14:06 / 13.01.2019
7 821

Уят бўлади, бегойим, уят..!

Уят бўлади, бегойим, уят..!
Ҳамкасбларимиз билан тушлик қилиб, тамаддихонадан чиқиб келаётгандик. Автомобиллар тўхташ жойида бир аёлнинг сўкиниб гапираётгани диққатимизни тортди. Сочлари сариққа бўялган, тор кўйлакчаси баданини ситиб турган, оёқларига ёпишиб турган шим тўладан келган гавдасини қўпол кўрсатаётган аёлнинг оғзидан чиқаётган сўзларни илон эшитса пўст ташлайди. Ҳамкасб аёллар ҳайрат ва хижолатлик билан бир-биримизга зимдан тикиламиз. Сўкинаётган аёл эса ўзини йиғиштирай демайди.

Менга айтяпсизми, қизим? – деди сал нарироқдан ҳаллослаб югуриб келган сочлари оппоқ оқарган, ёши катта эркак. – Тинчликми?

Сенга айтяпман! – дея шанғиллади аёл. – Нега мошинангни менинг йўлимга қўясан? Кўрмисан, ўтиб-қайтишга жой қолдирмабсан. Қари ҳолингда сенга мошина ҳайдашни ким қўйибди? Ўтиравермайсанми уйингда... – Буёғи ёзиш тугул, эшитишга ҳам одам уяладиган ҳақоратлар...

Аёлни хиёнат ларзага солади! Руҳан ёлғизланиш, қадрининг топталиши аёл қалбини парчалайди. Қалби синган, тинимсиз руҳий ёлғизлик, қадрсизлик гирдобидан бўғилган аёл назокатидан айрилади...

Эркак оғзи шалоқ аёлга бир оғиз эътироз билдирмай, автомобилини йўлдан олди. Манзара жуда хунук эди. Ўзбекча сўзлар ишлатилганини айтмаса, бу воқеа ўзбек аёли билан юз берганини тасаввурга сиғдириш қийин.

Ўзбек аёли маънавияти
Аёл маънавияти, ўзбек аёлининг одоб-ахлоқи, ботиний дунёси ҳақида мулоҳаза билдирмаган, сўзлар шодасидан дуру марварид тизмаган ижодкор топилмаса керак. Қайси асарни олманг, унинг замирида аёлга бўлган чексиз ҳурмат, меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва садоқат ётади.Аёл қиёфасида ОНА тимсолини кўрганлар аёлни иззат қиладилар, чексиз эҳтиром билан қадрлайдилар. Айниқса, ўзбек аёлининг шамоилида ибо, ҳаё, андиша ва тавозе шакли акс этгани, ўзбек аёлининг латофати ва назокати асрлар бўйи инсониятни ўзига ром этиб келаётганинию бу ғолибалик нашидасини сўз билан таърифлаш ожизлиги ҳар доим тан олинган. Аммо бугун ўзбек аёлига хос сифатлар ҳақида гап кетганда, уни ҳаё ва ибоси ҳақида ижобий фикрларни баралла айта оламизми? Бугунги кун ўзбек аёлининг сийратида дунёни лол қолдирган фазилатлар қолганми? Афсус...

Ижтимоий тармоқлардаги бир саҳифамга мактуб келди. “Кўнглимни кемириб ётган дарду изтиробни сиз билан бўлишгим, сиздан маслаҳат олгим келяпти. Менга вақт ажрата оласизми?” Тасдиқ жавобини бердим. Бироздан кейин виртуал суҳбатдошимдан жавоб келди: “Ўттиз беш ёшдаман. Ота-онамнинг қаршилигига қарамай, узоқ вилоятдан уйландим. Хотиним билан телефонда тасодифан танишиб қолгандик. Кейин у яшайдиган вилоятга мардикор ишлагани бордим. Кўришдик. Бир-биримизга ёқдик. Икки томон ҳам қаршилик қилишди никоҳимизга. Лекин турмуш қурдик. Ҳозир бир ўғлимиз бор. Мен Россияда ишлаб келаман. Имконим даражасида оиламни яхши таъминлаб қўйганман. Ота-онамдан алоҳида яшаймиз. Бир-икки марта ота-онам хотинимнинг ахлоқи ҳақида гапиргандилар, эътибор бермадим. “Хотимни ёқтирмайдилар-да” дея ўзимча хафа бўлдим.
Аммо афсуски, бу ҳақиқат экан. Уни бегона эркак билан тутиб олдим. Хотинимдан бунчалик юзсизликни кутмагандим. Хиёнатига севги-муҳаббатни рўкач қилди. Бунинг устига ўша эркак унга совға-саломлар қилишини, уни маликалардай яшатишга ваъда бераётганини айтди. Ўртада бола бор, бунинг устига ота-онамни норози қилиб уйланганим учун дардим ичимда уни кечириб, яшашда давом этдим. Афсуски, бир марта ҳаромга юрган аёл қайта ўнгланмас экан. У яна шу ифлос ишида давом этди. Иккинчи марта хотинимни жазмани билан тутиб олгандим, ўша эркакка мени дўппослатиб томоша қилди. Шармандаликка чидолмай қишлоқдан чиқиб кетдим. Ҳозир Россиядаман. Унинг жавобини берганман. Айни пайтда отасиникида яшаяпти. Жазманига ҳам керак бўлмади. Аёллардан буткул кўнглим совуган. Ишонмайман. Сизнингча, мен қаерда хато қилдимки, хотиним муҳаббатимга мени шарманда қилиш билан жавоб қайтарди?”...

Мактуб эгасига қандай жавоб қилишни билмадим. Аслида жавобим тайин эди: “Ҳақиқий эркакнинг хотини ҳеч қачон хиёнатга қадам босмайди! Бир умр севганига вафо қилиб, турмушга чиқмай ўтган қизлар бор. 20-30 ёш оралиғида эри вафот этиб, бошқа турмуш қилмай ўтган аёллар бор. Эркак вафо ва садоқатга лойиқ бўлиши керак!” дейишга тайёр тургандим. Бироқ бир инсоннинг кўнглига озор бераманми, деган ўйда жавобдан тийилдим.

“Халқ аёлнинг маҳсулидир”
Устоз Қозоқбой Йўлдошев ўзбек аёли ҳақидаги мулоҳазаларида шундай дейдилар: “Миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир.” Бугун миллатимиз аёллари даражаси ҳақида баҳс кетганда, тилимизни тишлаб, бошимизни қуйи соламиз. Сабаб нима? Сизнинг бу борадаги мулоҳазангиз қандайлигини билмадимку, мен аёллар юзидан ҳаё пардаси сидирилганига миллатимиз эркакларининг бепарво, бетаъсирлигидан деб биламан. Аёлини қизғонмаган, аёлига ожизаликни раво кўрмаган, аёлига ҳайбати билан хавотир бермаган эркакнинг аёлида нафосат қайда бўлсин?!

Ситора Азизова, журналист: – Ҳукмбардорлик аёл қўлига ўтган бўлса эркак аёлини қандай бошқарсин? Ўзи азалдан ўзбек аёли фармонбардорлигини ожизалик, ширин сўз, кўз ёш ва назокат ортига бекитиб оилага, жамиятга ўз таъсирини кўрсатган. Ўзбекойимнинг Отабекни Зайнабга уйлантириш саҳнасини эсланг. Кимсан Юсуфбек Ҳожи аёлининг даъвосини рад қилолмайди. Биз эса эркакларни бошқаришга ўтдик. Ҳатто уларга фикримизни сингдириб, виждонига қарши боришга ҳам мажбурлаяпмиз. Хотинининг гапига кириб покдомон аёлларга “жазман” бўлганлар, ҳимоячисиз аёлларни қақшатиб, ишдан ҳайдаганларни кўрганман. Энг ёмони ўша эркакнусхалар бугун масъул лавозимларда ишлаяпти. Уларни кўрганимда “Биргина хотинига кучи етмаган, хотинига қарши бориб тилини тиёлмаган одам жамиятни қандай бошқараяпти экан?” деб ўйланиб қоламан. Аёллар жуда ҳаддидан ошиб кетди, инкор этмайман. Лекин бунда эркакларнинг ҳам айби бор. Эркак аёл устидан раҳбарлик қилиши керак. Ўз оиласи, аёлига раҳбарлик қилолмаган эркак жамиятга қандай ибрат бўла олади?

Муниса Расулова, ўқитувчи: – Аёл ўз хоҳиши билан ёмон йўлга кирмайди. Мен аёлларни айблашга қаршиман. Аёлни адаштиришади. Аёлни қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлишади. Ҳеч бир аёл ўз хоҳиши билан назокатидан айрилиб, ҳимоясиз қолишни истамайди. Аёлнинг хатосида эркакнинг айби бор. Аёл табиатан курашувчан, мард бўлади. Фақат меҳр-муҳаббат, эътибор билан аёлнинг мардлигини тўғри йўналтириш мумкин. “Аёлларнинг оғзи шалоқ”, “Аёллар беҳаё” деганлардан хафа бўламан. Аёлини аёлдай яшатган қайси эркакнинг хотини ё қизи оғзини бепарда қўйибди?! Аёлини асраб авайлаган, меҳр билан эъзозлаган қайси эркакнинг аёлидан ҳаё олислабди? Аёлни аламзадалик, эътиборга эҳтиёжмандлик дағаллаштиради. Рўзғор юкини елкасига ортмоқлаган, автомобил рулини бошқариб ўзининг, оиласи ва фарзандларининг муаммосига ечим ахтарган аёл охир-оқибатда эркакдан ҳам қўпол, қўрс ва қаттиқлашади. Бозордан халта-халта картошка-пиёз кўтариб келган, ошхонасидаги сув оқиб ётган жўмракни ўзи тузатган, боласининг контракт пулини тўлаш учун хорижга чиқиб ишлаб келган аёл эркакча оҳангда сўкинишга ҳам одатланади. Ҳеч нарса сабабсиз бўлмайди.

Аёл таҳқирланса ваҳшийга айланади
Ижтимоий тармоқларда қайнонаси ухлаб ётганида бошидан тош билан уриб, ўлдириб, жасадини ахлат қутиларга яширган қирғизистонлик аёл устидан бўлиб ўтган суд тафсилотлари ҳақида хабар тарқалиб, ушбу фожиа кескин мунозараларга сабаб бўлди.Хабарда келтирилишича, аёл тергов жараёнларида қайнонасининг “Сен ўғлимга муносиб эмассан, барибир сени ҳайдаттириб, ўғлимга бошқа хотин олиб бераман!” деган таҳқирли таъналаридан безор бўлиб, алам устида шу мудҳиш жиноятга қўл урганини айтибди. Аёлнинг жиноят қилганини, боз устига, дунё ва охирати учун ҳаддан ортиқ зиён бўлган гуноҳ – инсон ҳаётига қасд қилганини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Лекин вазиятга теранроқ назар ташлаб, аёл ўз-ўзидан жиноятга қўл урмаслиги, тинимсиз таҳқирлар, кўнглига отилган тошлар уни ваҳшийга айлантирганини, алал оқибат аёл қотиллик содир қилганини тан олишдан кўз юмиб бўлмайди.

Шоира, Фарида Афруз бир суҳбатимизда аёл қалби хусусида шундай дегандилар:

Аёл – она
Халқда “Онаси ёмоннинг бари ёмон” деган гап бор. Устоз Қозоқбой Йўлдошев бу нақлни “Онаси ўқиганнинг бари ўқиган” дея талқин қиладилар. Бугунги кун аёлларининг назокатдан айро тушишида, сўзига, ҳаракатларига, либоси-ю пардози нуқсон кўпайганига ўқиш ва уқишга бепарволик ҳам бир сабаб, балки. Ахир инсон маънавияти, ботини китоб орқали сайқал топади. Китоб ўқимаган, китобга муҳаббат билан зиё топмаган қалб кўзи хира тортиб бораверади ва оқибатда буткул ожиз бўлади. Қалб кўзи ожизлар эса ўзларини тафтиш қилмайдилар. Ҳар бир амали, ҳаракатларини тафаккур мезонида ўлчаб кўрмайдилар. Ўзликдан, аслиятдан маҳрумликка бошлайди тафаккурнинг ўтмаслиги. Аёлни меҳрсизлик, эътиборсизлик, дунё ташвишлари қаттиқлаштириши эҳтимол ҳақ фикрлардир. Бироқ энг катта фожеа – бу аёлнинг илмсизлиги, маънавий дунёсининг қашшоқ ва заифлиги эмасмикан? Эри етарлича пул топмас, эплаб бир оғиз ширин сўзни гапирмас, бироқ аёлнинг беҳаёлигига, Аллоҳдан қўрқмай гуноҳ ишларни қилишига булар рўкач бўлолмайди-ку! Ҳисоб куни аёл бу сабаблар билан ўзини оқлаёлмайди-ку?!
Аёл – она. Она эса фарзандлари тақдирига масъулдир. Онанинг хатоси фарзандларининг этагига умрбод доғ бўлиб қолади ва уларни ҳаёт давомида таъқиб қилаверади. Шунинг учун онанинг адашишга, хато қилишга, ўзини бепарда кўрсатишга ҳақи йўқ! Овозини баландлатиб шанғиллаб ҳақорат сўзларни ишлатаётган, танасини номаҳрамларга кўз-кўз қилиб беўхшов кийимлар кийган, бегона эркакларга эҳтиросни қитиқлайдиган сўзлардан тизиб хат йўллаётган, телефонда эркаклар билан танишиб, пинҳона учрашувга чиқаётган аёлларнинг қизлари ҳам бундай ишларни қилмаслигига кафолат йўқ! Бундай аёллар ўз қилмиши билан жамиятга бахтсиз аёллар, етим болалар ва кемтик оилаларни кўпайтиряптилар...

Сўнгсўз
Қиз болани “Сен ОНА бўласан!”, “Фарзанд дунёга келтириб тарбиялайсан!”, “Севимли, қадрли рафиқа бўласан!” деган тутумда тарбиялаган маъқулмикан? Ва аввало, қиз тарбиялаётган она сўзи билан эмас амали, қиёфаси, ҳаракатлари билан ибрат бўлса нур устига аъло нур бўлар эди. Зотан, насиҳатнинг аввали – ибрат. Сўз таъсири ожиз, амал таъсири эса мўлжалга аниқ тегади.
Умида АЗИЗ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Уят бўлади, бегойим, уят..!