Жон Харичаран таниқли ишбилармон, бизнесда омадга эришган. У – «Сув бўйлаб қадам ташлаш учун қайиқ олинг» номли машҳур китоб муаллифи ҳам. Харичараннинг ўз тилидан ҳикоя қилинган ушбу ҳаётий воқеа кўпларга сабоқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Бу воқеа узоқ йиллар муқаддам жазирама ёз кунларидан бирида рўй берган. Мен озиқ-овқат дўконидан иккита маҳсулот харид қилишим керак эди. Ўша вақтда мен супермаркетнинг тез-тез ташриф буюрувчи харидори бўлиб, пулим ўзимга етмас, ҳафтасига бир марта қиладиган улкан харидга эса сира қодир эмасдим.
Гап шундаки, бир неча ой аввал узоқ касаллик туфайли ёш рафиқам вафот этган эди. У суғурта қилинмаганди. Натижада мен бир дунё харажат ва тўланажак тоғдек ҳисоб-китоб олдида довдираб қолган эдим.
Мен хизмат жойимда тўлиқ иш куни бўлмас, топганларим икки нафар боламни боқишим учун учма-уч етарди. Вазият чинакамига оғир эди.
Ҳаммаси чўнтагимда тўрт доллар билан бир галлон сут ва бўлка нон сотиб олиш мақсадида супермаркетга йўл олган кунимдан бошланди (галлон – суюқ ва сочилма жисмлар учун 4,54 литрли ўлчов бирлиги). Болаларим оч, ейиш учун нимадир харид қилишим керак эди.
Мен светофорнинг қизил чироғига тўхтаганимда ўнг томонимда – кўчанинг бир бурчагида турган ёш эркак ва ёш аёлга ҳамда кичкина болакайга кўзим тушди. Чошгоҳ қуёши уларни ёндирадиган даражада нур сочарди.
Эркак «Мен егулик учун ишлашга розиман» деб ёзилган картон қоғозни ушлаб олган. Аёл шундоқ ёнгинасида. У светофорнинг қизил чироғига тўхтаган ҳар бир автомобилга термилиб қарарди. Икки ёшлардаги гўдак эса ўтлоқ устида ўтирган кўйи бир қўли йўқ қўғирчоқни ўйнар эди. Мен бу манзарага қизил чироқ яшил рангга алмашгунгача бўлган ўттиз сония ичида гувоҳ бўлдим.
Уларга бир неча доллар бергим келди, аммо бундай қилсам, сут ва нонга пулим қолмасди. Тўрт доллар ана шу маҳсулотларга етарди, холос. Яшил чироқ ёнганида бу учовлонга сўнгги бор қарадим ва икки томонлама айбдорлик ҳисси (чунки ёрдам беролмадим) ва умидсизлик ила (пулим камлиги туфайли улар билан баҳам кўролмадим) газни босдим.
Аммо йўл мобайнида миямда чуқур ўрнашиб қолган бу уч нафар инсоннинг қиёфасидан қутулолмадим. Ёш йигит ва оиласининг ғамгин кўзлари менга асло тинчлик бермасди. Бошқа чидаб бўлмасди. Мен уларнинг дардини ҳис этган ва нимадир қилишим керак эди. Машинамни шартта бурдим ва орқага – уларни кўрган жойимга қайтдим.
Учовлонга яқинроқ бордим ва тўрт долларимдан икки долларини йигитга узатдим. У миннатдорчилик билдирар экан, кўзларида ёш ғилтиллади. Мен табассум қилиб, супермаркет сари йўлимни давом эттирдим. Сотувда нон ҳам, сут ҳам бўлса керак, деб ўйладим. Фақат нонни ёки сутнинг ўзини сотиб олсам-чи? Шундай қиламан.
Автомобилимни тўхташ жойига олиб кирар эканман, ҳалиги учовлонга қилган эҳсоним ҳақида яна ўйлай бошладим. Тўғри иш қилганим учун кайфиятим кўтарилган эди.
Машинадан тушаётиб, сирпаниб кетиб қарадим: асфальт устида йигирма долларлик пул ётарди. Ишонгим келмасди. Вужудимга титроқ кириб, пулни олдим ва дўконга югурдим. Нафақат нон ва сут, балки ўзимга ниҳоятда керакли бошқа маҳсулотларни ҳам сотиб олдим.
Мен бу воқеани бир умрга эслаб қолганман. У менга олам – ажиб ва жумбоқли эканлигини эслатарди. У менинг Коинот чексизлиги ҳақидаги эътиқодимни мустаҳкамлар эди. Мен икки доллар бердим ва эвазига йигирма доллар олдим.
Боя келган йўлдан ортимга қайтар эканман, ўша оч-наҳор оила ёнида тўхтадим ва яна беш долларни уларга узатдим.
Бу менинг ҳаётимдаги кўплаб ҳодисаларнинг фақат биттаси. Шундай тасаввур қоладики, биз қанча кўп берсак, янада кўп оламиз. Афтидан, бу энг мукаммал қонун бўлиб, шу тарзда янграйди: «Нимадир олишни истасангиз, аввал беришингиз керак».
Қуйидаги тўртлик бор:
Бор экан-да, йўқ экан, битта одам бор экан,
Бошқалар – ҳамма уни жинни, телба дер экан.
У эса индамасдан ўз иши-ла андармон:
Қанчалик кўп улашса, шу қадар бойир омон.
Биласизми, биз кўпинча беришга ҳеч нимамиз йўқлиги ҳақида ўйлаймиз. Ваҳоланки, яхшилаб қарасак, ўзимиз эгалик қиладиган озгина нарсани ҳам бошқалар билан бўлишиш мумкинлигига фаҳмимиз етади. Кўп пул топиш ва улашиш фурсати келишини кутиб ўтирманг. Камгина нарсани ҳам бўлишсангиз, олам хазинасини очган ва эзгулик уруғини қадаган бўласиз.
Менинг сўзларимга ишонмаслигингиз мумкин. Яхшиси, чин юракдан ҳадя қилинг, ана шунда натижалар сизни чинакамига ҳайратга солади. Биз кимга берсак, айнан ўшалардан қайтиб келмайди. У биз мутлақо ўйлаб ҳам кўрмаган манбадан келади. Шундай экан, бойлик сари ўз йўлингиздан кетинг.
Ушбу мукаммал тамойил тақдим этаётган имкониятдан фойдаланинг. Ўзингизга имконият беринг. Мукаммал тамойиллар тўхтамасдан ишлайди.
Юқоридаги тарихга мувофиқ равишда баъзан сизнинг сахийлигингизга жавоб жуда тез келади. Бошқа ҳолатларда эса кейинроқ. Нима бўлганда ҳам ишонинг: берганингизга нисбатан анча кўп оласиз.
Фақат бераётиб юракда оғриқ билан эмас, аксинча юракда лиммо-лим миннатдорчилик ила ҳадя қилинг. Ҳаммаси қай тарзда рўй берганини кўриб, завқ-шавқ туясиз. Ўзингиздаги оз нарсани ҳам бериб, ҳаётингизга кириб келажак бойлик дарвозасини очинг. Буюк Ўқитувчи айтганидек: «Беринг ва сизга қайтади». Буни синаб кўринг. Сизга ёқади.
Акбар Фатҳуллаев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди