Тошкентда автобуслар ҳаракатига вақтинча ўзгартириш киритилди

Тошкент шаҳрида Шаҳрисабз кўчасида автобуслар учун махсус йўлак — BRT қурилиши сабабли бешта автобус йўналишининг ҳаракати вақтинча ўзгартирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қурилиш ишлари муносабати билан Шаҳрисабз ва Истиқбол кўчалари кесишмасида чапга бурилиш вақтинча чекланган.
Шу сабабли, 2, 26, 37, 68 ва 93-сонли автобусларнинг шаҳар марказидан ҳаракатланиши бир томонлама тартибда Шаҳрисабз, Махтумқули ва С. Азимов кўчалари орқали ташкил этилган.

Бош бошқарма маълумотига кўра, мазкур ҳудудда транспорт оқими ортиши ва тирбандликлар юзага келиши мумкин. Бу эса автобусларнинг қатнов оралиғи узайишига олиб келиши эҳтимоли бор. Шунингдек, вазиятга қараб, йўналишларга қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Йўловчилардан сафарларини олдиндан режалаштириш ва эҳтимолий кечикишларни ҳисобга олиш сўралган.






























Изоҳлар 0
…