21:57 / 11.06.2024
204

Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатганларга жиноят иши қўзғатилди

Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатганларга жиноят иши қўзғатилди
Фото: ИИБ ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқларда Ҳисорак сув омбори билан боғлиқ ҳолат ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 10 июн куни баъзи фуқаролар ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон ахборот тарқатган.

Улар одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 244 прим 6-моддаси (Ёлғон хабар тарқатиш) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 2024 йил 10 июн куни ижтимоий тармоқларда Ҳисорак сув омбори ёрилгани ва ундан катта сув оқиб кетаётгани ҳақида хабарлар берилди. Шундан сўнг сув омбори яқинидаги аҳоли масканларида яшовчилар ваҳимага тушиб уйларни тарк эта бошлагани ҳақида видео тарқалди.

Кўп ўтмай Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти ФВБ бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича видеомурожаат йўллади.

Улар ўз мурожаатида аҳолидан ваҳимага тушмасликни, ҳаммаси назорат остида эканлигини, ҳеч қандай жиддий хавф йўқлигини, ёлғон хабарларга ишонмасликни таъкидлашди.

Шунингдек, аҳолидан ўз яшаш жойларини тарк этмаслик, аксинча ҳамма ўз яшаш уйида қолиб, тунни сокин ўтказишларини сўрашди.

Бугун 11 июн куни Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев Ҳисорак сув омбори қуйи қисмидан туриб баёнот берди ва у ерда ҳеч қандай фавқулодда вазият содир бўлмагани, шу сабаб хавотирга ўрин йўқлигини айтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатганларга жиноят иши қўзғатилди