
Фото: Олий суд
Бугун жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судида К. Дусовга (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг раиси Ш. Эшимов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга оид лингвистик экспертиза хулосаси, ёзувлар скриншоти ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд ҳукмига мувофиқ К. Дусов Жиноят кодекснинг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан фуқаро М. Эшимқуловга, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари билан фуқаролар О. Камолова ва Ш. Ҳасановага оид айблов эпизодлари бўйича ифодаланган жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан оқланди.
К. Дусов 4 нафар жабрланувчига (Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъуллари Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суярова) Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а” банди ва 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси, 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Мазкур жиноят иши бўйича манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжудлиги тушунтирилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.
Маълумот учун:
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан К. Дусов Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан маҳкум К. Дусовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар