимдир тиз чўкиб турарди.

Насиба шу кимсанинг кимлигини билишга уринди. Орқадан, бунинг устига чироқ хиралиги сабаб ҳадеганда таний қолмади.

— Сен қара-чи, — деди Низомга юзланиб. — Анави тиз чўкиб турган ким?

Низом даричадан бир марта ичкарига қараб олди-ю, ўрнидан қўзғалди.

— Бу Фурқат, — деди у овозини бир парда кўтариб. — Ўзингиз танийдиган ўша…

— У нимага тиз чўкиб турибди? Билолнинг олдида-я?..

— Опа, уёғини Билол аканинг ўзидан сўрайсиз. Мен жавоб бера олмайман. Илтимос, кета қолай! Кўнглим ғаш негадир. Мени кўрмаслиги керак Билол ака.

— Аввал чақириб бер, ана ундан кейин кетавер! — деди Насиба. — Бўл, ортиқ бу ерда тура олмайман.

— Бўпти, тақиллатаман-у, кетаман! Ўзингиз гаплашаверасиз!

Шундай деб Низом даричани бир-икки тақиллатган бўлди. Кейин пастроқ тушиб подвал эшигини тепди ва дарҳол ўзини орқага олиб машина томон илдамлади.

* * *
Насиба ҳануз ҳеч нарсага тушуна олмасди. Бу кимнинг уйи, нега Билол бу ерга келди, нега Фурқат унинг пойида тиз чўкяпти, ким ўзи Билол аслида?.. Наҳотки, яна адашган бўлса? Наҳотки, яхши, беозор, камсуқум, ўзи каби қийинчиликда ўсган етим, меҳрибон дегани мараз бир кимса бўлиб чиқса? Кимлар билан боғланиб қолди ўзи Насиба? Ахир, бу ишлари қонунга зид-ку! Саминга ўхшаганлар сезса, обориб қамаб қўяди-ку Билолни!..

Саволлар бир талай эди. Лекин бу саволларга фақат Билолнинг ўзи жавоб қайтара олади.

Насиба тоқати тоқ бўлса-да, юрагида Билолга нисбатан нафрат тобора алангалай бошласа-да, лом-мим демади. Кутди. Ичкаридан чиқишини пойлаб турди.

Ниҳоят подвал эшиги очилиб, аввал ўзи танимайдиган бир неча барзанги чиқди-да, кўча тарафга қараб юрди. Уларнинг кетидан Фурқат ёнида икки йигит билан юқорига чиқди ва у ҳам кўчага йўл олди. Насиба панадалиги сабабли улар кўрмасди. Охирида Билол ким биландир пичир-пичир қилганча ташқарига чиқиб келди. Ёнидаги подвал эшигини қайта ёпиб қулф солгани аниқ қулоққа чалинди.

Насиба атайин жойидан жилмай Билолнинг навбатдаги ҳаракатларини кузатди. У бамайлахотир атрофни кузатди-ю, ёнидаги билан хайр-хўшлашгач, кўчанинг бошқа бир томонига кета бошлади. Наридаги бир неча барзанги чопа келиб унга эргашди…

Ана, энди кутиш ғирт аҳмоқлик эди. Агар яна бир неча дақиқа шундай бўшашганча турса, Билол машинасига ўтиради-ю, жўнаб қолади.

Насиба тез-тез юриб бориб Билолга етиб олди ва туйқусдан унга яқинлашиб тирсагидан тутди.

Қўрқаркан эркак киши ҳам. Ёнидагилар-ку, майли, Билол ёмон қўрқиб кетди.

Ўзи сезмаган ҳолда жазавага тушиб қичқирди.

— Ҳе онангни!..

Лекин қаршисида Насибани кўриб нима қилишни билмай беихтиёр ортга тисланди.

— Сен?.. Бу ерни қандай топиб келдинг?

Насиба унинг қўлтиғидаги халтачага кўзи тушгани ҳамоно бир зарб билан тортиб олди ва ичини очди.

Воҳ, халтачада даста-даста кўкимтир долларлар бор эди.

Билолнинг ёнидагилар Насиба кимлигини дарров пайқашдими, аста олдинга юриб кетишди. Насиба эса эрининг кўзларига тик боқди.

— Нима, манавинақанги пана-пастқамларда хоҳлаган қандимни ейишим мумкин, биров билмайди, Насиба гўл деб ўйлаганмидингиз? Йўқ, Насиба гўл эмас! У ернинг тагида илон қимирласа билади. Тан бергандирсиз энди?

— Ўн марталаб, йўқ, милён марталаб тан бердим, — тиржайиб ер чизди Билол. — Шу ерни топиб келибсанки… Тўхта, адашмасам, сени Низом опкелган бўлса керак. Фақат ўша биларди қаердалигимни. Топдимми?

— Сизга нима фарқи бор? — деди Насиба совуққонлик билан. — Уям менинг хизматчим. Нима десам шуни қилади.

— Гап йўқ, — деди Билол бошини сарак-сарак қилиб. — Бир нима деётганим йўқ-ку, Наси!

— Мени Наси деманг! Паспортимда Насиба деб ёзилган.

— Хўп, Насиба бўлса Насиба-да! Ҳалиги… Менга мумкин деб ўйлабман.

— Шу лаҳзадан бошлаб сизга ҳеч нима мумкин эмас. Машинани калитиниям беринг буёққа! Машина менинг пулларимга келган.

— Жинни бўлганмисан? — кутилмаганда кулиб юборди Билол. — Қанақа машина? Қанақа қайтариш? Ҳалиям менга ишонмаяпсанми? Вей, сен олдин ўзингнинг қариндошчаларингдан гумонсирагин! Ана, тоғанг, юз милёндан ортиқ пулингни ўғирлаганди, хўш, қайтариб ололдингми?

— Қайтариб оламан эртами-кечми? Сизга нима оғири тушяпти?

— Олиб бўпсан менсиз! Мана шу қўлингдаги долларларни тоғангнинг киссасидан суғуриб олишди бизнинг йигитлар! Ишонасанми, ё ҳалиям гумонинг тарқамадими?

Насибанинг хаёллари чалкашиб кетганди. Нималарни ўйлаётгани, кўксига ботиб турган бир тутам нарса нафратми, аламми, ё бошқа бир юкми, била олмай ҳалак эди. Билгани, Билол ўзига очиқчасига хиёнат қилди, унга сездирмай манавиндай гуруҳлар тузиб юрибди. Билмай жиноятчига тегиб қўйдими? Наҳотки, ўқдан қочиб бомбага йўлиққан бўлса? Нимага? Қайси айби, гуноҳлари учун худо бунча жазо беряпти? Бузуқлик қилмаган бўлса, бировнинг ҳақига кўз олайтирмаса, нима учун шунча азоб, жазолар? Тағин… Бола орттириб олгани-чи!?. Худо, кўриб турибсан-ку ҳаммасини! Жазолашни бас қилсанг-чи! Ё мен ортиқчаманми дунёингда? Яратган еринг мени кўтара олмаяптими?..

Насиба илкис бошини кўтарди-да, қайтадан Билолнинг кўзларига боқди.

У хотиржам эди. Сигарет тутатганча зулмат қаърига ҳиссиз боқарди.

— Машинага чиқайлик, — деди Насиба аста олдинга юриб. — Нега қараб турибсиз? Юрмайсизми?

Билол югуриб борди-да, машина эшигини очди.

— Марҳамат, ўтирсинлар, хоним, — деди ҳазил аралаш. — Шундай-й!.. Хўш, қай манзилга олиб боришни буюрадилар?

— Бас қилинг ялтоқланишни! — жеркиб ташлади уни Насиба. — Ўтиринг машинага! Хўш, бу пуллар қайдан келди ва қандай қўлингизга тушди?

— Мана, энди тушунтираман, — деди Билол ортга ўгирилиб. — Бу пуллар боя айтганимдай тоғангдан тортиб олинди. Яна Фурқат ҳам сендан 15 минг доллар қарздор экан. Шундаймиди?

— Хўш, нима бўпти?

— Қара, шунча пулингни бермай юрибди-ю, ғамингга келмайди-я, вей!

— Сиздан пулимни ундириб беринг деб сўрамагандим-ку!

— Сўрашинг шартмас. Мен аҳд қилдим пулни ундиришга!

— Шунинг учун қаршингизда тиз чўкдими у?..

— Нима? — Билол ҳайрати ошиб Насибанинг билагини маҳкам сиқимлаб олди. — Сен қайдан биласан? Ё кузатаётганмидинг?

— Сиз ҳалиям мени гўл, содда, билимсиз деб ўйлайсиз шекилли-а? Айтдим-ку, ер тагида илон қимирласа биламан!

Билол бир муддат сукутга толди. Нималарни ўйлади, худога аён. Бирпаслик сукутдан кейин икки кафти билан бошини чангаллади.

— Ҳа, кўрган бўлсанг, демак, менинг қудратимни билибсан! Ҳа, тиз чўктирдим уни! Нега деганда, ўша ифлос тоғангминан тилни бир қилиб сени шилаётган экан. Тоғангниям айбдор деб бўлмайди бу ерда. Қўрқитаркан Фурқат униям. Нормат оға қўрққанидан пулларни кассангдан оларкан-у, Фурқатнинг қўлига топшираркан. У эса наркотик сотиб олиб фойда қиларкан-у, тоғангга арзимаган «капейка»ни бериб алдаркан. Яна ва яна пул олиб келишни буюраркан. Олиб келмаса, зуғум қиларкан. Ўлдириб юбориш билан қўрқитаркан. Энди тушунгандирсан?

— Нияти нимайкан у ифлоснинг? Нега тоғам мелисага бервормади шу пайтгача?

— Жинни бўлибдими мелисага бериб? Биринчидан, агар мелисага айтса, Фурқатнинг одамлари кечаси уйига боришади-ю, ўлдирворишади. Шундан қўрққан. Иккинчидан, «капейка» бўлсаям, пул тушиб турганди-да қўлига! Тешиб чиқармиди?..

— Сиз-чи? Сизга нима етмайди бунақа гуруҳлар тузиб юрибсиз? Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда бўлса! Хотинингиз қўйнингизда, пулдан муаммо йўқ. Нима мажбур қилди? Нега менга бир оғиз айтмасдан бунақа ишларга қўл уриб юрибсиз?..

— Сенга айтсам, рухсат бермасдинг, буни билардим. Қолаверса, мен бу қабиҳликларга тек қараб тура олмадим. Ҳар куни кўзингга қарайман, кўзларингда ўзимни кўраман. Айт, қандай қилиб ўзим акс этган кўзларингга чўп тиқишса, қараб тураман? Тек турсам, бошингга чиқволишади. Йўқ, хафа бўлсанг, ўзинг биласан. Аммо менинг кўнглимда сенга нисбатан ёмонлик йўқ, жоним. Мен оилам, рўзғоримни ёмонлардан ҳимоя қилишга бел боғладим. Ҳали кўрасан, уларни сен-у мени кўрса, икки букилиб таъзим қиладиган қип қўяман!..

Насиба Билолнинг сўнгги сўзларига ҳақиқатан ишона бошлаганди. Хаёлида турли қарама-қарши фикрлар, ўйлар чарх урди. Барибир ҳақиқат устун келди.

У эрининг куйиб-пишиб айтган гапларига ишонди. Қайтадан унга меҳри товланди.

— Кетдик, дадаси, — деди умрида биринчи марта. Шу жумлани тилига кўчиришга кўчирди-ю, аъзойи бадани жимирлаб кетди. Аммо бу жимирлашлар жуда тотли эди. — Уйга борайлик! Ойим ҳам бўлари бўлиб ўтиргандир…

Тахминан ярим соат деганда уйга ҳам етиб келишди. Орқа ўриндиқдан туриб эрини кузатарди-ю, бояги нолишлари учун худодан авф сўрарди. Қайта-қайта шукр қиларди. Шундай йигитга рўбарў қилгани учун Яратганга тасаннолар айтарди.

Афсуски…

Дарвоза қаршисида милиция машинаси, атрофда тўрт-беш милиционерларни кўрди-ю, юраги шиғ этди.

Билол ҳам бу манзарани кўрганди. Бироқ бир туки қилт этмади. Аксинча, хотинини тинчлантиришга тушди.

— Илтимос, ваҳима кўтарма, — деди у шивирлаб. — Буларни Фурқат бошлаб келган. Ўзича мендан ўч олмоқчи шекилли. Адашмасам, ўзи келмай, шуларни юборган. Ҳаммаси яхши бўлади. Қўрқма!..

Улар олдинма-кетин пастга тушишди. Шу заҳоти милиционерларнинг икки нафари чопа келиб Билолга ёпишди. Каттаси бўлса керак, баланд бўйли, қорин қўйгани Насибага яқинлашди.

— Кечирасиз, сингил, эрингизни олиб кетишга мажбурмиз, — деди у мулойимлик билан. — Аммо ҳаммаси яхши. Ваҳима қилишга арзимайди.

— Нима гуноҳ қилди эрим? — сўради Насиба ҳеч нарса бўлмагандек.

Милиционер бу саволга жавоб беришни истамаганди. Аста машинага ўтириб жўнашни хоҳлаганди. Шунга қарамай, жавоб қилди.

— Эрингиз жиноий гуруҳ тузиб, тадбиркорларни қўрқитиш йўли билан катта миқдорда пул ундириб келган. Бўлимда ҳаммасини аниқлаймиз!
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (19-қисм. Биринчи фасл)